Асли тошкентлик Россия президенти бўлишга интилмоқда. Борис Надеждин ўзи ким

Надеждин
Фото: t.me/BorisNadezhdin

Борис Надеждиннинг исми оммавий ахборот воситаларида тобора кўпроқ тилга олинмоқда. Бунга унинг Россия президенти сайловларида номзод сифатида қатнашишга қарор қилгани сабаб бўлган. Бироқ, Борис Надеждин 1963 йилда Тошкентда туғилгани ва олти ёшигача шу ерда яшаганини ҳамма ҳам билмайди.

Надеждинлар Ўзбекистонга шу оиланинг барча беш авлоди эркаклари каби Борис номини олган бастакор ва ўқитувчи бобоси туфайли келган. 30-чи йиллар бошида мусиқа маданиятини ривожлантириш мақсадида Тошкентга юборилади. Қайд этилишича, у “…миллий кадрлар тарбияси масаласига жуда чуқур ва нозик ёндашган, бу масалага қандайдир ҳайратланарли даражада эҳтиёткорлик ва сезгир ёндашган, ҳар доим ўқувчиларда касбий ижодга қизиқиш уйғотишни билган”.

Набиранинг сўзларига кўра, унинг қариндоши шарафига Тошкентда ёдгорлик ўрнатилган ва мактабга ҳам номи берилган. Унинг онаси томонидан бошқа бобоси – фронт аскари Владимир Беленкийнинг тақдири ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ эди. Сиёсатчи уни энг яқин одам деб атайди.

Тошкентдаги болалик ҳақида

“… Бу менинг ватаним – Тошкентда туғилганман ва болалигимнинг бир қисмини шу ерда ўтказганимдан ташқари, Тошкентда онам ва отам томонидаги ота-боболаримнинг уч авлоди яшаган.

…Тошкентда менинг барча боболарим ва бувиларим, деярли барча ундан ҳам олдинги икки-уч авлодларим дафн этилган… Мен бир неча йилда камида бир марта уларнинг қабрларини зиёрат қилишга, тозалашга, шунингдек, улар билан боғлиқ жойларни зиёрат қилишга ҳаракат қиламан, – дейди Борис Надеждин.

Лирик эмас, балки физик

60-йилларнинг охирларида физика ва математикага иштиёқли бўлган Борис Надеждиннинг отаси оиласини Долгопруднийга кўчирди ва у ерда Физика ва техника институтига ўқишга кирди.

«Ўшандан бери менинг болалик хотираларим физтехнинг ётоқхонаси билан боғлиқ. Мен амалда физтехда туғилмаган бўлсамда, лекин яшаганман», – деб эслайди сиёсатчи.

Ёшлигида Надеждин виолончел синфида қатнашган, лекин бобоси орқали мусиқий йўлини давом эттирмаган, балки илм-фан йўлини танлаган. Мактабдан сўнг у Москва физика-техника институтига (МФТИ) ўқишга кирди ва уни 1985 йилда аълочи сифатида тугатди. Кейинчалик у номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олди, кейин 1993 йилда Москва юридик институтининг қизил дипломини ҳам олди. Кейинги йили у МФТИга дарс беришга таклиф қилинди ва у эрда ҳуқуқ кафедрасини ташкил қилди ва 2016 йилгача уни бошқарди.

Сиёсатдаги парвоз ва қулашлари

1990 йилда Борис Надеждин Долгопрудний шаҳар халқ депутатлари кенгашига сайланди. Ўшанда у 27 ёшда эди ва сайловдаги муваффақиятини сайловчилар билан ҳалоллиги ва бевосита очиқ мулоқот қилиши билан боғлайди.

Ҳаёти давомида Надеждин бир нечта партиялар билан ишлаган. 1995 йилда у «Россия бирлиги ва келишуви» партиясидан Давлат Думасига депутат бўлишга ҳаракат қилди, аммо сайлана олмади. Тўрт йил ўтгач, у яна уриниб кўрди ва муваффақиятга эришди.

Кейин у Сергей Кириенконинг «Янги кучлар» ҳаракатининг сиёсий кенгашига қўшилди, кейинчалик у ҳаракат «Ўнг кучлар иттифоқи» партиясининг бир қисмига айланди. Унинг доирасида Надеждин учинчи чақириқ Давлат Думаси депутати бўлди.

1997 йилда у аллақачон Борис Немтсовнинг маслаҳатчиси бўлган ва бир йилдан кейин у Бош вазир Сергей Кириенконинг ёрдамчиси лавозимини эгаллаган.

