Ўзбекистонда тамаки контрабандаси ва қалбакилаштирилишига қарши кураш
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев йил бошида 2024 йилдаги макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ривожланишни таъминлашнинг устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда яширин иқтисодиёт туфайли давлат бюджетининг йўқотишларини рақамларда эълон қилиб, бу рақам 30 трлн сўм ($2,4 млрд)ни ташкил қилаётганини таъкидлаганди. Ушбу маблағларни аҳолининг заиф қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашга, мактаблар қурилиши ва реконструкция қилинишига, тиббий муассасаларнинг замонавий жиҳозлар билан жиҳозланиши ва бошқа хайрли мақсадларга йўналтирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталган.
Ноқонуний бизнес
Ноқонуний бизнес соҳалари ичида етакчи мақомлардан бирини тамаки маҳсулотлари контрабандаси эгаллайди. Ҳар йили ноқонуний сигаретлар савдоси туфайли мамлакат давлат бюджети бир неча миллиард сўмга тенг зиён кўради. Масалан, 2023 йилда республика давлат бюджетига салкам 1 триллион сўм миқдорида солиқ тушумлар келиб тушмаган. Бу ҳолат нафақат Ўзбекистонда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам учрайди. Масалан, яқинда, Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги савдо марказларидан бирида ноқонуний тамаки маҳсулотлари савдоси билан фаолият юритувчи дўконда мамлакатнинг солиқ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан “маҳсус мижоз” текшируви ўтказилиб, савдо дўконида чиндан ҳам ноқонуний маҳсулотлар савдоси борлиги аниқланади ва шу жараённи ўзида текширув ишлари олиб борилишга киришилади, бироқ савдо шаҳобчаси сотувчилари уларнинг қонуний ҳаракатларига қаттиқ қаршилик кўрсатган ҳолат акс этган видеоёзув тарқалди. Қўшни Қирғизистондан Ўзбекистон чегаралари орқали мамлакат ички бозорларига ноқонуний йўллар орқали тамаки маҳсулотлари ўтказиш ҳолатлари ҳам тез тез учраб туради, бу жараёнлар кўп ҳолларда мамлакат Божхона қўмитаси ва ДХХ чегара хизмати ҳодимлари томонидан тезкор аниқланиши натижасида қўлга олинади. Водий вилоятларидаги чегара ҳудудлари эса ўтган 5 йилликда ҳам тамаки маҳсулотлари контрабанда холатлари аниқланишида пешқадам бўлиб келмоқда, буни Божхона ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органларининг расмий бераётган хабарларидан ҳам англашимиз қийин эмас. Нашримиз айни мавзуда водий вилоятларидан 10 дан ортиқ туркум репортажлар ва суриштирувларни ҳам тайёрлаган.
Жорий йилнинг биринчи олти ойида давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ҳақида яқинда эълон қилинган ҳисоботда кўрсатилишича, даромадлар 115,9 триллион сўмни, харажатлар эса 149,8 триллион сўмни ташкил қилган. Бюджет дефицити 34 триллион сўмга етган. Солиштириш учун: 2023 йил биринчи ярмида давлат бюджети дефицити 26,8 трлн сўмни ташкил қилганди, яъни бир йилда 27% га ўсган. Агар тамаки маҳсулотлари экспортчилари ва сотувчилари ўз фаолиятларини қонунга мувофиқ юритганларида, Ўзбекистон хазинаси уларнинг ноқонуний ҳаракатлари туфайли улкан миқдорда зиён кўрмаган, бюджет дефицити кескин қисқарган бўларди.
Бироқ Ўзбекистонда, ҳукумат олдида ноқонуний тамаки бозори муаммоси ҳали ҳам жуда ўткир бўлиб турибди. Республикада унинг улуши, жорий йил март ойи ҳолатига, 15,3% ни ташкил қилган. Энг кўп ва тез-тез контрабанда тамаки маҳсулотларини сотувчи “қонунга бўйсунмас” ҳудудлар – бу Фарғона водийси вилоятларидир. Контрабанда савдоси бўйича бир неча йилдан бери етакчи ҳудуд Наманган бўлиб келмоқда (47,8%). Унинг кетидан Фарғона (35,4%) ва Қўқон (31,9%) шаҳарлари жой олади. Рўйхатни Андижон (19,1%) кўрсатгич билан якунлайди. Фарғона водийсида ноқонуний тамаки бозорининг умумий улуши бутун Ўзбекистон бўйича жами ҳажмнинг 30,1 фоизини ташкил қилади.
