“Лабзак” маҳалласида сокин тунлар учун кураш
Тошкент шаҳридаги “Лабзак” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси 3 йилдан бери сокин тунлар учун курашмоқда. Маҳаллада “Labzak City Park” янги тураржой мажмуаси қурилиши давом этмоқда. Қурувчилар нафақат жамоат тартиби, ШНҚ нормаларини бузишмоқда, балки яқинлашиб келаётган суд жараёни туфайли вақтинчалик тақиққа қарамай, қурилишни давом эттиришмоқда.
23 май куни Лабзак маҳалласидаги 23, 24, 25-уйларда яшовчи фуқаролар Anhor.uz таҳририятига эрта тонгдан олиб борилаётган қурилиш ишлари соат 23:00 дан кейин ҳам тўхтамаётгани юзасидан шикоят билан мурожаат қилишди. Шовқинли ишлар ва оғир техникалар аҳолининг тунда дам олишига халақит бермоқда. Барча шикоятлар ва мурожаатларга на Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги, на “Labzak City Park” компанияси маъмурияти жавоб берди. Туман ҳокимлигига юборилган хатларга ҳам жавоб келмади. Фуқаролар Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умирзоқов номига ноқонуний қурилиш юзасидан жамоавий хат ёзишган, унга ҳам жавоб йўқ.
Anhor.uz журналисти Мила Аксёнова уйларда яшовчи аҳоли ва қурилишни амалга ошираётган компания вакили билан суҳбатлашди.
“Қурилиш халақит беряпти. Ҳа, у эрталабдан кечгача давом этади. Товушлар болаларнинг дарс қилишларига, кечалари дам олишга халақит беради. Улар тўхтовсиз тақиллатиб туришади”, – дейди қурилиш ёнидаги уйда яшовчи Малика.
Малика касби бўйича архитектор бўлиб, қурилиш шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари (ШНҚ) қандай бузилаётгани ҳақида гапиради:
“Бу ерда, қурилиш қўшни уйга жуда яқин жойда кетаётганини кўришингиз учун шунчаки кўз қирингизни ташлаш кифоя. Бу сейсмик хавфсизлик нуқтаи назаридан хатарли”, – дейди у.
Шаҳарсозлик меъёрларига кўра, уйлар орасидаги масофа камида 21 метр бўлиши керак. Лабзак маҳалласидаги эски уй билан қурилаётган уй ўртасидаги масофа 9 метрга яқин.
Аҳолининг сўзларига кўра, қурувчи ташкилот қурилиши давом этаётган тураржой мажмуаси ёнидаги 25-уйни бузиш ниятида. Қурувчи ташкилот шикоят билан келган аҳолига шундай демоқда.
Тунги соат 2 гача шовқин
11 июнь куни соат 01:29 да қурилиш майдонидаги оғир техниканинг овозидан аҳоли уйғонган (видеода эшитилади). Аҳоли 102 рақамига қўнғироқ қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари аризани эрталаб соат 3 га қадар кўриб чиқишган, шундан сўнг улар қурилиш майдончасидан техникани ҳайдашга киришган. Аммо ярим соатдан камроқ вақт ўтгач, қурувчилар бетонни уриб, катта болғалар билан ишлай бошлашган, бу эса бутун ҳовли бўйлаб кучли шовқинни келтириб чиқарган. Ўша кечаси қўшни уйларда электр энергияси узилган, бироқ қурилиш майдончаси ҳудудида электр энергияси бор эди. 12 июнь куни воқеа яна такрорланган.
«Хайрли тун, азиз қўшнилар. Ўтган йили имзоларни тўпладик, прокуратура ва порталга ёздик. Фойдасиз. Улар ҳаммасини эгаллаб олишган. Қурувчилар биз билан бирга деворнинг нариги томонида яшайди, уларнинг ошхонаси ҳам бор. Кечаси шовқиндан ташқари, кундузи деразамизга тутун ҳам киради. Чиқиб, уришиб келдим. Нима ҳам дердик, сувда чўкмас, ўтда ёнмаслар. Қурилиш майдончаси эгаларидан бири Туркия фуқароси, иккинчиси қорақалпоғистонлик. Улардан бири, “агар хоҳласак, бутун туманни кўчирамиз” деб айтди”- дейилади аҳолининг чат-гуруҳидаги суҳбатда.
Бино қурувчисидан компенсация
Уч йилдан бери шовқинли ва чангли иш учун компенсация сифатида қурувчи уйлар аҳолисига ҳовлидаги болалар майдончасини ободонлаштириш ва 25-уйнинг орқа томонига бордюр қуришни ваъда қилмоқда. Ваъда ҳали бажарилмаган.
«Бизга ҳеч қандай шикоят келиб тушмади»
“Бизнинг тунги биргача қурилишни давом эттираётганимиз борасидаги шикоятларга келсак, бу ундай эмас. Биз соат 22:00 гача қонун асосида ишлаймиз. Соат 22:00 дан кейин шовқин туғдирмайдиган кичик ишлар олиб борилади. Бундай шикоятлар бизга етиб келгани йўқ”, – дейди “Labzak City Park “ фирмаси директори ўринбосари Жасур Абдумўминов. Қурилиш компанияси вакилининг сўзларига кўра, улар қўшни уйларда электр узилиши ва 25-уйнинг бузилиши ҳақида ҳеч нарса билишмайди.
2023 йил 25 май куни Anhor.uz таҳририяти томонидан бу ҳақда Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигига сўров юборилди, аммо жавоб олинмади, бу Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг шаффофлиги тўғрисида”ги Қонунининг 18-моддасига зиддир.
Мила Аксёнова
Шарҳлар