Иситилган овқат, транспортнинг йўқлиги, хавфли йўл – ярим йилдан сўнг

Фото: Бобур Каримов/Anhor.uz

2022 йил декабрь ойида Anhor.uz таҳририяти Тошкент вилоятининг Чилонзор тумани 6-кварталидан вақтинча Тошкент вилояти Зангиота туманига кўчирилган Республика ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги Ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси (ИЮКШ) ҳақида ёзган эди. Кўчишга беморларни қабул қилишга имкон бермаётган касалхона биносининг ҳолати сабабчи бўлган.

“10 йил аввал Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиниб ишга туширилган ИЮКШнинг иссиқлик ва канализация, водопровод  тизими капитал таъмирдан сўнг бор-йўғи ўн йил ичида бутунлай яроқсиз ҳолга келди”, – дейилади Anhor.uz материалида.

ИЮКШнинг “Зангиота-2” ихтисослашган шифохонасига ўтказилиши беморлар ва тиббиёт ходимлари учун шароитларни яхшиламади. Клиникани таъминловчи ошхона Чилонзордаги эски бинода қолган, шу боис овқатни ташиш ва иситиш керак.

Касалхонага ташиш клиника ходимлари ва беморлар учун катта муаммога айланган. Мунтазам автобус 40-60 дақиқалик танаффус билан соат 18:00 га қадар қатнайди, беморларни бориб кўриш ва тиббиёт ходимларининг кундузги сменаси соат 20:00 да тугайди. Бундан ташқари, автобус бекати ИЮКШдан 1 км масофада жойлашган. Қишда автобус бекатидан поликлиникагача бўлган йўл муз билан қопланади, шу боис жароҳат олиш хавфи мавжуд. Ҳамширалардан бири билан суҳбатда (суҳбатдошимиз исмини ошкор қилмасликни сўради) қишда бу йўлда икки ходим жароҳатланган, улардан бири ҳали ҳам уйида даволанаётгани маълум бўлди.

Олти ойдан сўнг

2023 йил июль ойида таҳририят ходимлари нималар ўзгарганини кўриш учун ИЮКШга ташриф буюрди.

Ошхона ҳамон Чилонзор туманидаги эски касалхона биносида жойлашган, бироқ 2023 йил апрель ойида раҳбар алмашиб, Йўлдошев Қахрамон Холдоровичнинг ўрнига Игамбердиев Бахром Нагматович келганидан сўнг клиниканинг кейтеринг компаниясини ўзгартирди, энди беморлар ва ходимларга овқат махсус термо-идишларда етказилмоқда, овқатни иситиш ҳам керак эмас. Беморлар ва ходимлар овқат сифатидан мамнун,  бу борада шикоятлари йўқ.

Бироқ транспорт муаммоси фақат июль ойида ҳал қилинди.

Июнь ойида ИЮКШга (“Зангиота-2”) борар эканмиз, йўлдошларимиз билан суҳбатлашдик, улар автобус жуда кам ҳаракатланиши ва касалхонагача етиб бормаслигини, таксилар қиммат эканлигини айтишди. Сергели 5-бекатидан ИЮКШгача такси нархини ўргандик. Такси нархи қарийб 4 километр масофага 20 минг сўмни ташкил қилди. ИЮКШга хусусий автомашиналарда ҳам бориш мумкин, унда нарх ҳар бир кишига 10-15 минг сўмдан тушиши маълум бўлди.

ИЮКШ бош шифокори Дилфуза Файзуллаеванинг сўзларига кўра, 2023 йил июль ойидан бошлаб “5-Бекат – Зангиота 1 – Зангиота 2” йўналиши бўйича еттита автобус қатнови йўлга қўйилган. Ҳозир автобуслар 15 дақиқалик интервал билан ҳаракатланяпти, улар  ИЮКШ дарвозасигача етиб боради.

Тор мутахассислар ва дори-дармонлар

Шу билан бирга бугунга қадар ИЮКШда тор мутахассислар етишмаслиги муаммоси ҳал этилмаган. ИЮКШда ҳамширалар доимий равишда ишлайди ва ультратовуш диагностикаси шифокори икки кунда бир марта келади. ИЮКШ бош шифокори буни клиниканинг юқумли касалликларга ихтисослашгани ва штатда тор мутахассислар йўқлиги билан изоҳлади:

“Юқумли касалликлар, шу жумладан ОИВ, иммунитет тизимига таъсир қилади ва сурункали касалликларнинг ножўя таъсирига ва уларнинг кучайишига олиб келади. Бундай ҳолларда беморлар мустақил равишда яшаш жойидаги поликлиникалар мутахассисларига мурожаат қилишлари керак”, — дейди Дилфуза Файзуллаева.

