«Қўйлиқ»даги ноқонуний сигаретлар
Опа, шу ерда сигарет бозор бўларди?
Ҳа, хозир ҳам бор. Фақат, мана бу ҳовлини ичига кўчиб кирдик.
Каттароқ партияда олмоқчидим, кимдан олсам бўлади?
Қанақасидан керак бўлса, мана шу уйни ичидаги 4-дўконга кириб мени Ўғилой опа (исми ўзгартирилган) киритди деб айт.
Ҳўп, раҳмат. Ҳа айтгандай, “Милано”ни ҳамма туридан бора?
Укам, жа сергап экансан. Ҳамма сигаретларни энг арзони ва катта партияси мени дўконимда. (қўлида, “Эссе ченж” ва “Милано блуни” биттадан блокини кўтариб олиб, ҳаридорларини жалб қилишда давом этаётган савдогар опа): “Тезроқ кирақол энди, бошқа харидорларим билан ҳам гаплашишим керак”.
Ушбу савол-жавоб Қўйлиқ ҳудудидаги яширин равишда фаолият юритувчи контрабанда сигаретлар савдо нуқтасида бўлди.
Тамаки чекиш инсон саломатлиги учун зарарли. Буни барча билади, аммо, чекувчилар сони ҳанузгача кам эмас. Шу сабабдан, тамаки махсулотига бозорда талаб юқори, бюджетга ҳам, ишлаб чиқарувчиларга ҳам катта фойда келтиради. Шундай вазиятда бирдан-бир тўғри йўл – ишлаб чиқарувчилар, экспорт ва импорт қилувчилар, олиб сотувчилар фаолиятини имкон қадар қонунийлаштириш ва тартибга солишдир. Бугун эса, қанча харакат ва харажат қилинмасин, мамлакатимизга тамаки ва бошқа қатор махсулотларнинг ноқонуний кириши, хали хануз камайгани йўқ. Бу эса ҳам иқтисодиётга, ҳам инсонлар саломатлигига салбий таъсир ўтказмоқда.
Контрабанда маҳсулотларининг катта бозорларимизда очиқчасига юқори партиялардаги савдосидан то майда савдогарларнинг доналаб сотиш жараёнларигача бўлган ҳолатлар бир бирига узвий боғлиқликни кўрсатади.
Anhor.uz ўз суриштирувларида Тошкентнинг “Қўйлиқ”, Андижоннинг “Жаҳон бозори”, Наманганнинг “Сардоба бозори” каби катта савдо марказларида бўлиб, тамаки маҳсулотларининг контрабанда ва контрафактига оид материалларни мунтазам тақдим этмоқда. Журналистик суриштирувлар давомида хаттоки, уларнинг фаолиятига, ҳаётига таҳдид қилинган жараёнлар ҳам содир бўлди.
Эътиборимиз марказида эса яна бир бор “Қўйлиқ”даги контрабандага тўла тамаки махсулотлари бозори. Сезилган ўзгариш – ноқонуний савдо кўчадан ҳовлилар ичкарисига кўчганлиги. “Компас” савдо маркази ортидаги маҳаллада жойлашган яширин сигарет бозори савдогарлари йўл бўйидан ўз савдо нуқталарини сиз тасвирда кўриб турган ҳовли ичига кўчириб олишган. Энди улар “Esse”, “Esse change”, “Milano” каби контрабанда сигаретларни кўтариб олиб, савдо нуқталари яни ҳовли ичидаги хоналарга таклиф қилишмоқда.
Контрабанда махсулотларига қарши қурашувчи идоралар фаолияти жамоатчилик назорати сабаб сал жонлангандур, аммо, кўриб турганингиздек, савдогарлар ҳамон эркин тарзда контрабанда тамакиларни сотишмоқдалар.
Солиқ, Божхона идоралари ўз хисоботларида фалонча контрабанда қўлга олинди, мана бунчаси йўқ қилинди деган хисоботларни тақдим этишади. Эътиборли томони, ушбу маҳсулотлар қўлга олиниб, йўқ қилинаётган бўлса, улар контрабанда савдогарлари қўлига қаердан ўтиб келмоқда.
Anhor.uz интернет нашри Божхона қўмитасига ахборот сўрови юборди ва унга келган жавобда: “Божхона органлари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилаётганлиги айтилган. Хусусан, 2022 йил давомида божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган 681 минг қути, қиймати 6 млрд. 452 млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари, қиймати 1 млрд. 245 млн. сўмлик спиртли ичимликлар белгиланган тартибда йўқ қилинган бўлса, 2023 йилнинг 5 ойи давомида божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган 23,2 минг қути қиймати 344 млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари, 2,8 минг литр қиймати 273 млн. сўмлик спиртли ичимликлар белгиланган тартибда йўқ қилинган”, – деб ёзган.
Аслини олганда ҳукумат қарорига кўра, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб, маркировкаланмаган филтрли сигарет махсулотларини мамлакатимизда сотиш тақиқланган. Бироқ, савдо хали хануз авж палладалигини Божхона органлари берган маълумотдан хам билишимиз мумкин.
Бу борада, амалдаги қонун хужжатлари қанчалик самарали ишламоқда, юридик нуқтаи назардан контрабанда ва контрафакт махсулотлари айланмаси қачон тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида ҳуқуқшунос Мадина Турсуновага савол бердик.
