Марказий Осиёнинг қурилиш соҳаси: минтақавий бозор етакчилари ва аутсайдерлари

Марказий Осиёнинг асосий қурилиш бозори ярим йил давомида тўхтаб турди ва катта зарар кўрди. Коронавирус пандемияси маҳаллий компанияларни мураккаб шароитларда қолдирди. Бир неча ой олдин минтақа қурилиш тармоғи коронавирус “киритган” ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда янги мавсумни бошлади. Ҳамма ҳам янги шароитларга мослашишга ва карантиндан минимал йўқотишлар билан чиқишга эриша олмади, бироқ бозорнинг асосий иштирокчилари олға қадам ташлашга тайёр.
 
Anhor.uz нашрига берган интервьюсида «Эмарк Групп» қурилиш компаниясининг раҳбари, JIA бизнес ассоциациясининг қурилиш бўйича қўмитаси (Қирғизистон) раиси Чолпонбек Акматов ушбу бозорда нимадар бўлаётгани, тармоқ олдида қандай муаммолар тургани ва умуман Марказий Осиёнинг қурилиш сектори қандай ривожланаётгани ҳақида гапириб берди.
 
– Постсовет Марказий Осиёнинг қурилиш тармоғида қандай тизимли муаммоларни кўряпсиз?
 
– Муаммолар талайгина, аммо асосийларини ажратиб кўрсатишим мумкин.

Энг аввало, одамлар яшаётган шаҳар туманларининг ичида янги биноларни қуриш, яъни нуқтали қурилиш. Зич қурилиш бутун минтақа учун энг оғриқли мавзулардан бири ҳисобланади.

Бир томондан, аҳолининг норозилигини тушуниш мумкин, бошқа томондан, катта шаҳарлар ҳам бирданига қурилиб кетмаганини ҳам тушуниш зарур. Шаҳарнинг ярмини буткул бузиб ташлаш ва нолдан қуриш йўли билан бош режани амалга ошириш – бугунги кунда имконсиз вазифа. Албатта, истиснолар бор, масалан, Tashkent city ва Andijаn сity, уларни барпо этиш учун бутун бир маҳаллалар бузиб ташланди, аммо ҳозирги шароитларда бу ягона мисоллардир. Минтақамизнинг ривожланиш вариантлари кўп эмас: мавжуд қурилмаларни зичлаштириш ёки мавжуд уй-жой фондини алмаштириш бўйича дастурни амалга ошириш. Шу боис босқичма-босқич қуриш – шаҳарларни ривожлантириш учун ҳам, умуман тармоқ учун ҳам ягона эҳтимолий вариантдир. Албатта, шаклланиб бўлган мавзеда компаниялар атроф-муҳитга тўғри келмайдиган янги тураржойни нотўғри қуришади. Натижада, янги бино шаклланган ҳудуд муҳитини бузади ва умумий архитектурадан ажралиб туради. Шу боис, шаҳарликлар бу борада норозилик билдиришига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Қурувчи компаниялар яратилган капиталга ва шаклланган туманларга диққат ва эътибор билан муносабатда бўлишлари, архитектура ва шаҳарсозлик бўйича маҳаллий қўмиталар эса бу масалани жиддий назорат остида ушлаб туришлари керак.
 
Минтақанинг иккинчи муаммоси – муҳандислик инфратузилмасининг йўқлиги. Кўп ҳолларда қурилиш компаниялари шаҳар муҳандислик тармоқларини янгилаш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Трансформаторларни янгилаш, насос станцияларини қуриш, магистрал коммунал тизимларни алмаштириш, йўлларни ётқизиш, яъни тўлиқ тармоқли инфратузилмани яратиш ишлари компаниялар зиммасига тушади. Табиийки, бу якуний нархга таъсир кўрсатади. Бу борада компаниялар давлат томонидан қўллаб-қувватланишга муҳтож. Айтгандай, бундай кўмак чораси олдин ўзлаштирилмаган ҳудудларнинг ривожланишига туртки бўлиши мумкин.
 