Нашримиз ўтказаётган суриштирувларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг рейдлари ва контрабанда маҳсулотини йўқ қилиш тўғрисидаги янгиликлар ахборот нашрларида мунтазам ва тез-тез кўзга ташланади.
Шунингдек, 2023-2024 йилда Сурхондарё вилояти ҳам кўрсатгичларда ноқонуний тамаки маҳсулотларининг қўлга олиниши ёки бозорларда контрабанда сигаретларни эркин сотилишида етакчиликка эришди.
Қонунбузарлик Тошкентда ҳам кўп кузатилади. Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек (Ҳамид Олимжон метро бекати ва Акай city ТЖМ яқинида 2 та кўчма савдо нуқтаси) тумани, Чилонзор (Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Олмазор метро бекатларига чиқиш ва тушишда майда савдо шаҳобчаларида) тумани, Қўйлиқдаги “Компас” савдо маркази ортидаги маҳалладаги 10 дан ортиқ дўконлар, у ерни контрабанда тамаки бозори десак бўлаверади. Ҳусусан, Яккасарой туманидаги савдо нуқталаридан контрабанда тамаки маҳсулотларини топиш муаммо эмас.
Бу ва бошқа қўлга олишлар ҳақидаги кўплаб янгиликларга қарамай, юқорида келтирилган рақамлар кўрсатишича, Ўзбекистонда ноқонуний тамаки бозорига қарши кураш ҳали ҳам талаб даражасида эмас, дейишимиз мумкин.
Anhor.uz ахборот олиш мақсадида Божхона қўмитаси матбуот хизматига юборган сўровга келган жавобга кўра, ўтган 6 йилда тамаки контрабандасидаги ўсиш ва пасайиш ҳолатларини кўришимиз мумкин.
Божхона қўмитаси Матбуот хизмати Бош инспектори Ҳуршида Мурадованинг маъллм қилишича, “Божхона органлари томонидан 2019 йилда 342 та ҳолатда жами қиймати 5 млрд 317 млн 800 минг сўмликдан зиёд 353 279 қути, 2020 йилда 139 ҳолатда 14 млрд 663 млн 100 минг сўмликдан зиёд 1 млрд 065 минг 312 қути, 2021 йилда 140 та ҳолатда 17 млрд 670 млн 700 минг сўмлик 1 млрд 543 минг 108 қути, 2022 йилда 316 ҳолатда 18 млрд 970 млн 700 мингликдан зиёд 1 млрд 582 минг 609 қути, 2023 йилда 291 та ҳолатда 88 млрд 403 млн 600 мингликдан зиёд 5 млрд 622 минг 506 қути ва жорий 2024 йилнинг шу даврида 303 та ҳолатда қиймати 39 млрд 708 млн 300 минг сўмликдан зиёд ноқонуний тамаки маҳсулотлари қўлга олинган”, – дейилади.
Юқоридаги рақамлар эса, назоратни, қонунбузарларни аниқлаш ва жазолашга масъул тузилмалар ва идоралар яширин тамаки бозорини қисқартириш масаласини ҳал этишга баҳамжиҳат ва масъулият билан ёндашишлари лозимлигини кўрсатмоқда.
Нима учун тамаки контрабандаси Ўзбекистон учун долзарб
Мамлакатда ҳам сигаретларнинг контрабандаси ва қалбакилаштирилиши муаммоси долзарбдир. Тамаки маҳсулотларига юқори акциз солиғи ва мамлакатнинг йирик савдо йўлларига яқин жойлашгани сабабли Ўзбекистон контрабандачилар учун жозибадор бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, чегара назорати ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг етарли даражада самарали бўлмаслиги муаммони янада кучайтирмоқда. Ҳукумат ҳисоботлари ва мустақил тадқиқотлар маълумотларига кўра, Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси жуда катта улушни ташкил этади. Ҳар йили давлат бюджети миллиардлаб сўм зарар кўради. Тадқиқотлар кўрсатишича, бозорда сотилаётган ҳар учинчи сигарет контрабанда ёки қалбаки бўлиб чиқади. Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда сигаретларнинг контрабандаси ва қалбакилаштирилишига қарши кураш борасида сезиларли ўзгаришлар бўлди. Бир томондан, қонунчиликнинг кучайтирилиши ва акциз солиқ ставкаларининг оширилиши сигаретларнинг расмий савдосини камайтирди. Бошқа томондан, бу ноқонуний бозордаги сигаретларнинг ўсишига олиб келди. Ҳибсга олиш ва контрабанда партияларининг мусодара қилиниши ҳолатлари ортгани муаммо миқёсини кўрсатмоқда.
