Намангандаги контрабанда кўли
Наманган вилоятида Ўзбекистонга олиб келинган контрабанда маҳсулотларига қарши курашиш доирасида 11 450 қути контрабанда сигарети ёқилди.
Контрабанда мамлакат иқтисодиётга, тамаки маҳсулотларини солиққа тортиш тизимига жиддий зарар етказади, сигаретларнинг ўртача нархини пасайтиради ва чекишни осон қилади. Бюджетга етказилган зарар эса соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларни молиялаштиришни кесади.
Нима учун буларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмайди деган ҳақли савол ҳам туғилади. Буларни биров тирикчилик дейди, бошқаси эътиборга арзимайдиган, кичкина муаммо дейя қарашади. Аслида эса мутахассислар қонунчиликдаги айрим ҳужжатларга тезроқ ўзгартиришлар киритилиши керак, хозирча эса мавжуд қонунчилик доирасида курашиш даркор дейдилар.
Наманган вилоят божхона бошқармаси Анҳор.уз журналистини ноқонуний йўллар билан вилоят ҳудудида ушланган ва муомаладан олиб қўйилган контрабанда тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбирларига таклиф этишди.
Вилоятда контрабанда билан шуғулланган тадбиркорларга қарши бир мунча маъмурий ва жиноий ишлар қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.
“Туман судининг 2023 йил 21 февралдаги қарорига асосан ҳуқуқбузарлар томонидан 11450 қути жами 76 млн сўмлик милано номли сигарет ҳамда 166 дона “Корона” номли пиволар жамоатчилик иштирокида Вазирлар маҳкамасининг 2009 йил 15 июньдаги 200 -сонли қарорига асосан белгиланган тартибда йўқ қилинди”, – дейди МИБ Янгиқўрғон тумани бўлими бошлиғи Фарход Атабоев.
Шундай ҳолатларнинг бири, Наманган вилояти божхона бошқармаси томонидан 2022 йил давомида юритилган 1 та жиноий иши бўйича далилий ашё сифатида олинган ва суд ҳукмига асосан йўқ қилиниши белгиланган бўлиб, унинг умумий қиймати 79,3 млн. сўмлик рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ҳамда акциз маркалари билан қадоқланмаган контрафакт маҳсулоти бўлган 11 450 қути «Милано», «Милано блу» ҳамда “Орис” номли тамаки маҳсулотлари ҳамда 166 дона шиша идишлардаги “Корона” номли пиволар Янгиқўрғон тумани Қўриқ маҳалласида жойлашган чиқиндихонада йўқ қилинди.
“Наманган вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан янгиқўрғон тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Янгиқўрғон-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган Дамас русумли транспорт воситаси тўхтатиб текширилганда, транспорт воситасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, ҳорижда ишлаб чиқарилган Милано номли тамаки маҳсулотлари ва Короно номли спиртли ичимликлар борлиги аниқланиб текшириш учун олинган. Мазкур ҳуқуқбузарлик холати бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, фуқароларнинг харакати бўйича жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилиб тергов ва суд органларига юборилган. Тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасининг акциз маркалари билан маркаланмаганлигини кўришимиз мумкин. Тамаки маҳсулотларини мамлакат ҳудудига олиб ўтишда 3 та турдаги талаб бор. Ушбу жихатлар мазкур тамаки махсулотларида йўқ. Шу сабабли айни пайтда мазкур махсулотлар белгиланган тартибда йўқ қилиняпти”, – дейди Наманган вилояти божхона бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими бошлиғи Алимардон Бозоров.
Йўқ қилиш жараёнида давлат ижрочилари, Наманган вилояти божхона бошқармаси, Янгиқўрғон тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Янгиқўрғон тумани инспекцияси масъул ходимлари иштирок этди.
Шунингдек, тақдим этилган маълумотларга аҳамият қаратиладиган бўлса, 2023 йилнинг шу даврига вилоятда тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг контрабандаси бўйича аниқланган 10 та ҳолатда 126 545 қути, 1 млрд. 401 млн. 316 минг сўмлик қонун бузарликларга қарши жараёнлар аниқланган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиштирилганда, ушлаб қолинган тамаки маҳсулотлари 4 тага камайгани, лекин, миқдори 90 781 қутига ошганлигини, қиймати эса 938 млн. 417 минг сўмга ортганини кўришимиз мумкин.
Анҳор.уз журналисти вилоятида бўлиб, у ердаги савдо шаҳобчалари ва Сардоба бозоридаги контрабанда ва контрафакт тамакилар бўйича вазият билан қизиқди. Дўконларнинг айримларида очиқ ойдин бундай тамаки махсулотлари сотилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлган. Шунингдек, Сардоба бозорида 3 та шундай ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотувчи жойлар бор, ноқонуний тамаки махсулотлари сақлаш омборлари эса бозорга яқин ҳудудларда жойлашган. Савдо жараёнларини тасвирга тушириб бозорни тарк этаётганда Сардоба бозори назоратчилари ва контрабанда тамаки сотувчилар журналистимиз харакатига халал берган холда телефон аппаратига туширилган фото ва видео тасвирларни ўчириб ташлашга эришишган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги 200-сонли “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Бобур Каримов
Шарҳлар