Замонавий архитектура қандай бўлиши керак?
Тошкентда Me’mor//2021 II Архитектура танлови ўтказилмоқда
Унда архитекторлар келажак ҳақида фикр юритади, баҳслашади ва тажрибалари билан ўртоқлашади. Кўчмас мулк сотиб олишни режалаштираётганлар эса соҳадаги тенденциялар ва ривожланишни тушуниш ва, албатта, бу борада адашмаслик учун ушбу мулоқотга қўшилганлари маъқул.
Режали иқтисодиёт
Айнан у, бир хил архитектура тўпламидан фойдаланган ва битта модулни чексиз такрорлаган ҳолда, бутун бир шаҳарларни лойиҳалаштириш ва барпо этиш имконини берди, шу боис ҳам совет даврида қурилган шаҳарларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди. Тез, сифатли, арзон ва унчалик кўркам эмас. Аммо совет кишиси ички жиҳатларни биринчи ўринга қўйиши керак эди. Бу меъморий безаклари ҳаддан ташқари зиёда бўлган подшо саройларига қарши равишда барпо этилган, коммунизм бунёдкорлари учун мўлжалланган бир хил ва мустаҳкам тураржойлар эди. Бу кўримсиз қутилар узоқ вақт давомида кўп сонли одамлар учун уй бўлиб хизмат қилди.
Кейин қайта қуриш бошланди, ундан кейин эса – бозор. У тақдим этган биринчи нарса – бу танлаш имконияти эди. Одамлар дўконда беришганини эмас, балки ўзинг хоҳлаган нарсани харид қилиш имконияти ажойиб нарса эканини англади. Бу ўзгаришлар архитектура соҳасига ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади, масалан, шаҳар ташқарисида ўзларига саройлар қуриш «янги руслар»нинг дастлабки иши бўлди. Архитекторлик катта талабга эга ва катта пул тўланадиган касбга айланди.
Тўғри, кейин саройлар ноқулай ва қиммат экани, шаҳарга етиб олиш ҳам қийинлиги маълум бўлди. шунда девелоперлар шаҳар ичида элита уй-жойларини, қизиқарли кўп қаватли меъморий ечимларни таклиф қила бошлашди. Бироқ танлаш имконияти юртдошларимизнинг онгини заҳарлади – энди улар уйни ўзига хос қилиш учун деворларни буза бошлашди. Шу пайтдан бошлаб қурилиш соҳасида эркин режалаштириш тушунчаси, метр квадратларни шунчаки ўзинг хоҳлагандай қилиб бўлиш имконияти пайдо бўлди. Бу қурилишни арзонлаштирди, таъмирлаш ишларини осон қилди. Шунингдек, у узоқ йилларга қурилиш компанияларининг реклама шиорига ҳам айланди.
Хилма-хиллик – бу капитализм юзага чиқарган биринчи истак.
Темир девор қулади, энди у хусусий тартибда намоён бўла бошлади.
Шаҳарлардан жамоат ҳудудини тортиб ола бошлашди. Аввалига биринчи қаватлардаги барча деразаларга панжаралар ўрнатилди, бунисига чидаса бўларди. Кейин тўсиқ деворлар қура бошлашди. Буниси энди жамоатчилик ерларини тортиб олишга айланди. Тўсиқ деворларни ҳамма жойга ўрнатиб ташлашди – идоралар атрофига ҳам, кўп қаватли ҳовлиларнинг атрофига ҳам, бу нарса шаҳарни эркин юриб бўлмайдиган нохайрихоҳ ҳудудга айлантирди. Жуда катта майдонни эгаллаётган машиналар ҳақида эса гапирмасаям бўлади. Машина ўзи нима? Бу хусусий ҳудуд, у камида уч метр квадрат ерни эгаллайди. Агар уни уй ёнига қўйиб қўйсангиз, умумий майдоннинг ушбу бўлагини бемалол “ейишингиз” мумкин.
Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Европада ҳам уйларга қараганда машиналар сони кўпайиб кетганди. Машиналар кўчалардан техник майдон сифатида фойдалана бошлаганди, бу ҳолат шаҳарларнинг мафтункорлиги йўқолишига олиб келди. Барселонада Олимпиада ўйинлари ўтказилиши арафасида архитекторларнинг олдига шаҳарни яхшилаш вазифаси қўйилди. Бироқ ҳамма жойни хусусий мулк эгаллаб олган бир пайтда шаҳарни қандай қилиб яхшилаш мумкин, бунинг устига давлатнинг хусусий уйларни таъмирлаши ғалати иш бўларди…
Шунда мутахассислар майдонларнинг ташқи кўринишини яхшилашни, жамоатчилик ҳудудини ободонлаштиришни бошлади. Кўчаларни бўшатиш учун ҳар бир майдон ёнида машиналар учун тураргоҳлар барпо этилди. Ушбу майдонлар атрофидаги уйларнинг нархи дарров ошиб кетди, энди одамларнинг ўзлари уйларининг нархини кўтариш учун уларни таъмирлай бошлади. Мана шу оддий ечим Барселонани дунёнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айлантиришга ёрдам берди.