COVID-19 пандемиясининг контрабандага таъсири
COVID-19 пандемияси сигаретларнинг контрабандасига сезиларли таъсир кўрсатди. Чегараларнинг ёпилиши ва карантин чоралари қонуний бизнес имкониятларини чеклади, бу эса ноқонуний фаолиятга йўл очди. Контрабандачилар янги шароитларга мослашиб, ноқонуний йўллар ва схемаларни қўлладилар. Натижада, бозорларда сифатли ва талабгир маҳсулотлар қатори, контрабанда маҳсулотлари, ҳусусан тамакининг ноқонунийси кўпайиши, натижада нархларнинг ўртасидаги тафовути сезиларли ошди ва пасайди. Ошиш ҳолатлари қонуни маҳсулотларда кузатилган бўлса, нархнинг пастлаши, савдонинг талабгирлиги ноқонуний маҳсулотлар улушига тўғри келди.
Тартибга солувчи асосий қонун ҳужжатлари
Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишни тартибга солувчи асосий қонун ҳужжатлари қаторига тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ва айланмаси давлат томонидан тартибга солиниши, акциз солиқ ставкаларини белгилаш ва қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари киради. Қонунчиликнинг асосий муаммоларидан бири унинг етарлича қаттиқ эмаслиги ва қонунларни четлаб ўтишнинг қулайлиги ҳисобланади. Контрабандачилар сохта ҳужжатлар ва ноқонуний йўллардан фойдаланиб, қонунларни четлаб ўтмоқдалар. Тамаки маҳсулотларининг контрабандаси ва қалбакилаштирилишига қарши кураш учун бир қатор назорат чоралари ва жарималар қўлланилади. Чегараларда ва чакана савдода мунтазам текширувлар ўтказилади, қонунбузарликлар учун катта жарималар ва жиноий жавобгарлик белгиланган. Бироқ, бу чоралар самарадорлиги ҳали ҳам савол остида. 2023 йилнинг май ойида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги ЎзР Қонуни қабул қилинган бўлиб, унда қатор соҳа ва тармоқларга, ҳуқуқ тартибот органлари, қонун қабул қилувчи ва ижро этувчи идораларга вазифа ва ваколатлар берилган. Бироқ, амалда ушбу ҳужжат тўлиқ қамраб олинмагандек.
Қонун фуқароларнинг, энг аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, бу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтириш учун ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилгандир.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
“алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик мақсадларда ишлатиш ниятисиз ўз эҳтиёжлари учун олиб киришга;
алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларини кўргазмавий намуналар ва синовлар учун намуналар сифатида юридик шахслар томонидан олиб киришга;
экспортга реализация қилиш учун мўлжалланган ёки Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзида ўтадиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларига нисбатан татбиқ этилмайди”, – деб кўрсатиб қўйилган.
Бу борада қўшимча қандай ишлар қилинганини билиш мақсадида Ўзбекистон Сенати ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Ахборот сўров юборилди. Сенат томонидан берилган жавобга кўра;
“Афсуски, гиёҳвандлик, писихотроп, алькоголь, тамаки каби контрабанда ва контрафакт маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш нафақат мамлакатимизнинг балки жаҳон ҳамжамиятининг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бу борада, қатор қонун ҳужжатларига асосан контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келиши ва ноқонуний айланмасининг олдини олишга масъул этиб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат солиқ қўмитаси белгиланган.
Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 апрелдаги “Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПҚ–110-сонли, 2024 йил 3 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги ПҚ–204-сонли қарорлари билан контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келишининг ва ноқонуний айланмасининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Бундан ташқари Олий Мажлис Сенати томонидан мутасадди идораларга контрабанда ва контрафакт маҳсулотлари кириб келишининг ва ноқонуний айланмасининг олдини олиш ва бу борадаги қонунбузарликларга қарши курашиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги мавжуд ҳаволаларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, шунингдек, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва эскирган тартибга солиш механизмларини бартараф этиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш каби қатор тавсиялар берилган”, – дейилади Сенат ахборот хизматининг Ахборот сўровимизга берилган жавобда.
Чегаралар ва чакана савдода назоратнинг етарли эмаслиги
Чегаралар ва чакана савдода назоратнинг етарли эмаслиги муаммонинг яна бир жиддий сабабидир.
