“Ёқса ол, бўлмаса жўна” – бухоролик ноқонуний тамаки сотувчилари
Истеъмол бозорида кўпинча озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, қурилиш материаллари, косметика, тамаки, спиртли ичимликлар ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда қалбакилаштирилган ҳолатда сотилаётган маҳсулотларни кўп учратамиз. Ташқи кўринишидан асл ва қалбаки маҳсулотлар ўртасидаги фарқ унчалик билинмайди. Истеъмолчилар эса унинг таркиби, ишлаб чиқариш технологияси бузилганини сезмайдилар ва сохта маҳсулотларнинг арзон нархлари уларни ўзига жалб қилади. Қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид солади.
Ўзбекистонга акциз солиғига тортилиши даркор бўлган муҳим товарлар контрабанда йўллари орқали импорт қилинмоқда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келиши ҳанузгача давом этаётган ҳолатлар кам эмас. Боз устига, божхонада расмийлаштирилмаган ва, демак, сифати кафолатланмаган қатор маҳсулотлар ва сигаретларнинг нафақат иқтисодиётга келтираётган зарари, балки инсон соғлиги учун хавфи анчагина юқори.
Божхона ва солиқ органлари тамаки ва қатор маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишининг олдини олишга қаратилган тезкор тадбирларни мунтазам амалга ошириб келишмоқда. Шунга қарамай, нафақат Тошкент бозорлари ва савдо нуқталарида, балки, вилоятларда ҳам ноқонуний тамаки савдоси авж олмоқда. Бу эса бозорларимизда рақамли маркаланмаган товарлар кўпайишига ва улар қайси йўллар орқали кириб келаётганлиги жамоатчиликнинг қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Anhor.uz таҳририятнинг сўровига жавоб юборган Божхона қўмитаси маълумотларига эътибор қаратилса жорий йилнинг ўткан 7 ойидаги ҳолат, ўтган йилдан бир мунча ортганлигини кўришимиз мумкин.
“Таъкидлаш жоизки, божхона органлари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2022 йил давомида божхона органлари томонидан ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган 681 минг қути, қиймати 6 млрд. 452 млн. сўмлик тамаки маҳсулотлари, қиймати 1 млрд. 245 млн. сўмлик спиртли ичимликлар белгиланган тартибда йўқ қилинган.
2023 йил 7 ойи давомида эса 50 млрд сўмлик- 2 млн 583 минг қути сигарет махсулотлари ҳуқуқбузарлик ашёси сифтида олинган”, – дейди Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломов.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилоятидаги бозор ва савдо шаҳобчалари фаолиятини ўргандик. Наманган, Андижон, Фарғона ва Қўқонга қилган сафарларимизда тажрибадан ўтганидек Бухорода ҳам озмунча қийинчиликларга учрадик. Бухоро шаҳридаги марказий улгуржи савдо бозори, эски шаҳар ҳудудидаги “Эшонхўжа” савдо шаҳобчаси, алкоголь ва аралаш моллар савдосига ихтисослашган “Ҳамид савдо файз инвест” МЧЖга қарашли савдо дўконлари ва бошқа савдо расталарида бўлган журналистимиз қонунчиликда таъқиқланган, аммо, ноқонуний йўллар билан кириб келган тамаки маҳсулотлари сотилаётганлигининг гувоҳи бўлган. Юқорида санаб ўтилган жойлардан бирида яъни, “Ҳамид савдо файз инвест” МЧЖга қарашли “СИМУРГ 001” савдо дўконидан ҳарид қилинган “ESSE special gold” ҳамда “MILANO tech lock” тамаки маҳсулотлари учун олинган назорат касса машина чекида эса, тамаки маҳсулотларининг ўрнига “PARLAMENT 0.7 L” сипиртли ичимлиги номи ёзиб тақдим этилган. Бу ҳолатлар эса қонунчиликнинг қўпол бузилишига олиб келмоқда. Аслини олганда эса, ҳарид қилинган маҳсулот номи кўрсатилиши лозим эди.
Шунингдек, “ЭШОНХЎЖА” савдо шаҳобчасидан ҳарид қилинган “ESSE change” тамаки маҳсулотига берилган касса чекида “Roshen пористый” шоколадидан 2.5 дона харид қилинди деб тақдим этилган.
Марказий улгуржи савдо бозори ҳудудида савдо қилувчи контрабанда маҳсулотлари сотувчи савдогарлардан эса харид учун чек олишнинг имкони бўлмади. “Бори шу, олсанг ол, олмасанг жўна” оҳнагидаги жавобни олдик холос.
Бу эса, вилоятда солиқ органларининг назорати сустлигини, божхона назорати эса ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигининг натижасими деган саволларни келтириб чиқаради. Юқоридагилардан келиб чиқиб, таҳририят Бухоро вилояти Божхона ва Солиқ бошқармаларига ахборот сўровини юборди. Уларнинг жавоби қуйидагича;
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 30-октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартариш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6098-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021-йил 7-январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 1-сонли Қарорига асосан Сайёр солиқ текшируви ўтказилиши белгиланган.
Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси томонидан 2023 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 14 нафар жисмоний шахслар томонидан тамаки махсулотларининг ноқонуний муомаласи бўйича ҳолатлар аниқланиб, тегишли тартибда далолатномалар расмийлаштирилиши таъминланган. Жумладан 151 қути 1 млн 785 000 минг сўмлик тамаки маҳсулотлар савдодан олиб қўйилган.
