Божхона: ўтган 9 ойда 73 миллиард сўмлик тамаки қўлга олинган
Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигида тамаки маҳсулотларини бевосита реклама қилиш ҳамда билвосита рекламанинг ҳам баъзи бир турлари тақиқланган. Аммо, шунга қарамай, айнан таъқиқланган соҳадан даромад олишни кўзлаётганлар қонунчиликдаги айрим заиф жойлардан уддабуронлик билан фойдаланмоқда.
Олиб борилаётган сай ҳаракатларга қарамасдан ҳануз бозорлар, савдо шахобчалари ва майда савдо нуқталарида контрабанда йўллар орқали кириб келаётган тамаки махсулотлари савдоси давом этаётганлиги ачинарли. Anhor.uz бу борада қатор журналистик суриштирувларни тайёрлаб ўз ўқувчиларига тақдим этган. Бироқ бу борада назорат органларининг фаоллиги бироз сезилмай турибди.
Уддабурон тадбиркорларнинг кўзи ҳали хануз очилмаётганлиги, ноқонуний йўллардан воз кечиб, қонуний йўлни танлашамаётганлиги ажабланарли. Нега деганда, божхона органларининг кунда кун ора ноқонуний тамакилар божхонада қўлга олинаётганлиги, миллион, миллиард сўмлик тамакилар ёқилаётгани хақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Бироқ, хеч нарса ўзгармаяпти, тадбиркорларимиз қўлга тушмайман деб ўйлаб, катта миқдорда тамаки ва бошқа қонун хужжатларида тақиқланган воситаларни олиб ўтишга уринишларининг гувоҳи бўляпмиз.
Аниқ маълумотлар олиш мақсадида Божхона қўмитасига юборган ахборот сўровимизга берилган жавобга аҳамият қаратилса, Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона органлари томонидан жами 189 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланиб, умумий қиймати 73 млрд. 703 млн. сўмни ташкил этувчи, 4 млн. 686 минг 612 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилганлигини билишимиз мумкин.
“Жумладан, Божхона органлари томонидан тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши тизимли тарзда олиб борилаётган ишлар натижасида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Болдир” темир йўл чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган темир йўл поезди таркибидаги вагонлардан бири белгиланган тартибда божхона назоратида ўтказилади. Натижада, ушбу вагонда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 12 млрд. 771 млн. сўмлик 851 460 қути “Еsse Change” номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланди”, – дейди Нурбек Саломов, Божхона қўмитаси матбуот хизмати рахбари.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постининг “кириш” автопавильонига қўшни давлатдан Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун кириб келган фуқаро Р.У. бошқарувидаги автотранспорт воситаси божхона назоратидан ўтказилганда автотранспорт воситасининг ёқилғи баки ички томонига яширилган ҳамда акциз маркаси билан маркаланмаган умумий қиймати 51 млн. сўмлик жами 2040 қути “ESSE СHANGE” номли сигарет маҳсулотлари қўлга олинади.
Яна бир ҳолатда, “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда холда кириб келган фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, 130 кути хорижда ишлаб чиқарилган “PARLIAMENT” ёзувли тамаки маҳсулотларини олиб ўтаётганлиги аниқланади.
Хусусан, Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ходимлари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Чилонзор туманида тезкор тадбир амалга оширилди.
Унда фуқаро бошқарувидаги «Дамас» русумли транспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, у ерда хорижда ишлаб чиқарилган, Ўзбекистон акциз маркаси билан маркаланмаган 4 500 қути тамаки маҳсулоти ортилганлиги маълум бўлади. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу тумандаги хонадонлардан бири кўздан кечирилганида, хонадон эгалари томонидан бу ерда «яма» сифатида сақланиб келинган жами 135 820 қути тамаки маҳсулотлари борлиги фош бўлади.
Натижада ўтказилган тезкор тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари ҳамда рақамли маркировка кодлари билан маркаланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган қиймати 1 млрд. 824 млн. сўмлик 30 турдаги 140 минг 320 қути тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлигини Божхона қўмитасининг бизга юборган жавобида айтилган.
Юқоридаги холатлар чин маънода кишини ўйлантириб қўяди. Мисқоллаб йиғаётган маблағларини ҳавога осонгина учуриб юборишнинг нима кераги бор. Шуни, қонуний йўллар орқали амалга оширса бўлмайдими.
Таҳририятимиз бу борада яқин икки йил давомида доимий равишда контрабанданинг аянчли холларга олиб келиши бўйича кўп бор ўз материалларини эълон қилиб, унда экспертлар, ҳуқуқшунослар фикрларини ҳам улашган.
Шу ўринда эътибор қаратилса, Қонунчиликка кўра, тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:
➖БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда (66 млн сўмдан 132 млн сўмгача) жарима;
➖3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
➖2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;
➖5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
✅ Шунингдек, мазкур ҳаракатлар қуйидаги ҳолатда содир этилган бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади:
🔹жуда кўп миқдорда;
🔹уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб.
Огоҳ бўлинг, Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди…
Шарҳлар