2003 йилда Надеждин Давлат Думасига бўлиб ўтган сайловларда мағлубиятга учради ва сиёсий фаолиятдан вақтинча истеъфога чиқди. У икки йилдан сўнг ЮКОС компаниясининг собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийнинг Давлат Думаси депутатлик мандатига номзодини қўллаб-қувватловчи ташаббус гуруҳи таркибида қайтди.

2008 йилда Надеждин тадбиркор Михаил Прохоров бошчилигидаги ўнг марказчи «Правое дело» (Ўнг иш») партиясига қўшилди. Бироқ, бир йил ўтгач, жанжал кўтарилди: партия Москва мери Юрий Лужковнинг Москва ва Москва вилоятининг режалаштирилган бирлашуви билан боғлиқ ҳаракатларини танқид қилган материални нашр этди.

Надеждин Лужковнинг ҳаракатларини Лужковнинг рафиқаси Элена Батурина бошчилигидаги Интеко инвестиция ва қурилиш корпорацияси манфаатлари билан боғлади. У, ўз навбатида, партия ва Надеждинга қарши ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун судга даъво киритди ва суд мер томонида бўлиб, айбланувчиларга раддия эълон қилиш ва товон тўлаш мажбуриятини юклади.

2011 йилда Надеждин «Правое дело» партиясини тарк этди ва буни Алексей Кудрин билан янги партия яратишда иштирок этиш истаги билан изоҳлади. 2012 йилда сиёсатчи сайловлар тозалигини кузатиш истагини билдирган ҳолда Владимир Путин штаб-квартирасидан президентлик сайловларида кузатувчилардан бирига ва “Справедливая Россия” (Адолатли Россия) етакчиси Сергей Мироновнинг ишончли вакилига айланди.

Тўрт йил ўтгач, Надеждин «Единая Россия» партияси ичидаги праймеризда қатнашди ва Ирина Роднинага ютқазди. У 2021 йилда “Справедливая Россия”  партиясидан Давлат Думасига номзодини илгари сурганида ҳам унга ютқазган.

2023 йилда Надеждин «Гражданская инициатива» (Фуқаролик ташаббуси) партиясидан Москва вилояти губернатори сайлови учун номзод сифатида рўйхатдан ўтишга ҳаракат қилди, аммо муниципал депутатлардан керакли миқдордаги имзони тўплай олмади.

2024 йилги сайловларга ҳаракат

2023 йилда муваффақиятсизликка учраганидан сўнг, у: «Менга Москва вилояти губернатори бўлишга рухсат берилмагани учун, мен бориб, сизга байрам қиламан – номзодимни президентликка қўяман!»- деган баёнот билан чиқди.

Эвгений Ройзман, Алексей Венедиктов ва Дмитрий Муратов каби бошқа таниқли шахслар сайловда қатнашишдан бош тортганидан сўнг, Надеждин иштирок этишга тайёрлигини билдирган ягона номзод бўлиб қолди.

У аввалроқ Ксения Собчак номзодини қўйган “Гражданская инициатива” (Фуқаролар ташаббуси) партиясига қўшилган. У 1,68 фоиз овоз олди. Надеждин у билан (Собчак), шунингдек, Михаил Прохоров билан таққослашни рад этиб, уларнинг нуқтаи назарларида катта фарқ борлигини таъкидлади.

Унинг қарорини Максим Кац, Михаил Ходорковский, Алексей Навалний, Георгий Албуров, Любов Собол ва Иван Жданов каби турли мухолифат вакиллари қўллаб-қувватлади. Бундан ташқари, Россиянинг турли шаҳарларида ва хорижда Надеждинни қўллаб-қувватловчи петицияга имзо чекишни хоҳловчилар навбатлари шаклланган.

Шунга қарамай, Россия президенти матбуот котиби Кремл Надеждинни амалдаги давлат раҳбари учун жиддий рақобатчи деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Айни пайтда жамоат арбоблари Бош прокуратурага Надеждинни чет эл агенти сифатида тан олиш илтимоси билан мурожаат қилишди.

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи Борис Надеждиннинг имзо варақаларидаги камчиликларни аниқлагани маълум бўлди.

«Сиз ва мен барча тириклардан кўра тирикмиз», деди у Марказий сайлов комиссиясининг «ўлик жонлар» (сохта шахслар) ҳақидаги баёнотига.

60 дан ортиқ босмахоналар Борис Надеждиннинг тарғибот газетасини чоп этишдан бош тортган, унинг жамоаси эса 2,5 миллион нусхада газета чиқаришни режалаштирган.

5-феврал куни Марказий сайлов комиссияси сиёсатчи Борис Надеждин имзоларида 15 фоизи нуқсонли эканлигини аниқлаганини маълум қилди. Марказий сайлов комиссияси ҳозирча текширув натижаларини расман эълон қилгани йўқ. Қарор 8 феврал куни қабул қилиниши кутилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.