«Opa-Singillar» дастури болалар ва уларнинг яқинлари ҳаётини қандай ўзгартирмоқда

Занятия в обществе
Фото: Мила Аксёнова

Дилафрўз столда турли рангли қаламлар билан аждар рaсмини бўямоқда. Унинг ёнида онаси туриб, қизига керакли рангдаги қаламни тутқазяпти. Дилафрўзда Даун синдроми бор, у бир неча ой олдин ўзи чиза oлмас эди, бугун эса xурсанд бўлиб ўқитувчига ўз ишларини кўрсатмоқда.

Дилафрўзнинг ёнида Айман ва Гулжон ўтиришибди. Қизлар тўқиш билан шуғулланишмоқда, чокма-чок  гулларни ҳошиялаб тикишмоқда. Бу мураккаб тўқиш техникаси, аммо қизлар ҳаракат қиляпти. Иккала қизда ҳам болалар церебрал фалажи (БЦФ) бор, қўл ҳаракати қисман бузилган. Яқиндагина қизлар уйдан чиқишга қўрқишарди, бугун эса тенгқурлари билан мулоқот қилишмоқда.

Opa-Singillar жамияти ижодхонасида ўнга яқин болалар амалий санъат билан шуғулланишмоқда, баъзилари расм чизишяпти, тикишяпти, магнитчаларни безашяпти ёки миллий нақш билан тўғноғичлар ясашяпти. Жамият аёллар ва ногирон болаларни ўз-ўзини ривожлантиришга ўргатиш учун адабиёт, ошпазлик, амалий санъат бўйича тренинг ва таълим курсларини ташкил этмоқда. Бундай дастурлар одамнинг имкониятларини очиб беради ва жамиятдаги ўрнини топишга ёрдам беради. Жамиятдаги барча аъзолар – аввал ўзгаларнинг ғайриоддий қарашлари, тушунмаслиги, стигма ва камситиши оқибатида уйдан чиқа oлмаган одамлар.

«Болаларни уйларидан чиқариб олиш жуда қийин эди. Баъзиларини ота-онаси чиқармас, ҳатто уйда қулфлаб қўяр ва биз ота-оналарни ишонтиришга ҳаракат қилишимизга тўғри келарди. Ота-оналарнинг ортиқча ҳимояси ногирон болаларга, уларнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу ерда болалар ижтимоий ривожланиши мумкин ва ўзларини эркин ҳис қилишади», дейди Opa-Singillar жамияти раиси ўринбосари, лойиҳалар координатори Гулфия Калимулина.

«Opa-Singillar» жамиятининг йигирма уч йиллик фаолияти давомида кўплаб болалар ўз йўлини топди, дўстлар орттирди, 2022 йилдa тўй ҳам бўлди. «Opa-Singillar» экскурсиялар, тренинглар уюштиради, ёзда болалар сув паркида бўлишди. Ташкилотчилар эпилепсия хуружлари бўлган ва ҳеч қачон сузмаган қиз бир неча кунда сузишни ўрганиб олганини айтишади. «Opa-Singillar» жамоасида бўлиш даврида унинг хуружлари камайган, мослашиб, хуружлардан олдин ва кейин хавфсиз хулқ-атвор қоидаларини ўрганган.

Фақат болалар эмас, балки оила аъзолари ҳам «Opa-Singillar» жамиятида кўмак ва ёрдам топишади. Бу ерда улар бошқа ота-оналар билан учрашиб, муаммоларини муҳокама қилиб, маслаҳат олишади. Шунингдек, тренинг ва қўллаб-қувватлаш дастурларида қатнашиб, болаларга яхшироқ ёрдам беришни ўрганишади.

«Opa-Singillar» жамияти томонидан ташкил этиладиган доимий тадбирлар ва кўргазмалар давомида болалар ва уларнинг ота-оналари ўз ишларини намойиш қилиб, эришган ютуқлари учун тан oлинишини ҳис қилишади. Ҳар ойда International меҳмонхонасида кўргазма бўлиб ўтади, у ерда истаган одам болаларнинг ишларини сотиб олиши мумкин. Тушган маблағларга ижодий материаллар сотиб олиниб, болаларга истеъдодларини ривожлантириш имконияти яратилади.

«Opa-Singillar» жамияти аъзолари учун иккинчи уйга айланган. Бу ерда одамлар ўз ўрнини топдилар ва истеъдодларини қадрлаш ва ривожлантиришни ўрганиб, бунинг натижасида ўзларига ишонч пайдо қилишди, мулоқотчан ва ҳақиқатан бахтиёр бўлишди, бунга уларнинг ижодхоналарига келган меҳмонларни кутиб олишдаги самимий табассумлари гувоҳлик беради.

«Opa-Singillar» жамиятининг телефони: +998 71 289 20 93

Мила Аксёнова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.