Қонундан ташқари фильмлар. Очиқ осмон остидаги кинотеатрлар қандай ишлайди?

Фото: afisha.uz

Тошкентда очиқ осмон остида кинофильмлар намойиш қилиш анъанаси қайта тикланди. Оила, дўстлар даврасида вақт ўтказиш, очиқ осмон остида кино томоша қилиш ғояси кўпчиликка маъқул тушди, аммо муаллифлик ҳуқуқи қонунлари ва солиқ ажратмалари нуқтаи назаридан, бундай кинотеатрлар маъмуриятида муаммолар пайдо бўлди.

Фильмни оммавий намойиш қилиш учун назорат қилувчи органнинг лицензияси, шунингдек, фильмга муаллифлик ҳуқуқи бўлган шахснинг намойиш қилиш учун рухсатномаси талаб қилинади. Агар ушбу қоидалар бузилган бўлса, кинотеатр маъмурияти солиқ органлари томонидан жазоланиши ва жиддий молиявий зарар кўриши мумкин, чунки ҳар бир «қароқчилик» намойиши учун олти миллион сўм ва ундан ортиқ сумма миқдорида жарима назарда тутилган.

Anhor.uz “Ugl cinema” кинотеатри маъмуриятига айнан ўша фильмларни оммага кўрсатиш учун лицензия ва муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсати борлиги ҳақида таҳририят сўровини юборди, бироқ жавоб олмади.

Skycinema, Aircinema.uz кинотеатрлари оммавий намойиш қилиш учун лицензияга эга, аммо улар намойиш этаётган фильмлар муаллифлик ҳуқуқи эгаси томонидан бериладиган лицензияга эга эмас, чунки бу фильмлар  аллақачон эскирган ва Интернетда ҳамма учун очиқ.

Anhor.uz бу борада муаллифлик ҳуқуқи бўйича мутахассис, ҳуқуқшунос Мадина Турсуновага мурожаат қилди: “Муаллифлик ҳуқуқининг бузилишига йўл қўймаслик учун унинг асарларидан фойдаланишдан олдин ҳуқуқ эгасидан рухсат олиш ёки фақат жамоат мулки бўлган ёки ёзма кўринишдаги лицензиялар билан ҳимояланган материаллардан фойдаланиш зарур.

Муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан шартнома тузмаган ҳолда фильмларни тижорат асосида намойиш этиш билан боғлиқ муаммолар, агар намойиш этилаётган фильмлар жамоат учун очиқ бўлсагина, юзага келмайди.

Масалан, баъзи театр маъмурлари ҳавола бўйича олинган маълумотларга асосланиб, якуний иборага эътибор беришади: » Netflix  онлайн кинотеатрининг ягона даромад манбаи – абонент тўлови» ва обуна орқали фильмни юклаб олиш ва уни оммага кўрсатиш мумкин деб ўйлаб, алданиб қолишади. Бироқ, Netflix – бу стриминг хизмати бўлиб, у тижорат компонентини ўз ичига олмаган индивидуал обуна орқали хусусий томоша қилишни ўз ичига олади.

Ҳар қандай оммавий намойиш аллақачон бошқа амалга ошириш механизмини талаб қиладиган ўзга бир ҳуқуқий категория. Кинотеатр ушбу ҳудудда фильмларни тижорий намойиш қилиш учун масъул бўлган компания ёки унинг бўлинмаси билан шартнома тузиши шарт. Шундагина фильмнинг намойиши қонуний жиҳатдан тўғри бўлади. Бу обуна асосида фильмларни тақдим этувчи бошқа хизматларга ҳам тегишли.

Юрист Илҳом Ҳамидов: “Аудиовизуал асарни омма олдида намойиш қилиш учун мутлақ ҳуқуқ эгасининг розилигини олиш керак. Розилик фойдаланувчи ва муаллифлик ҳуқуқи эгаси ўртасида лицензияли шартномани тузишда ифодаланиши мумкин”.

Муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши нафақат қонуний чоралар ва жиддий молиявий оқибатларга олиб келади, балки ижодий соҳага ҳам таҳдид солади. Ижодкорлар ва уларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш орқали кинотеатрлар янги ғоялар, инновациялар ва сифатли контент учун эшикларни очади. Муаллифлик ҳуқуқи бузилишининг салбий оқибатлари ҳақида фойдаланувчиларнинг хабардорлигини ошириш ва контентни олишнинг қонуний ва қулай усулларини тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Маданият ва санъат объектлари ижодкорларининг муаллифлик ҳуқуқларига риоя этиши нафақат ҳуқуқий маданиятнинг кўрсаткичи, балки ҳуқуқий давлатдаги тадбиркорлар учун қонун устуворлигининг табиий, ўзига хос белгиларидан биридир. Бироқ ҳозирча Ўзбекистонда бу шартнинг бажарилишини таъминлайдиган самарали механизмлар мавжуд эмас.

Ева Абдураимова 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.