Депутатлик сўровига “Андижонча жавоб”ми?: Ким, кимни алдамоқда
Халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов, ўзининг телеграмдаги “Soyadagi siyosatchilar” каналида, “Бу пулга ўрмонча сотиб олса бўлса керак” мазмунида пост жойлаштирди. Унда, Президент томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида бюджет очиқлигини таъминлашга қаратилган амалий ишлар жадаллашаётганлигини, бу борада жамоатчиликнинг ҳаракатлари муҳим деб ҳисобланишини ёзмоқда. Шулардан келиб чиқиб, Андижон шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига депутат сўровини юборган. Натижадан, депутатлар ҳайратда эканини кўришимиз мумкин.
“Депутат сўровимизга Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2023 йилда экилган манзарали ва игна баргли дарахтлар тўғрисида тақдим эътилган маълумотда бор йўғи 99 миллион 855 минг 000 сўмлик дарахтлар экилганлигини иддао қилган эди”, – дейилади хабарда.
Махсус порталдан олинган маълумотларга кўра Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан декоратив ўсимликлар қаламчалари “Черенки декоративных растений” кўчатларининг 1 (бир) донасини салкам 700.000.000 ( етти юз миллион) сўмдан сотиб олишган экан, деб ёзяпти Жиянов.
“Ха, адашмасдан тўғри ўқидингиз. Бу бўйича тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқланган хужжатлар бизда мавжуд”, – деб қўшимча қилган у.
Хабарга кўра;
Декоратив ўсимликлар қаламчалари “Черенки декоративных растений” кўчатларининг 1 (бир) донасини 598,700,000 сўмдан “ЯТТ TAXIROV ABDULVOXID VASILOVICH”дан сотиб олинган. Яна 1 (бир) донасини 698,650,000 сўмга “ЯТТ NASIRDINOVA MUXAYYOXON ODILJON QIZI”дан, учинчи 1 (бир) донасини эса 698,700,000 сўмга “GULLAR VA LANDSHAFT” МЧЖдан сотиб олинганини кўришимиз мумкин.
“Афсуски, Андижон шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан 2023 йилда экилган манзарали ва игна баргли дарахтлар тўғрисида тақдим эътилган маълумотларда юқоридаги декоратив ўсимликлар қаламчалари “Черенки декоративных растений” кўчатлари тўғрисида маълумот келтирилмаган”, – дейилади хабарда.
Унинг қўшимча қилишича, “ҳуллас битта ташкилот давлат бюджети маблағларидан 3 (уч) дона қаламчаларни 2 млрдга сотиб олсая. Тўғриси “ишлам калламе” қолди! Қалам эмас қаламча. Бу пулга ўрмонча сотиб олса бўлса керак”.
Хабар юзасидан, собиқ депутат, Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам ўз муносабатини билдирган.
“Давлат бюджетида тақчилликлар кузатилаётган вақтда бюджет ҳисобидан уч дона кўчатни 2 млрд сўмга сотиб олиш қайси мантиққа тўғри келади? Ё рақамлар хато кетганми? Балки масъуллар бу ишга қизиқиб кўришар”, – деган Кушербаев.
Шунингдек, депутат Жаҳонгир Жиянов “Ёлғонлар шаҳрида ёлғонлар давом этади!” сарлавҳали яна бир пост қолдирган, ушбу хабар ҳам айни Андижон шаҳар ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармасига алоқадар.
“Ҳабарингиз бор каналимизда “Тўрт миллиард сўм аҳмоқни оғзидек гап бўпқопти!” сарлавҳаси остида аввалроқ пост жойлагандик. Расмийлар расмий баёнот беришга негадур шошилишмаяпти. Ҳа майли!”, – дейилган Жияновнинг хабарида.
Бу гал ҳам Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутатлари Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармасига “Ободонлаштириш бошқармасининг 2023 йилдаги ҳақиқий харажатлари тўғрисида маълумот” сўраб депутат сўровини юборишади.
“Сўровимизга ободонлаштириш бошқармаси 2023 йилда жами 52 млрд 730 млн 447 минг 000 сўм давлат бюджетидан ҳаражат қилганлигини билдирди”, – деб ёзган депутат.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор, ҳудди шундай депутатлик сўрови яна икки ташкилотга ҳам юборилган. Улардан бири, Андижон шаҳар Иқтисодиёт ва молия бўлими. Улар томонидан Ободонлаштириш бошқармаси 2023 йилда жами 54 657 647 000 сўм давлат бюджетидан ҳаражат қилганлигини билдирган бўлса, иккинчи ташкилот, Андижон шаҳар Ғазначилик хизмати шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг ҳақиқий харажатлари 2023 йилда жами 56 948 159 000 сўмни ташкил қилганини билдирган.
Учта давлат ташкилоти, уч ҳил рақамлар, 4 млрд сўмдан зиёд маблағ ўртада “сарсон”.
“Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси 2023 йилда давлат бюджетидан қанча ҳаражат қилган. Кимнинг берган маълумотини тўғри деб билайлик. Учта ташкилотнинг бир ҳил мазмундаги жавоб хатида уч ҳили рақамлар, орадаги фарқ камида тўрт миллиард сўмдан зиёд, ноаниқликлар келтирилаётгани бизга жуда ҳам қизиқ. Нега бундай нотўғри ва ноаниқ, бир биридан фарқ қиладиган маълумот беришмоқда. Кимга ишонишни ҳам билмайсан. Айрим ташкилотларнинг мансабдор шаҳслари билимсизми ёки атайлаб депутатга ёлғон маълумот беришмоқдами била туриб, бу бўйича учта ташкилот жавоб хатига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига тегишли тартибда мурожаат йўллаймиз”, – деб ёзган андижонлик депутат.
Юқоридаги ҳолатга эътибор қаратган Anhor.uz нашри, Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят прокуратурасига мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришини сўраб “Ахборот сўрови”ни юборди. Натижалари бўйича қўшимча материал эълон қиламиз.
Шарҳлар