Бундан ташқари, жами 36 нафар юридик шахслар томонидан, маркировка қоидаларини бузилиши юзасидан тадбирлар давомида 27 млн 085 000 минг сўмлик маҳсулотлар савдодан олиб қўйилиб, 2.2 млрд. сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилган”, – дейилади вилоят Солиқ бошқармаси матбуот хизмати жавобида.
Вилоят Божхона бошқармаси ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга аҳамият қаратадиган бўлсак, вилоятга кириб келаётган ноқонуний тамакиларнинг гўёки барчаси ушлаб қолинаётгандек.
“Бухоро вилояти бўйича бошқарма ходимлари томонидан ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ва унинг иқтисодий сиёсат чоралари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида республика ҳудудига акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотларини қонунга зид равишда олиб кириш ҳолатларини аниқлаш юзасидан тезкор тадбирлар ташкиллаштирилиб келинмоқда.
Жумладан, 2023 йил 10 июнь куни “Олот” чегара божхона постининг “кириш автотранспорт воситаларини назоратдан ўтказиш жойи” орқали “БАА-Ўзбекистон” йўналишида ҳаракатланиб кириб келган, бошқа мамлакат фуқароси Нодир Одилов (исм ва фамилия ўзгартирилган) бошқарувидаги “VOLVO” русумли юк автотранспорт воситаси, тиркамада БААнинг “Bazz*** L.L.C” фирмасидан Тошкент шаҳар Сергели тумани “Само” кўчаси деб кўрсатилган манзил бўйича юк қабул қилувчи қўшни мамлакат фуқароси номига 0003***-сонли СМR ва 12.05.2023 йилдаги AGT/130**/23-сонли ҳисоб варақ фактура (инвойс) асосида 1088 ўринда, брутто оғирлиги 15044 кг, қиймати 38,080 АҚШ долларига тенг бўлган “Business Royals Super Slims Green Apple, Business Royals Premium Charcoal filter, M&J Lights, M&J Original, Business Royals Super Slims Cherry, Business Royals 200/10 King Size, M&J Ultra Lights 200/20” тамаки маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмаганлиги юзасидан бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимларида шубҳа уйғонганлиги сабабли, мазкур товарлар жорий йилнинг 13 июнь куни Бухоро шаҳридаги “Бухара ***” МЧЖга қарашли божхона омборида божхона кўригидан ўтказилган.
Божхона кўригидан ўтказиш натижасида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган 1088 ўринда, 593500 қути, брутто оғирлиги 15044 кг жами 7 хил номдаги “Business Royals Super Slims Green Apple, Business Royals Premium Charcoal filter, M&J Lights, M&J Original, Business Royals Super Slims Cherry, Business Royals 200/10 King Size, M&J Ultra Lights 200/20” ёзувли тамаки маҳсулотларининг ўринлар сони ва миқдори бўйича ҳеч қандай тафовут мавжуд эмаслиги, бироқ, мазкур 23**TMR давлат рақам белгили тиркамадаги барча тамаки маҳсулотлари акциз маркалари билан маркаланмаганлиги аниқланган. Ушбу тамаки маҳсулотлари “Эркин муомалага чиқариш (Импорт)” ИМ-40 божхона режимига расмийлаштирилганида тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари жами 14 425 297 617,68 сўмни, баҳолаш қиймати эса 11 325 976 000 сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, Бухоро аэропорти божхона пости ходимлари томонидан жорий йилнинг бошидан ҳозирги кунга қадар жами 4 та ҳолатда жами 110 қути 1 млн 940 минг сўмлик тамаки махсулотлари аниқланган”, – дейилади.
Вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун назоратни кучайтириш ва бу каби жиноятларга қарши курашиш бўйича сифатли янги чоралар жорий қилиш лозим. Зеро ноқонуний сигаретлар билан мамлакат ҳудудига тақиқланган моддалар ва контрафакт дори-дармонлар ҳам кириши мумкин. Бу эса тамаки маҳсулотлари контрабандаси бир қарашда кўринганидан кўра анча жиддий муаммо эканини англатади.
Юқорида манзиллари кўрсатиб ўтилган савдо шаҳобчаларида эса назорат тадбирлари амалга ошириладими, бу бўйича Бухоро вилояти Солиқ бошқармасидан жавоб кутиб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига кўра:
21-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишга доир чекловлар
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шунингдек тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг:
йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга;
йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар томонидан;
сайёр (қўлда, лотокларда, саватчаларда, қўл аравачаларида) савдо қилиш йўли билан;
болаларга мўлжалланган товарлар реализация қилинадиган хоналарда;
қалбаки акциз маркалари билан тамғаланганда;
уларнинг ишлаб чиқарувчисини аниқлаш имконини бермайдиган тарзда аниқ тамғаланмаганда;
белгиланган тартибда рақамли идентификация воситалари билан тамғаланмаганда;
уларни ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ишлаб чиқарилганда — лицензияланадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига нисбатан;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки уларни қонунчиликни бузган ҳолда сотган етказиб берувчидан сотиб олинганда;
доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган) истеъмол ўровида — (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мос келмаганда реализация қилиниши тақиқланади.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реализация қилишни бевосита амалга ошираётган шахс йигирма бир ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишини рад этиши шарт этиб белгиланган. Унутманг, хар қандай қоидабузарлик, қонунчиликга кўра жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, ички ишлар вазирлиги, ноқонуний таъмаки маҳсулотлари савдосининг асосий муаммосига эътибор қаратиши ва кучга кирган қонун қоидаларини амалга ошириши лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Ноқонуний фаолият юритиш, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий Кодексига мувофиқ (181-модда 6-бет) 15 млн сўмгача жаримага тортилишга сабаб бўлиши мумкин.
Шарҳлар