– Марказий Осиё мамлакатларидан қайси бири техник жиҳозланиш борасида қурилиш индустриясида ортда қолган ва етакчилик қилади?
 
– Бундан уч-тўрт йил олдин бу масалада ҳамма учун Қозоғистон етакчи экани аён эди. Нур-Султан шаҳрини қуришда Қозоғистон энг замонавий технологиялардан ва юқори сифатли қурилиш материалларидан фойдаланди. Пойтахтни деярли нолдан қуришди. Аммо охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон сезиларли даражада олдинга чиқмоқда. Компаниямиз мунтазам равишда халқаро қурилиш кўргазмаларида қатнашади ва биз Ўзбекистон тармоқда шиддатли ривожланаётганини кузатяпмиз. Бугунги кунда деярли ҳар бир йирик ўзбек шаҳрида такомиллаштирилган технологиялардан фойдаланган ҳолда фаол қурилиш олиб борилмоқда. Айниқса, катта ўзгаришлар Тошкентда содир бўляпти, бу ерда ҳамма жойда йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Айтгандай, кўплаб қирғиз компаниялари ҳам Ўзбекистон бозорига бош пудратчи ва судпудратчи ташкилотлар сифатида киришдан манфаатдор.
 
Тошкентга охирги сафаримда Murad Buildings ва Ozguven компанияларининг кенг кўламли лойиҳаси қурилиши билан яқиндан танишишга муваффақ бўлдим, сўз баландлиги 215 метрдан ортиқ бўлган 50 қаватли осмонўпар бино қурилиши ҳақида боряпти. Бинода 1 м кв майдон қиймати 3-4 минг доллар эканини эшитганимдан кейин ҳайрон қолдим. Уч-тўрт йил олдин Тошкентда нархлар бунчалик тез кўтарилади деб тахмин ҳам қилмагандик. Ер участкаларининг қиймати ҳам уч баравар қимматлашган. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда қурилиш соҳаси фаол ривожланаётганидан ва талаб ошаётганидан далолат беради, бу эса, ўз навбатида, нарх шаклланишига таъсир кўрсатади. Техник жиҳозланиш борасида ва умуман тармоқ ривожи бўйича ортда қолаётган мамлакатларга тўхталадиган бўлса,  бу рўйхатда Туркманистон, Тожикистон ва Қирғизистонни кўриш мумкин.
 
– Минтақавий бозорда тақдим этилган қурилиш материалларининг сифатини қандай баҳолайсиз? Улар импорт маҳсулот билан рақобатга чидай оладими?
 
– Конкрет оладиган бўлсак, компаниямиз асосан импорт маҳсулотдан фойдаланади. Хусусан, қўлланадиган қурилиш материалларининг қарийб 70% Россия маҳсулотларига тўғри келади. Қирғизистон Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиш ҳақидаги шартномани имзолаганидан кейин биз учун Россия маҳсулотлари имконли бўлиб қолди. Россияда нарх-сифат нисбати яхши бўлгани учун у ўзини ишончли етказиб берувчи сифатида кўрсатди, шундай экан бизнинг танловимизни тушуниш мумкин. Минтақавий қурилиш бозорида Хитой, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон маҳсулотлари ҳам тақдим этилган, аммо улар ҳозирча Россия билан рақобатлаша олмайди. Шунингдек бозорда Европа брендлари ҳам тақдим этилган, масалан машҳур Knauf немис компанияси, унинг маҳсулоти сифатли, аммо ўша Россия қурилиш материалларига қараганда анча қиммат.
 
Айтиш жокизки, жамиятнинг замонавий қурилишларга бўлган талаби анча ўзгарган. Агар авваллари компаниялар асосан эконом-синфидаги лойиҳаларни амалга ошириб, шунга мос равишда арзон қурилиш материалларидан фойдаланган бўлса, ҳозир истеъмолчиларнинг талаблари сезиларли даражада ўзгарган, қурувчи компаниялар қиммат материаллардан, масалан, гранит, мармар ва ҳоказолардан фойдаланмоқда. Бугунги кунда минтақада қурилиш материалларини ишлаб чиқариш борасида Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилик қилмоқда.   
 
– Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга рақобатбардош маҳсулотни чиқаришга ва халқаро бозорларга чиқишга нима халақит беряпти, деб ўйлайсиз?

Энг аввало, маъмурий тўсиқлар, менежемент ва сифат. Бошқа бозорга чиқиш учун ҳамон бож йиғимлари катта, ушбу тўсиқни бартараф этиш учун давлатлар ўзаро келишиб олиши ва энг минимал ставкаларни ўрнатиши керак. Менежментга тўхталадиган бўлсак, бизнесга нисбатан шарқда қабул қилинган муносабат билан бирор нарсага эришиб бўлмайди.

Марказий Осиёда ўз мажбуриятларини ўз муддатида тўлиқ ҳажмда бажарадиган ҳамкорларни топиш қийин. Биз машҳур ўзбек компаниясидан катта ҳажмда пластик деразалар харид қилишга урингандик, аммо ҳеч нима бўлмади. Муаммо ишончнинг йўқлигида, бизнесда кўп нарса ишончга асосланган бўлади, у мустаҳкам ва узоқ давом этадиган ишбилармонлик муносабатларини қуришга ёрдам беради. Бироқ минтақамизда ишонч – бу муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш имконияти эмас, балки муайян таваккалдир. Қурилиш материаллари секторининг ривожланишига халақит бераётган учинчи омил – сифат. Ҳозирча маҳаллий маҳсулотлар ўз сифати бўйича халқаро брендлардан анча орқада. Бироқ Марказий Осиё ишлаб чиқарувчиларида ҳам сифатли маҳсулотларни учратиш мумкин. Бироқ, улар ўз маҳсулотини катта бозорда тегишли даражада тақдим этолмайди, маҳсулотни оммалаштиришга етарлича эътибор қаратишмайди ва мижозлар билан мулоқотни фаоллаштиришмайди, уларнинг маҳсулотини камчилик билади ва, шунга мос равишда, талаб ҳам паст бўлади.     
 
– Коронавирус пандемияси маҳаллий фуқароларнинг меҳнат муҳожири сифатида Россияга чиқишини қисқартирди, Марказий Осиё меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги эса ўз ватанига қайтган. Бу ҳолат минтақадаги меҳнат бозорига қандай таъсир кўрсатди? Меҳнат ресурслари ҳаддан зиёд кўп экани кузатиляптими?
 
– Саволингизга жавоб беришдан олдин пандемия тармоққа жиддий зарар етказганини қайд этишни истардим – хусусан, қурилиш суръатлари пасайиб кетди, одамларда харид қобилияти тушиб кетган, тармоқ кўп ойлар давомида тўхтаб турди ва, табиийки, ишчилар сонини қисқартиришга тўғри келди. Агар пандемиядан олдин, масалан Қирғизистонда қурилиш соҳасининг ЯИМдаги улуши 9% ни ташкил қилган бўлса, ҳозир бу рақам 6% гача тушиб кетган, бу эса жуда кўп. Бундай вазият барча мамлакатларда кузатиляпти. Ҳукумат тармоқни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиляпти, аммо секторнинг тўлиқ тикланиши ҳақида ҳозирча гапиришга ҳали эрта.  
 
Россиядан қайтган юртдошларимизга тўхталадиган бўлсак, улар бозордаги шароитни мураккаблаштиргани йўқ. Минтақадаги кўплаб компаниялар ўз ишчиларини муддатсиз таътилга чиқаришга ёки ишчилар сонини сезиларли қисқартиришга мажбур бўлди. Ҳозир тармоқ аста-секин ҳаракатланишни ва тангликдан олдинги суръатни тўплашни бошламоқда. Бунинг учун эса кўплаб ишчи қўллар керак бўлади. Шундай экан, тажрибали мутахассислар ишсиз қолмаслиги аниқ.
 
Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.