Яхши шаҳар – бу жуда мураккаб, кўп қиррали тушунча бўлиб, уни амалга оширишда ҳукуматдан тортиб, то қурилиш компанияларигача бўлган барча манфаатдор шахслар қатнашиши керак.
90-йилларда яшил зоналарни парковкаларга айлантириш бошланди, бу ҳам шаҳарларнинг кўркамлигига путур етказди. Машиналар шаҳарнинг ташқи кўринишини ва экологияни бузади. Аммо энг ёмони эски архитектура намуналарининг бузилиши бўлди. Албатта, бу капитализмгача МДҲ ҳудудида ҳам бўлган, у пайтда мамлакат раҳбарияти ҳам, аҳоли ҳам кенг янги уйлар эскисидан кўра яхшироқ деб ҳисоблаган. Аммо капитализмда бунга яна очкўзлик ҳам қўшилди, чунки эски уйлар шаҳарнинг энг яхши жойларида қад кўтарганди.
Масалан, АҚШда қурилиш авжига чиққан даврда кўплаб шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтган, одамлар ўз шаҳарларининг тарихи ва ноёб қиёфаси билан видолашишга тайёр эмасди. Одамлар ноқулайлиги кам бўлса-да, ўзлари ўрганган одатий архитектура муҳитида яшашни афзал кўрарди.
Айтиш жоизки, оммавий арзон уй-жой ғояси жуда тез орада ўз жозибасини йўқотди. Чунки ижтимоий даражаси паст бир хил одамлар тўпланадиган арзон уйлардан иборат мавзеларни қуриш мақсадга мувофиқ эмас – бу ижтимоий муаммолар билан якунланади.
Нега арзон уйлар – бу жуда ёмон?
Ўтган асрнинг 70-йилларидаёқ архитекторлар арзон уйлардан иборат бутун бир мавзеларни қуриш катта хато эканини англаб етишганди. Бу уйлардаги квартиралар аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига бериларди ёки уларни жуда паст нархда сотиб олишарди. Шунга мос равишда уйларнинг сифати ҳам паст эди. Гўёки омадсизларни бир ҳудудга тўплашгандай. Бу уйлар тезда ёмон аҳволга келиши ҳақида гапирмаса ҳам бўлади, чунки уларни ҳеч ким таъмирлашни истамасди, бунга имкони ҳам йўқ эди. Қашшоқлик юқумли бўлади дейишади, у биноларга тезроқ юқади.
Аваллари гўштни қандай харид қилганимиз эсингиздами? Олдироқ келганларга энг яхши бўлаклар насиб қилган, кечикканларга эса суяги қолган.
Бозор мол сотишни тўғри маркетинг меъёрига келтирди. Энди гўшт бўлакларга ажратилади – энг сараси, қиммати, арзони ва жуда арзони. Гўшти алоҳида, ёғи ва суяклари алоҳида… шу тарзда ҳар ким ҳамёнига тўғри келадиганини харид қилади.
Уйлар билан ҳам худди шундай. Арзон ечимларни кўзда тутмаган ҳолда фақат қиммат уйлардан иборат мавзени қуриш яхшимас, бироқ бутун бир мавзени арзон ва сифатсиз уйлардан барпо этиш – ундан ҳам ёмон. Бошқача қилиб айтганда архитектура муаммоси ижтимоий муаммо олдида ҳеч гапмас.
Яна сигирга қайтамиз – уй ҳам сара «бўлаклар» ва унча қиммат бўлмаган гўштдан иборат ўша сигирнинг ўзи. Сиз яхши уйда арзон квартирани сотиб оласиз, у кичкина, нуфузли қаватда жойлашмаган, унда қўшимча қулайликлар йўқ. Аммо вақт ўтиб, уни ҳаётни эндигина бошлаган кейинги авлодларга сотасиз, ўзингиз эса яхшироқ жойни харид қиласиз. Одатда бу одамлар ипотекани охиригача тўлаб бўлиб, ортиқча маблағларга эга бўла бошлаганида содир бўлади.
Арзон мавзедаги сифатсиз уйда арзон квартира – бу кўп ҳолларда маблағларнинг кўкка совурилиши, унга маблағ йўналтиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш зарур. Архитекторлар ва девелоперлар эса ўзларининг яхши, сифатли мавзеларини «сигир тамойили» бўйича сотгани маъқул. Шаҳар ҳар йили қайта қурилмаса, у чангга эмас, балки дарахтзорлар билан қопланса – буни барқарор қурилиш дейишади. Ундан ҳамма фойда кўради.
Барқарор қурилиш – меъморчилик бўйича танловларнинг мақсади. Бизда бамаъни меъморлар қанча кўп бўлса, шаҳарлар ҳам ҳаёт учун шунчалик мафтункор ва қулай бўлади.
Шарҳлар