Ҳайдовчи, ҳушёр бўлинг камера!
Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг самарадорлигини ошириш мақсадида, ИИВ Жамоат хавфсизлиги Департаменти автобуслар учун ажратилган А йўлаклар ва тўхташ қоидаларини назорат қилишни кучайтирмоқда. Маълумотларга кўра, пойтахтда енгил автомобиллар томонидан А йўлаклар ва бекатлардан нотўғри фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди. Бунга жавобан, махсус кузатув камераларидан фойдаланиш орқали 2000 га яқин қоидабузарлик аниқланиб, жарималар расмийлаштирилган.
Жорий йил бошида пойтахтга биринчи босқичда 30 та камера ўрнатилган бўлса, иккинчи босқичда яна 30 та камера қўшилган. Бугунги кунда биринчи босқичда ўрнатилган камералар фаол ишламоқда, қолганлари эса интеграция жараёнида. Умумий ҳисобда, пойтахт бўйича 300 та кузатув камералар ўрнатиш режалаштирилган.
Автобусларда мавжуд ички ва ташқи камералар ёрдамидан қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш лойиҳаси. Бу лойиҳа маълум вақт аввал кўриб чиқилган эди. Яъни ушбу камералар, автотранспорт ҳаракатини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини берибгина қолмасдан, қоидабузарликларни аниқлашда яхши самара беради. Кўплаб автобус ҳайдовчилари билан суҳбатларда енгил автомобил ҳайдовчилари томонидан А йўлакларда тўхтаб турилиши натижасида юзага келаётган муаммоларни таъкидлаб, бу ҳолатни ҳал қилиш зарурлигини билдирган. Аммо бу лойиҳа маълум сабабларга кўра амалга ошмай, тўхтатиб қўйилган эди.
Муаммони яхшироқ ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Фурқат, Нукус ва Беруний шоҳ кўчаларида ўрнатилган камералар орқали ўтказилган кузатувлар шуни кўрсатдики, енгил автомобил ҳайдовчилари ўрнатилган камераларга ҳам эътибор бермай йўл қоидаларини ўта қўпол тарзда бузиб келмоқда. Кўпинча А йўлакларда тўхтаб, бекатларга кириш ва чиқиш йўлларини тўсиб ва ҳатто йўлакларда икки қатор бўлиб тўхтаб турган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Бу ҳолатлар автобус ҳайдовчиларининг иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг норози кайфиятда, аҳолини масъулиятга, ҳайдовчиларни тартиб қоидага амал қилишга чақириш кераклиги, зарур бўлса жавобгарликни ошириш кераклигини билдирмоқда.
Муаллиф: Илҳомжон Собиров
Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар