«Қайси биридан ҳарид қиласиз? Бизда маҳсулотларнинг тури кўп.» Тамаки махсулотларининг контрабандасини ким назорат қилади

Источник: Anhor.uz

«Қайси биридан ҳарид қиласиз? Бизда маҳсулотларнинг тури кўп. Айниқса арзонлари ва энг сифатлилари. Ҳатто қонуний йўллар орқали кириб келаётган маҳсулотлардан ҳам сифатли. Ишонасизми, мана бу акциз маркасига эга сигаретни истеъмол қилганингизда у қадар бир эҳтиёжингиз қолмаслиги мумкин. Бироқ биз, таклиф этаётган маҳсулотларни олсангиз, ошиғингиз олча, савдойингиз эса, юриб кетади». Ушбу гаплар бизники эмас. Бу Қўйлиқдаги «Компас» савдо маркази ортидаги маҳаллада жойлашган ноқонуний сигарет маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи опахонларнинг гапларидан бири.

Тамаки истеъмоли инсон саломатлиги учун зарарли. Буни барча билади, аммо, чекувчилар сони ҳанузгача кам эмас. Иккинчидан, тамаки махсулотига бозорда талаб юқори, бюджетга ҳам, ишлаб чиқарувчиларга ҳам катта фойда келтиради. Шундай вазиятда бирдан-бир тўғри йўл – ишлаб чиқарувчилар, экспорт ва импорт қилувчилар, олиб сотувчилар фаолиятини имкон қадар қонунийлаштириш ва тартибга солишдир. Бугун эса, қанча харакат ва харажат қилинмасин, мамлакатимизга тамаки ва бошқа қатор махсулотларнинг ноқонуний кириши, хали хануз давом этмоқда.

Божхона қўмитасининг ахборотига кўра, 2022 йилнинг 6 ойи давомида Ўзбекистон божхона органлари томонидан жами 4,9 миллиард сўмлик 514 минг қути сигарет мусодара қилинган. 119 та контрабанда ҳолати бўйича 44 та жиноят иши қўзғатилган, 136 та иш маъмурий судда кўрилган, 11 та ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аслини олганда ҳукумат қарорига кўра, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, маркировкаланмаган филтрли сигарет махсулотларини мамлакатимизда сотиш тақиқланган. Бироқ, савдо хали хануз авж палладалигини Божхона органлари берган маълумотдан хам билишимиз мумкин.

Бу борада, амалдаги қонун хужжатлари қанчалик самарали ишламоқда, юридик нуқтаи назардан контрабанда ва контрафакт махсулотлари айланмаси қачон тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида ҳуқуқшунос Мадина Турсуновага савол бердик.

– “Умуман олганда тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича савдо қоидалари алоҳида белгиланган. Ундан ташқари уларни мамлакатга олиб кириш масалалари, ҳуқуқий масалалари айнан божхона кодекси билан тартибга солинади. Бу дегани, улар албатта божхона органлари томонидан расмийлаштирилиб, керакли бўлган акциз маркалари билан белгиланади. Ундан ташқари, Ўзбекистонда ҳозирги кунда рақамли маркировка кучга кирди. Ҳар бир қонуний йўл билан олиб кирилган ёки қонуний йўл билан ишлаб чиқарилган тамаки ва алкоголь маҳсулотида давлат томонидан тасдиқланган акциз маркаси ёки QR-код кўринишидаги рақамли маркировка бўлиши керак. Бундан ташқари савдо расталарида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлиқга зарар келтириши тўғрисида белгилар ҳам бўлиши керак. Бу нарса мажбурият. Ундан ташқари, биламизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари фақат 20 ёшга тўлган фуқароларга сотилиши мумкин. Шунинг учун агарда қандайдир бир савдо расталарида тамаки ва алкоголь маҳсулотлари акциз белгиларисиз ёки рақамли маркировкасиз сотилаётган бўлса, бу аниқ ноқонуний йўллар билан кириб келган контрабанда маҳсулотлари ёки ноқонуний ишлаб чиқарилган маҳсулот”, дейди патент вакили, ҳуқушунос Мадина Турсунова.

Биз фуқаролар билан сухбатлашганимизда, айримлари акциз марка нимаю, рақамли маркировкалаш тизими нима эканлигини билмаслиги маълум бўлди.

Юқорида таъкидланганидек, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари соғлиқ учун зарарли бўлган одатларга асосланган товар ҳисобланади, бироқ шундан фойдаланиб катта фойда олиш мумкин. Айнан шу омил сабабли кўп давлатлар тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва истеъмол қилиш учун турли хил солиқларнинг юқори ставкаларини белгилайди.

Одатда кўча савдогарлари, яъни майда савдо субъектлари сотувчилари томонидан харидорларга кўп холларда контрабанда ва контрафакт махсулотларини таклиф қилиш, сотиш холатлари мавжуд. Бу жараёнларни Солиқ қонунчилиги қандай қилиб тартибга солиши мумкинлиги ҳақида биз, такроран Мадина Турсуновага мурожаат қилдик.

– «Умуман олганда ушбу ҳолатни, бозордаги вазиятни асосий назорат қилувчи орган ҳозирги кунда солиқ органлари. Чунки айнан чакана савдо қоидалари, чакана савдога риоя этиш бўйича ҳатти-ҳаракатларни айнан солиқ органлари назорат қилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар битта бозорда уларга тегишли бўлимлар бор. Шунингдек, майда чўйда озиқ-овқат сотиладиган магазинларни назорат этиш мажбурияти ҳам солиқ органларига юклатилган. Бу ерда ҳозирги кунда умуман олганда икки томонлама бир ҳатти-ҳаракатлар бўляпти. Бир томондан албатта, бизда ҳозирги кунда тадбиркорларни ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларнининг фаолиятини енгиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бу ишлар, албатта, қонунчиликга зид равишда бўлиши мумкин эмас. Тадбиркор биринчи навбатда ўзини фаолиятини қонуний равишда олиб боришга мажбур. Биринчи мажбуриятлар келади, кейин эса ҳуқуқ, манфаатлар ҳамда енгилликлар қўлланилади. Агарда айнан мана шу тамаки ва алкоголь маҳсулотларни сотишдаги қонунбузарликлар кўпайса, бу албатта истеъмолчиларга ҳам таъсир қилади. Ундан ташқари ҳозирги кунда тамаки маҳсулотлари оддий озиқ-овқат магазинларида сотилишини нотўғри деб ҳисоблайман. Бутун дунё ҳозир бошқача амалиётга ўтган – тамаки маҳсулотлари алоҳида магазинларда сотилади. У озиқ-овқатларга ёки бошқа қандайдир маҳсулотларга қўшилмайди. Чунки уни сотишнинг тартиблари бўлади, тамаки маҳсулотини сотиш учун руҳсчатнома олиш даркор. Масалан ҳозир алкоголь маҳсулотларини сотиш учун албатта рухсатнома бўлиши керак”, дейди патент вакили, ҳуқушунос Мадина Турсунова.

Контрабанда иқтисодиётга ҳам жиддий зарар етказади, тамаки маҳсулотларини солиққа тортиш тизимига путур етказади, сигаретанинг ўртача нархини пасайтиради ва кам таъминланган аҳоли ва ёшлар учун чекишни осон қилади. Контрабанда ижтимоий аҳамиятга эга соҳалар – соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни молиялаштиришнинг муҳим манбаи бўлган давлат бюджети даромадларини эса камайтиради.

Буларга нисбатан қонуний чоралар, қонуний жавобгарликлар негадир етиб келмаган, бугун солиқ идоралари ҳам, прокуратура ҳам қонунчиликдаги барча мана шу йўналишга масъул ташкилотлар ҳам кўзини секингина юмиб, ўзларини кўрмаганга солмоқда. Буларни биров тирикчилик дейди, бошқаси эътибога арзимайдиган, кичкина муаммо дейди.

Бироқ, биринчидан, ҳар қандай тирикчилик қонун доирасида бўлиши керак, бўлмаса у харом даромад ҳисобланади. Иккинчидан, қонунбузарликка бир марта кўз юмиб ўтган, бир мартта харом луқма еган шу ярамас одатга аста секин ўрганиб қолади… Давлат иқтисодиётининг емирилиши шундай ишлардан бошланади, аслида.

Қонуний, демак ҳалол даромад, ҳалол савдо давлатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшади. Ноқонунийси эса, хароми – айрим, харом еб ўрганганларнинг чўнтакларини қаппайтиради ҳолос.

Бобур Каримов,

Айсулу Турдигалиева

www.anhor.uz журналистлари

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.