Бухорода нималар бўлмоқда: Ҳоким UNESCO розилигисиз “бир дона ҳам миҳ қоқ”масликка ваъда берганди, эндичи?

Бухорода этнографик туризм паркини барпо этиш масалаларига бағишлаб 31-январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов сўз олиб, кейинги йилларда мамлакатнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Бухорода ҳам кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, шунингдек, вилоятда аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг фаровонлигини таъминлаш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий самараларини бераётганини алоҳида таъкидлаганди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш, таълим, тиббиёт ва бошқа йўналишларида амалга оширилган ислоҳотлар ҳам инсон қадру-қимматини улуғлашга, одамларнинг муносиб турмуш кечиришга қаратилгани эътироф этилганди. 

Бу ишлар айни кунда бошланди. Ҳокимят UNESCOдан розилик олганми? Айни пайтда бошланган қурилишлар бўйича.

Бухорода бошланган “снос”ларга маҳаллий аҳоли, мамлакатдаги фаоллар, блогерлар, депутату, ОАВлар ўз муносабатларини беришни бошлашди. Бу қанчалик тарихий қиёфани сақлаб қолишда ўз таъсирини кўрсатади. Нашримиз тармоқларда портлаётган муносабатлардан айримларини бир ерга тўплади.

Бухородаги сайёхлик маркази қурилишига қарши бўлаётган фуқаролар 13 январь куни “Потребитель Бухара плюс” телеграм канали орқали вилоят аҳолисининг президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаатини эълон қилди. 

“10 январь куни бизга келган хабар ҳаммани шок ҳолатига туширди. Бизга хабар бердиларки, мана шу чиройли, ҳашаматли “Бухоро” спорт мажмуаси ўрнига худди Самарқанд шаҳридагидай туристик марказни қуриш кимга керак бўлибди? Бу ерда шунча спортчилар шуғулланади. Ҳар куни 1200 бола келиб шуғулланади. 50 га яқин мураббийлар болалар билан шуғулланяпти. Кунига 1200 бола шуғулланса, улардан ташқари Миллий гвардия, Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари нормативларни шу ерда топширадилар”, – деган мурожаатдагилардан бири.

Журналист ва блогер Муҳрим Аъзамхўжаев телеграмдаги саҳифасида қуйидагича ёзмоқда.

“Бухоро марказида бир дунё иморатларни бузиб, ўрнига ясама тарихий шаҳарча қурмоқчи бўлаётганлар – Бухоронинг ҳам, Ўзбекистоннинг ҳам душманлари. Албатта, бу душманлар кун тартибида ўзбекистонликларни рози қилиш, ўзбекистонликлардан розилик олиш деган масала йўқ. Камига UNESCOни ҳам рози қилишмабди. Ваҳоланки, ЮНЕСКО кўрсатган ҳурмат-эътибор (уни ўзининг Бутунжаҳон мероси рўйхатига қабул қилгани) – Бухоронинг қийматини ошириб турган нарсалардан бири”, – дейди Муҳрим.

Унинг қўшимча қилишича, “Бир тарафда давлат хизматчилари UNESCOнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатидаги Ўзбекистонга алоқадор объектларни кўпайтиришга уриниш билан овора – неча минг йиллик қўрғону қалъаларни, бетакрор табиий маконларни халқаро ташкилотнинг у ёки бу рўйхатларига киритиш учун жон олиб, жон беради. Бошқа тарафда эса ичимиздаги душманлар UNESCO рўйхатларидаги энг катта жавоҳирларимиз ҳудудида зараркунандалик қилади.

10 йилча аввал Шаҳрисабзни реставрация эмас, реконструкция қилиб ташлашганида, UNESCO уни ўз рўйхатидан чиқариб ташлаш билан таҳдид қилган, аммо охир-оқибат кўнгилчанлик қилганди. Чакки қилган ўшанда UNESCO – Шаҳрисабзнинг тарихийлигини йўқ қилган душманлар ўшанда муносиб жазоланганида эди, ҳозир, эҳтимол, тарихий шаҳарларимиздаги қурилишлар етти эмас, етти юз марта ўйланиб, кейин бошланган бўларди”, – дейилади унинг хабарида.