– “Умуман олганда, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича савдо қоидалари алоҳида белгиланган. Ундан ташқари уларни мамлакатга олиб кириш масалалари, ҳуқуқий масалалари айнан божхона кодекси билан тартибга солинади. Бу дегани, улар албатта божхона органлари томонидан расмийлаштирилиб, керакли бўлган акциз маркалари билан белгиланади. Ундан ташқари, Ўзбекистонда ҳозирги кунда рақамли маркировка кучга кирди. Ҳар бир қонуний йўл билан олиб кирилган ёки қонуний йўл билан ишлаб чиқарилган тамаки ва алкоголь маҳсулотида давлат томонидан тасдиқланган акциз маркаси ёки QR-код кўринишидаги рақамли маркировка бўлиши керак. Бундан ташқари савдо расталарида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлиқга зарар келтириши тўғрисида белгилар ҳам бўлиши керак. Бу қонун талаби. Ундан ташқари, биламизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари фақат 20 ёшга тўлган фуқароларга сотилиши мумкин. Шунинг учун агарда қандайдир бир савдо расталарида тамаки ва алкоголь маҳсулотлари акциз белгиларисиз ёки рақамли маркировкасиз сотилаётган бўлса, бу аниқ ноқонуний йўллар билан кириб келган контрабанда маҳсулотлари ёки ноқонуний ишлаб чиқарилган маҳсулот”,– дейди ҳуқушунос Мадина Турсунова.
Биз фуқаролар билан сухбатлашганимизда, айримлари акциз марка нимаю, рақамли маркировкалаш тизими нима эканлигини билмаслиги маълум бўлди.
Юқорида таъкидланганидек, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари соғлиқ учун зарарли бўлган одатларга асосланган товар ҳисобланади, бироқ шундан фойдаланиб катта фойда олиш мумкин. Айнан шу омил сабабли кўп давлатлар тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва истеъмол қилиш учун турли хил солиқларнинг юқори ставкаларини белгилайди.
Навбатдаги манзилимиз, Чилонзор ва Ҳамид Олимжон метро бекатлари. Ушбу жойлар ҳам назорат органлари эътиборидан четда. Чилонзор метросидан чиқибоқ пешонангиз майда савдогарларнинг савдо расталарига урилади. У ерда хатто, тамаки клонтрабанда маҳсулотларини почкасидан очиб, доналаб сотаётган жараёнлар ҳам талай.
Ҳамид Олимжон метро бекатидан Акай ситий турар жой мажмуасига келишингизда йўлнинг қатнов қисми ёқасида ўзларига шинам жой қилиб олиб, очиқчасига контрабанда тамаки маҳсулотини сотиб ўтиришади. Ҳаммамиз тирикчиликни тушунамиз, лекин у ҳам қонун доирасида бўлиши даркор. Ушбу холатларга Солиқ органлари назоратчиларидан расмий муносабат кутиб қоламиз.
Бу жараёнларни Солиқ қонунчилиги қандай қилиб тартибга солиши мумкинлиги ҳақида биз, такроран Мадина Турсуновага мурожаат қилдик:
«Умуман олганда ушбу ҳолатни, бозордаги вазиятни асосий назорат қилувчи орган – солиқ органлари. Чунки айнан чакана савдо қоидалари, чакана савдога риоя этиш бўйича ҳатти-ҳаракатларни айнан солиқ органлари назорат қилиши керак. Шунинг учун ҳам ҳар битта бозорда уларга тегишли бўлимлар бор. Шунингдек, майда-чўйда озиқ-овқат сотиладиган магазинларни назорат этиш мажбурияти ҳам солиқ органларига юклатилган. Бир томондан албатта, бизда ҳозирги кунда тадбиркорларни ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, уларнининг фаолиятини енгиллаштириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бунга жавобан табиркорлик қонунчиликга зид бўлиши мумкин эмас. Тадбиркор ўз фаолиятини қонуний равишда олиб боришга мажбур. Олдин мажбуриятлар келади, кейин эса ҳуқуқ, манфаатлар ҳамда енгилликлар қўлланилади. Агарда айнан мана шу тамаки ва алкоголь маҳсулотларни сотишдаги қонунбузарликлар кўпайса, бу албатта истеъмолчиларга ҳам таъсир қилади. Ундан ташқари ҳозирги кунда тамаки маҳсулотлари оддий озиқ-овқат магазинларида сотилишини нотўғри деб ҳисоблайман. Бутун дунё ҳозир бошқача амалиётга ўтган – тамаки маҳсулотлари алоҳида дўконларда сотилади. У озиқ-овқатлар билан аралаш сотилмайди. Чунки тамаки маҳсулотини сотиш учун руҳсатнома олиш даркор. Масалан ҳозир алкоголь маҳсулотларини сотиш учун албатта рухсатнома бўлиши керак”, – дейди ҳуқушунос Мадина Турсунова.
Контрабанда иқтисодиётга ҳам жиддий зарар етказади, тамаки маҳсулотларини солиққа тортиш тизимига путур етказади, сигаретанинг ўртача нархини пасайтиради ва кам таъминланган аҳоли ва ёшлар учун чекишни осон қилади. Бундай қонунбузар сотувчиларга нисбатан қонуний чоралар, қонуний жавобгарликлар негадир етиб келмаган. Солиқ идоралари ҳам, прокуратура ҳам, барча мана шу йўналишга масъул ташкилотлар ўзларини кўрмаганга солгандай туюлади.
Наҳотки бу идоралар ижтимоий аҳамиятга эга соҳалар – соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни молиялаштиришнинг манбаи бўлган давлат бюджети даромадларини камайишини олдини олмаса. Давлат иқтисодиётининг емирилиши шундай бепарволик, лоқайдликдан бошланади, аслида.
Anhor.uz ўз ўрганишларини давом эттиради.
Шарҳлар