Фан ҳақида. Аспирантнинг қайдлари

Фан ҳақида. Аспирантнинг қайдлари

Бугунги кунда Ўзбекистон фани қай аҳволда? Агар бюджет томонидан ажратилаётган маблағларнинг ҳаммаси мақсадли сарфланганида биз анча олдинлаб кетган бўлардик, деб айтишим мумкин. Сўзимизни ҳозир докторлик ва номзодлик диссертацияларининг кўпчилиги плагиат деб тан олинаётганидан бошлайлик, бу миллий таълим тизимимизнинг бутун илмий-тадқиқот соҳаси учун шармандалик. Бу нега юз бермоқда, нега одамлар бировнинг меҳнатини ўзиники қилиб кўрсатяпти ва копи-паст, яъни нусха кўчириб босишдан ҳам тап тортмаяпти?

 
Жавоби оддий – ҳаммасига пул айбдор. Молиялаштириш йўқ экан, фан ҳам жойида туради, молиялаштириш бўлганида ҳам, фан жойида туради, чунки Ўзбекистонда маблағ ўз эгасигача камдан-кам ҳолатларда етиб боради. Олимларнинг кўпчилиги бундан шикоят қилади. Тадқиқотни ўтказиш учун маблағ керак. Бирортаям олим ўз маблағини кейинчалик умуман ҳеч кимга керак бўлмаслиги мумкин бўлган нарсаларга сарфлашни истамайди, аксарият ҳолларда эса Ўзбекистон олимларининг шахсий маблағиям йўқ. Шу боис олимларнинг кўпчилиги грант ёки шахсий инвестицияларни излайди. Фанда сарфланган маблағларнинг ҳаммасиям дивидендлар кўринишида қайтавермайди.    
 
Бюджет маблағлари ва инвестицияларини ким ва қай тарзда сарфлаши менга номаълум, бу прокуратура ва бошқа органларнинг иши. Бу ботқоққа қадам босмай қўя қолайлик. Яхшиси ундаги “оролчалар”ни ўрганамиз.
 
Биринчи оролча. Кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши
 
Кадрларнинг мамлакатдан чиқиб кетиши ҳозирги Ўзбекистон фанининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади. Бизнинг истеъдодли олимларимиз ўз юртини фақат севимли иши билан шуғулланиш учунгина тарк этишга мажбур бўлаётир. Ўзбекистонда ҳеч қандай истиқбол йўқ. Хорижда олимларимиз йирик халқаро лойиҳаларда ишлайди ва бизникига қараганда ақл бовар қилмас даражада катта маош олади. Шу сабабли улардан бирортаси ҳаммасини ташлаб ўз ватанига қайтишни хоҳлаб қолиши даргумон. Anhor.uz сайтида чоп этилган мақолалардан бирида ижодкор инсонларнинг мамлакатдан чиқиб кетиш сабаблари тавсифланган эди. Лекин юртимизни нафақат ижодий касб эгалари, балки мамлакатимизнинг “мияси” бўлган инсонлар ҳам тарк этмоқда. Шу боис янги технологияларга асосланган бирор-бир ишлаб чиқариш аксарият ҳолларда бизга ташқаридан келишига ҳайрон қолмасаям бўлади.   
 
Ўзбекистон ёш истеъдодли олимларга эҳтиёж сезмоқда, бироқ ҳозирча улар учун илмий-техникавий, ташкилий ва моддий база яратилмаган. Олимларда янги ғоялар туғилиши учун ҳамкасблари билан баҳс-мунозара, тортишувлар бўлиши керак. Мамлакатимиздаги олимларнинг аксариятида бундай имконият мавжуд эмас. Мана шунинг учун ҳам ёш олимлар мудом хориж грантларини излайди, топганидан кейин эса жўнаб кетади ва ўша ерда қолади. Шу тариқа олимнинг таълимига маблағ сарфлаган, уни ўстирган давлат буни бошқа мамлакатни ривожлантириш учун қилган бўлиб чиқади. Олимларни ватанпарварлик руҳи йўқлигида айблаш мумкин, аммо улар яхшироқ меҳнат шароитларини излаб кетаётганини ҳам ҳамма яхши тушунади.    
 
Иккинчи оролча. Ёшларда фан ва тадқиқотларга қизиқиш йўқ
 
Бугун ким бўлишни истайсан деган саволга, масалан, “микропроцессорли тизимлар муҳандиси” ёки “вирусолог” бўлишни хоҳлайман деб жавоб берадиган ўсмирни топиш қийин. Ҳамма катта пул келтирадиган муҳахассисликка ўқишни истайди. Ёки кўп ҳолларда коллежда фақат ҳужжат учунгина ўқийди, кейинчалик эса уларнинг жуда кам қисмигина мутахассислиги бўйича ишлайди. Биз сўровдан ўтказган респондентларнинг 20% университетга фақат диплом олиш учунгина кирганини ва келажакда ўз ҳаётини олган касби билан боғлаш нияти йўқлигини маълум қилди. Ҳозир кўчаларда бир талай “дипломли” такси ҳайдовчиларини, бозорчиларни ва меҳнат муҳожирларини кўриш мумкин.  
 