Унга кўра, “лекин ҳали ҳам кеч эмас. UNESCO энди жазоласин – ҳозир бўлаётган ишлар учун Бухорони ўз рўйхатидан чиқариб юборсин. Ичимиздаги душманларни тор-мор келтиришнинг бошқа чораси йўқ, назаримда”, – дея ўз фикрларини давом эттирган.

Телеграмдаги Bakiroo канали маъмури эса Бухородаги бузулишларни энергетика билан боғламоқда.

“Энергетикадаги шиширилган самарасиз лойиҳалар ва Бухоронинг бузилиши бир занжирнинг ҳалқалари. Мен тўғриси, билмайман, улар Ўзбекистон ва Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти Улуғ Бухоронинг душманларими ёки йўқми. Лекин Ишончим комилки, бузғунчилар бузиш жараёнидан худди босқинчилар каби лаззат олишмоқда. «Сингапурлик инвесторлар»нинг ўзбеклик ва ўзбекистонликка нафратини яширмаётгани биринчи марта эмас. Яна Ишончим комилки, Бухорода 2024 йил 26 февраль Тошкентда 2009 йил 13 ноябрда сквердаги дарахтларни кесишнинг бошланиши каби эсда қолади ва тарихга қора саҳифа бўлиб киради. 

Яна Ишончим комилки, яқин тарихимиздаги самарасиз ва зараркунанда лойиҳаларнинг ясама туристик марказлар қурилишига бевосита боғлиқлиги мавжуд ва бунда Бухоронинг бузилиши ҳам истисно эмас. Бу ҳалқалар ҳақидаги шармандали суриштирувлар чиқиши вақт масаласи холос.  

Ҳеч нарса унутилмайди”, – дея якунлаган ўз фикрларини.

Журналист Азиза Қурбонова телеграмдаги “Микрофон кўтарган аёл” каналида қуйидагича фикр қолдирган.

“Сўкиб юборгинг келади, ҳатто сўкинишни билмасанг ҳам. Бузаркансан, ақл билан ёндашларинг, бирор фойдали ишга ярасин, шулар ҳам халқнинг моддий бойликларику, аҳмоқлар!

Шу синдирилаётган ўриндиқлар, яна Бухорода бузилажак 29 та бинога қанча пул кетган. Тасаввурга ҳам сиғмаса керак. 

Нариёққа қарасанг, мактабларга, маҳаллаларга битта стадион қурдиролмай, одамлар мажбурликдан «Ташаббусли бюджет» га  овоз йиғиб юради”, – деган журналистчасига.

Шунингдек, Муҳрим ўз телеграм каналида обуначиларидан бири унга юборган мурожаатни ҳам эълон қилган.

“Бухоролик бир муштарий ёзибдилар: “Боғчада дейсизми, мактабдами дейсизми, ишдами, автобусдами, такси ёки дўконларда ҳам, қаерга қараманг – бухороликлар ҳамма жойда об-ҳаво ўрнига ҳам Бухоро марказида бўлаётган қурилиш ҳақида норозилик билан гапиряпти.

Ўз вақтида стадион ўрнида парк бўлган, ёшлигимизда кўп борардик, асфальт жойларига рангли бўрларда расмлар чизардик. Ўша паркнинг кириш аркаси ҳалигача сақланиб қолган.