У яшаш жойидан ўн километр узоқда буни қандай амалга ошириш мумкинлигига аниқлик киритмади.

ИЮКШда жадал терапия бўлими йўқлиги сабабли оғир беморлар даволаниш учун қабул қилинмайди, улар бошқа ихтисослаштирилган шифохоналарга юборилади.

Клиника дори воситалари билан махсус рўйхат бўйича таъминланади, у ушбу рўйхатга киритилмаган дори воситаларини олиб киришга ҳақли эмас. Бошқа дори-дармонларга муҳтож бўлган беморлар уларни ўзлари билан олиб келишлари ёки шаҳарга, энг яқин дорихонага боришлари керак.

ИЮКШ Чилонзорга қайтадими

Беморлар ва ИЮКШ ходимлари томонидан берилган энг муҳим масала Чилонзордаги собиқ поликлиника ҳудудига қайтиш масаласи. ИЮКШ икки ярим йилдан бери эски поликлиникани таъмирлаш учун маблағ кутмоқда, маблағсиз Чилонзор туманидаги эски бинода таъмирлаш ишларини бошлаб бўлмайди.

Аввалроқ Anhor.uz материалида қуйидаги маълумотлар берилганди:

“Фармонда Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Республика ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги 40 ўринли Ихтисослаштирилган юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудида қўшимча бино қурилишини 2020 йилда бошлаб, 2022 йилда уни якунлаш ва зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, шунингдек Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ҳузуридаги клиника ҳудудида  реанимация, диагностика бўлимлари ва марказий омбор қурилиши  бўйича тўғридан-тўғри топшириқ берилган”.

“Биз янги жиҳозлар ва мебеллар сотиб олдик. Ҳозир ҳаммаси омборда ётибди. Ажратилган бюджет ИЮКШ ҳисобрақамига тушиши билан дарҳол таъмирлаш ишларини бошлаймиз ва клиника тез орада кўчирилади. Маблағ қачон тушиши эса маълум эмас”, — дейди Дилфуза Файзуллаева.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги таҳририят саволларига жавоб бермаяпти

2023 йил 12 июнь куни Anhor.uz Соғлиқни сақлаш вазирлигига қуйидаги саволлар билан сўров юборганди:

  1. “Зангиота-2” шифохонасида шифокорлар, ўрта тиббиёт ва кичик тиббиёт ходимларининг транспорт масаласи қандай ҳал қилинган? Логистиканинг ноқулайлиги, клиниканинг узоқлиги транспорт харажатлари ошиши сабабли шифокорлар, ўрта ва, айниқса, кичик тиббиёт ходимларининг шахсий фаровонлигига қандай таъсир кўрсатади?
  2. “Зангиота-2” ихтисослашган юқумли касалликлар шифохонасига беморлар қандай етиб боради?
  3. Тиббиёт ходимларининг иш сменаси соат 20:00 да тугаса-да, нега “Зангиота-2” клиникасига автобуслар ҳар қирқ дақиқада ва соат 19:00 гача қатнайди?
  4. Чилонзор, 6-мавзе, Дилобод маҳалласи, Қатортол кўчаси, 36-уйда жойлашган Республика ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги Ихтисослашган юқумли касалликлар шифохонасининг (кейинги ўринларда – Махсус клиника) иссиқлик тизимини таъмирлаш учун қанча маблағ ажратилди. 2019, 2020, 2021 йиллар бўйича тақсимот билан кўрсатишингизни сўраймиз.
  5. Чилонзор, 6-квартал, Дилобод маҳалласи, Қатортол кўчаси, 36-уйда жойлашган Республика ОИТСга қарши курашиш маркази (кейинги ўринларда – Махсус клиника) қошидаги юқумли касалликларга ихтисослашган клиникасида таъмирлаш ишлари қачон бошланади?
  6. «Зангиот-2» юқумли касалликлар шифохонасини Чилонзор, 6-квартал, Дилобод маҳалласи, Қатортол кўчаси, 36-уй манзилида жойлашган эски биносига қачон қайтариш режалаштирилмоқда?
  7. Нега “Зангиота-2” клиникасида тор мутахассислар йўқ, нега уларни фавқулодда вазиятда чақириб бўлмайди?
  8. Нима учун қишда ишга кетаётганда жароҳатланган тиббиёт ходимларига даволаниш харажатлари қопланмаган?
  9. Нега беморлар, зарурат бўлганида, «Зангиот-2» клиникасидан шаҳарга ўзлари шифокор қабулига боришга, шунингдек, ўзлари дори-дармонга боришга мажбур бўлмоқда?

Муаммоларнинг аксарияти уч йилдан бери ҳал этилмаётган бўлса-да, таҳририят бу саволларга ҳануз жавоб олмади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.