Фан билан шуғулланадиганлар эса кўп ҳолларда бу ҳақда билдирмасликка ҳаракат қилади. Бугун фан билан шуғулланиш обрў эмас, бунинг устига фойда ҳам келтирмайди ва иложиям йўқ. Университетларда илмий-амалий база, зарур ускуналар ва жиҳозлар мавжуд эмас. Маблағларнинг аксарияти уларнинг фаолиятини назорат қиладиганларнинг чўнтагига қараб оқади.
 
Яқинда юртимиздаги техника олий ўқув юртларидан бирида таҳсил олаётган талаба компьютерлаштирилган микроскопни йиғишга муваффақ бўлди. Маълум бўлишича, компьютерли микроскоплар ғояси унчалик янги бўлмай, ундан аллақачон турли ишлаб чиқарувчилар фойдаланар экан. Ҳеч қандай кашфиёт ва ихтиро ҳақида сўз ҳам йўқ эди, шунчаки йигитларда оддий ускуналар бўлмаган, шу боис ҳам улар мўъжизавий микроскопни йиғишга муваффақ бўлган.
 
«Биз велосипед ихтиро қилиш ҳақида ўйлаганимиз ҳам йўқ, шунчаки тадқиқотлар учун кенгайтирилган функцияларга эга ва нархи хорижлик ишлаб чиқарувчиларникидан арзонроқ кучли микроскоп керак эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, вилоятдан келган талабада зарур ускунани сотиб олиш учун ортиқча минг доллар қайданам бўлсин», – дейди ёш тадқиқотчи.
 
Йигитлар схемани ғарблик ҳамкасбларидан ўзлаштириб олган. Бир нечта синовлардан кейин талабаларимиз яратган асбоб функционали хорижда чиқарилган худди шундай ишланмаларникидан анча кенгроқ бўлиб чиқди. Креатив лаборатория дастурий платформасидан фойдаланиш ишлаш учун мўлжалланган асбоблар ассортиментини сезиларли даражада кенгайтириш имконини берди. Энди микроскоп микроорганизмларнинг ривожланиш динамикасини санага боғлаган ҳолда мустақил равишда кузатиб бориши, файлларни олим ёки лаборантнинг электрон почтасига жўнатиши мумкин. Йигирма ёшли йигитлар агрономия ва қишлоқ хўжалигида қўлланадиган йод-бром-магнийли концентрат устида ишламоқда. Негадир менда бир-икки йилдан кейин улар университетни тамомлагандан сўнг молиялаштириш муаммоларига дуч келиб, олимларга муносабат яхшироқ бўлган, фан билан шуғулланиш обрў ҳисобланган мамлакатларни излай бошлайди, деган фикр туғиляпти. Топишадиям…       
 
Учинчи оролча. Ғояларни сотишдаги қийинчиликлар
 
Ўзбекистонда ҳар йили инновацион ишланмалар ярмаркаси ўтказилади, бироқ амалда ишланмалар унчалик ҳам янги эмаслиги маълум бўлади – бу бир, инновацияларни бизнинг бозорда сотишнинг эса деярли иложи йўқ – бу икки. Мана, масалан, олимимиз ОИВга қарши курашувчи нанороботларни ишлаб чиқди дейлик, мамлакатимизда уларга талаб бўлмаслиги ҳақиқатга яқинроқ. У билан хорижий университетлар қизиқиши ҳамда олимни ҳам, ишланмани ҳам олиб қўйиши аниқ. Университет олимга асбоб-ускуна ва шароит яратиб бергани учунгина ишланмани университетнинг мулки сифатида тақдим этишини эса, айтиш ортиқча бўлса керак. Олим ҳам ўз ватанига қайтмаслигига ишончингиз комил бўлаверсин.   
 
Ҳа, юртимизда ўз ҳаётини фанга ва давлатга хизмат қилишга бағишлаган олимлар, Ўзбекистон Фанлар академиясининг хизмат кўрсатган аъзолари бор. Биз улар билан фахрланамиз. Бироқ бу ришта узилмасмикин, фарзандларимиз бугун Ўзбекистонда ишлаётган олимлар билан фахрланармикан…
 
Эжен Ким,
Anhor.uz учун махсус

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.