Стадион бузилиши бошланганидан бери спортчиларимизда мотам. Югуриш бўйича республикада биринчиликларни эгаллаётган спортчиларимиз: “Чет элликлар жуда сифатли, қиммат югуриш йўлакчасини ётқизиб кетган, уни ҳеч ким олиб, бошқа жойга ўрнатолмайди ҳам, шунақа янгисини қилиб бермайди ҳам”, деб ачиняпти. Стадионда фақат футбол эмас, шахмат, бокс ва бошқа спорт турлари ҳам бор эди. Оддий халқ кириб, хоҳлаган пайти югурарди. Эссиз.

Стадион, бошқа бинолар ва дарахтларнинг сақлаб қолинишига ҳеч кимда умид қолмади. Ўзи дарахтларнинг кўпи секин-секин қуритилиб, чопиб ташланган. Энди қолгани ҳам тамом бўлади. Бошқа бинолар ва мактаб ҳақида гапирмай қўя қолай. Ўзимни худди 1920 йиллардаги Бухорода яшаётгандек ҳис қиляпман”.

Бухоро вилояти ҳокими иштирокида январь ойида ташкил этилган, юқорида тилга олинган матбуот анжуманида, вилоят ҳокими шундай фикрларни ҳам айтганди.

“— Бироқ бу ишлар етарлими, деган ҳақли савол туғилади. Албатта, йўқ. Битта рақамни мисол келтираман: Ҳозирда кўплаб ҳамюртларимиз хорижий давлатларда ишлаб юришибди. Тасаввур қилинг, агар бу одамларнинг ҳаммасини Ўзбекистонга, Бухорога қайтарсак, уларга муносиб иш топиб бера оламизми? Қандай қилиб бундай оилаларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаймиз? Бунинг учун бизга янги ташаббуслар, катта даромадли лойиҳалар керак. Шубҳасиз, бу борада имкониятларимиз етарли. Масалан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш орқали бу мақсадимизга бемалол эришишимиз мумкин”, – деганди ўшанда вилоят раҳбари.

Шунлардан келиб чиқиб, Бухоро шаҳрида туризм инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини муқим иш билан таъминлаш, уларнинг даромадини янада ошириш мақсадида ташаббускор фаоллар, депутатлар ва туризм соҳаси вакилларининг талаб ва истакларини эътиборга олиб, “Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки” лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва бу лойиҳа амалга оширилишини эълон қилинган. 

“Лойиҳага кўра, 32,6 гектар майдонда “Боқий Бухоро тарихий-этнографик парки” барпо этилади. Этнографик парк ҳудудида 23 гектар яшил зона (айни пайтдагига нисбатан 3 марта кўп) ташкил қилинади. Этнопарк ҳудудида жойлашган давлат объектлари бузиш ва ер участкасини бўшатиш шарти билан баҳоланиб, электрон аукцион савдолари орқали сотувга чиқарилади. Давлат объектлари учун “Bukhara City” ҳудудида янги маъмурий бинолар барпо этилиши кўзда тутилган”.

Бу масалаларга эътибор қаратган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бухоро вилоятидан сайланган депутати Умида Раҳмонова ҳар куни минглаб аҳоли, айниқса, болалар ва кексалар фойдаланадиган, 20 дан ортиқ спорт секциялари фаолият юритаётган спорт мажмуасининг бузилиши мумкинлиги ҳақида ўз фикрларини баён этган.

“Ҳаммага қадрдон бўлган жойда саёҳатчи ва айрим ажнабийлар учун шаҳарча қуришмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски,шаҳарда аҳолини соғломлаштириш ва югуриш йўлакчалари ҳали етарли эмас”, — деб ёзган у телеграмдаги каналида.

Депутат мамлакат раҳбари 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилсин, деган бир пайтда бу қарор қанчалар тўғри, деган саволни ўртага ташлаган.

“Қарор ва таклифларга тескари ишламайлик, ўзи шусиз ҳам охирги пайтда мана шундай ўлда- жўлда қарорлар ортидан ҳукуматга ишонч сўняпти. Бунга сабабчи бўлиш яхши эмас”, — деган Умида Раҳмонова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.