Охирги беш йилда Ўзбекистонга тамаки контрабандаси асосан қуйидаги мамлакатлардан кириб келган:
- Қозоғистон: Қозоғистон билан чегарадаги қўшнилик ва чегара назоратининг баъзи нуқсонлари туфайли контрабандачилар учун қулай йўл бўлиб қолган.
- Қирғизистон: Қирғизистондан ҳам контрабанда маҳсулотлари кўп миқдорда кириб келмоқда. Бу ердаги эркин бозор шароитлари ва чегара назоратининг етарли эмаслиги сабаб бўлади.
- Тожикистон: Тожикистон билан чегарада ҳам контрабанда фаолияти юқори даражада. Бунда кўпинча тоғли ҳудудлардан фойдаланилади.
- Россия: Россиядан келувчи тамаки маҳсулотлари ҳам кўп бўлиб, Россия бозоридаги арзон тамаки маҳсулотлари Ўзбекистон бозорида қайта сотилиши учун олиб келинади.
Йўқотилган солиқ тушумлари
Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулотларининг улуши расман 24,3 фоизга етди, бу эса мамлакат иқтисодиётидаги хавотирли ҳодисадир.
Сигарет контрабандаси муаммоси долзарблигича қолмоқда ва давлат учун катта харажатларни келтириб чиқармоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ноқонуний савдодан кўрилган зарар 1 триллион сўмни ташкил қилиши мумкин, бу тахминан 80 миллион долларга тенг.
Тамакисоз тамаки саноати уюшмаси маълумотларига кўра, контрабанда сигаретларининг 70 фоиздан ортиғи БААдан, 8,2 фоизи эса Жанубий Кореядан келади.
Бу сигареталар транзит қоидаларини четлаб ўтиб, Ўзбекистонга фирибгарлик йўли билан кириб келади ва жиддий иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлади.
Бу эса инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва бошқа ижтимоий дастурларни ривожлантириш учун зарур бўлган маблағларнинг етишмаслигига олиб келади. Чунки, ноқонуний бозор адолатсиз рақобат яратади. Бу уларнинг даромадларининг камайишига ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришга бўлган инвестицияларнинг қисқаришига олиб келади.
Бу муаммога қарши курашиш учун экспертлар турли чора-тадбирларни, жумладан, Давлат божхона бошқармасида депозит ҳисобварақларини жорий этиш ва акциз маркаларисиз тамаки маҳсулотларини Ўзбекистон орқали транзит қилишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Контрабанда ҳажмини камайтириш учун айрим маркадаги сигареталар импортини тақиқлаш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда. Иқтисодий йўқотишлардан ташқари, стандартларга жавоб бермайдиган ва истеъмолчилар саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган ноқонуний тамаки маҳсулотларининг сифати ҳақида ҳам саволлар туғилади.
Мамлакатда Солиқ органларининг айни ушбу йўналишда олиб бораётган фаолияти билан танишиш мақсадида нашримиз Давлат Солиқ Қўмитасига ахборот сўрови юборди.
Унга кўра қуйидагича берилган саволларга, Солиқ қўмитаси ахборот хизмати томонидан жавоблар олинди.
2020-2021-2022-2023 ва 2024 йилнинг шу даврида Солиқ органлари томонидан Республика бўйича контрабанда тамаки маҳсулотлари тарқатилиши, сотилиши ва истеъмол бозорларига чиқиши бўйича қанча ҳолатлар аниқланган ва қайси ҳолатларда уларга нисбатан жарималар қўлланилган (ҳар бир йил бўйича алоҳида)?
Жавобга аҳамият қаратадиган бўлсак,
“2020 йилда 14 та ҳолатда 13,4 миллион сўмлик;
2021 йилда 84 та ҳолатда 112,3 миллион сўмлик;
2022 йилда 673 та ҳолатда 719,4 миллион сўмлик;
2023 йилда 632 та ҳолатда 1 602,3 миллион сўмлик
2024 йилнинг ўтган даврида 49 та ҳолатда 439,2 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари ноқонуний савдога қўйилганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда олиб қўйилган”, – дейилади.
Солиқ органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ноқонуний тамаки айланмасига қарши қай тарзда курашади. Рейд тадбирлар қанча муддатларда ўтказилади, деган саволга,
“Ноқонуний тамаки айланмаси юзасидан келиб тушган ишончли маълумотлар асосида заруратга қараб, Солиқ органлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда ўзаро келишув асосида ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказиши мумкин. Сайёр солиқ текшируви ўн кундан кўп бўлмаган муддатда ўтказилади”, – дейилган.
