Босма нашрлар Президент Администрациясига “уй-рўзғор буюмлари улгуржи савдоси” билан шуғилланувчи МЧЖ томонидан етказилган

Газеты
Фото: uztag.info

Anhor.uz таҳририяти Давлат ҳаридлари порталидаги шартномалар таҳлили давомида Узбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тўғридан тўғри шартнома имзоланган ҳужжатни учратди. Унда администрация 2023 йил учун 17 номдаги жами 680 дона газета ва журналларни харид қилиш бўйича “KALEON INFORM” МЧЖ билан келишувни имзолаган. (Харид қилиниши белгиланган даврий нашрлар рўйхати қуйида келтириб ўтилган)

Июнь ойида KALEON INFORM  МЧЖ билан имзоланган тўғридан-тўғри шартнома суммаси 383 655 348.00 сўмни ташкил қилади.  Мазкур жамиятнинг таъсисчиси сифатида Диляром Юсупова кўрсатиб ўтилган. Компаниянинг устав фонди 254 000 000,00 сўм бўлиб, амалга ошираётган фаолият тури сифатида “уй-рўзғор буюмлари улгуржи савдоси” кўрсатилган. Бу ҳолат эса қизиқ. Қандай қилиб уй-рўзғор буюмлари улгуржи савдоси билан шуғилланувчи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига 2023 йил учун 17 номдаги жами 680 дона газета ва журналларни етказиб бериш учун Ўзбекистон Республикасининг 684 сонли Қонуни 71 моддаси 3 банди асос сифатида кўрсатилиб имзоланган. Бироқ, ушбу Қонуннинг 2 бандига зид ҳолда тўғридан-тўғри шартнома қилишни уддалаган.

Қонунчиликка эътибор қаратамиз.

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги 684 сонли Қонуни 71 моддасида “Тўғридан-тўғри шартномалар бўйича давлат харидларини амалга ошириш тартиби” кўрсатиб ўтилган. Унинг 3- бандига кўра эса “Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича амалга ошириладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) давлат хариди” деб ёзилган.

Президентнинг ПҚ-3953 қарорининг иловасининг 16 бандида эса “Даврий нашрлар (газеталар, журналлар)га, шу жумладан уларнинг электрон вариантларига обуна бўлиш” назарда тутилган. 

Юқоридагиларда келиб чиқилса, харид тўғри амалга оширилганку дейилиши мумкин, аммо, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги 684 сонли Қонуни 71 моддаси 2 -бандида “Ягона етказиб берувчилар реестрига киритилган ягона етказиб берувчи билан давлат харидини амалга ошириш учун рухсат этилган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) давлат хариди”гагина рухсат берилган. 

Бу ерда эса қонунчилик бузилганининг аломатларини кўриш мумкин.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Orginfo.uz сайти маълумотларига мувофиқ  “KALEON INFORM” МЧЖнинг иккита таъсисчиси бўлиб, улардан бири Квак Василий Леонидович, иккинчиси Юсупова Дилфуза Алишeровна кўрсатилган. Ташкилот Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан шартнома қилган ҳужжатдаги Диляром Юсупова ҳақида эса “KALEON INFORM” МЧЖнинг таъсисчилари орасида исми келтириб ўтилмаган. 

Юқорида шартнома имзолаган ва xarid.uzex.uz сайти маълумотларида исми келтирилган Диляром Юсупова ким? Берилган ИНН рақамлари ва исм, фамилия орқали қидирувда ҳам бу шахс ҳақида маълумотларни топишнинг имкони бўлмади.

Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани Сайрам кўчаси, 41-уйда жойлашган уй-рўзғор буюмлари улгуржи савдоси билан шуғилланувчи  “KALEON INFORM” МЧЖ ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси 2023 йил учун газета ва журналларни етказиб бериш бўйича шартнома тўғридан-тўғри имзоланишида қонун ва президент қарори талаблари бузилганлигининг аломатлари мавжуд.

Бироқ, бу ҳолатга қонуний баҳо бериш бизнинг ваколатимизга кирмаслиги сабабли таҳририят Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига ахборот сўровини юборди. Жавоб хати келгач, у бўйича қўшимча маълумот тақдим қиламиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.