Агар савдо нуқталарида ноқонуний тамаки маҳсулотлари сотилаётган бўлса ва харидор уни харид қилгач НКМ чекини талаб қилса, харидорга берилган (берилмаса) чекда бошқа маҳсулот тури кўрсатилган тақдирда у қаерга, қандай тартибда мурожаат қилиши керак?
“Сотилган маҳсулот учун ОНКМ чекларида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган Низомнинг 7-бандига асосан қуйидаги маълумотлар бўлиши керак: банк картаси тури; чекнинг тартиб рақами; онлайн-НКМнинг завод рақами ёки виртуал кассанинг серия рақами; тадбиркорлик субъектининг номи; солиқ тўловчининг индентификация рақами (СТИР); пулли ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган манзил; Комитент (воситачи) СТИРи; товар/хизмат номи; маркировка қилинадиган товарлар учун маркировка белгиси; Маҳсулотлар (товар ва хизматлар) ягона электрон миллий каталоги бўйича идентификациялаш коди; маҳсулотларнинг (товар ва хизматларнинг) штрих коди; ўлчов бирлиги; товар/хизмат миқдори; товар/хизмат нархи (қиймати); товар/хизматнинг қўшилган қиймат солиғи ставкаси; товар/хизматнинг қўшилган қиймат солиғи суммаси; тўлов шакли: нақд, пластик карта ёки аралаш; тўловнинг жами суммаси; харид учун тўловнинг қўшилган қиймат солиғи жами суммаси; тўлов санаси ва вақти. “SoliqUz” мобил иловасидаги “Солиқ ҳамкор” бўлими орқали тамаки маҳсулотлари билан ноқонунний савдо қилиш турини танлаган ҳолда мурожаат юбориш мумкин”, – дейилади ахборот хизматининг нашримиз сўровига берган жавобида.
Аҳоли саломатлигига таъсири
Қалбаки сигаретлар аҳоли саломатлиги учун катта хавф туғдиради. Улар кўпинча сифат стандартларига риоя қилмасдан ишлаб чиқарилади, зарарли моддалар ва токсик қўшимчаларни ўз ичига олади, бу эса касалликларнинг ортишига ва истеъмолчиларнинг умумий соғлиғининг ёмонлашишига олиб келади. Истеъмолчилар эҳтиёжларининг тамаки бозорига таъсири катта бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали ўтказилган аудитория сўрови орқали бу муаммо янада чуқурроқ ўрганилиши мумкин. Истеъмолчилар сифатли ва хавфсиз маҳсулотларни хоҳлашади, ва қалбакилаштирилган маҳсулотларнинг мавжудлиги уларда норозилик уйғотади.
Бу борада, амалдаги қонун хужжатлари қанчалик самарали ишламоқда, юридик нуқтаи назардан контрабанда ва контрафакт махсулотлари айланмаси қачон тўхтатилиши мумкинлиги ҳақида ҳуқуқшунос Мадина Турсуновага савол бердик.
“Умуман олганда, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини сотиш бўйича савдо қоидалари алоҳида белгиланган. Ундан ташқари уларни мамлакатга олиб кириш масалалари, ҳуқуқий масалалари айнан божхона кодекси билан тартибга солинади. Бу дегани, улар албатта божхона органлари томонидан расмийлаштирилиб, керакли бўлган акциз маркалари билан белгиланади. Ундан ташқари, Ўзбекистонда ҳозирги кунда рақамли маркировка кучга кирди. Ҳар бир қонуний йўл билан олиб кирилган ёки қонуний йўл билан ишлаб чиқарилган тамаки ва алкоголь маҳсулотида давлат томонидан тасдиқланган акциз маркаси ёки QR-код кўринишидаги рақамли маркировка бўлиши керак. Бундан ташқари савдо расталарида ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш соғлиқга зарар келтириши тўғрисида белгилар ҳам бўлиши керак. Бу қонун талаби. Ундан ташқари, биламизки, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари фақат 21 ёшга тўлган фуқароларга сотилиши мумкин. Шунинг учун агарда қандайдир бир савдо расталарида тамаки ва алкоголь маҳсулотлари акциз белгиларисиз ёки рақамли маркировкасиз сотилаётган бўлса, бу аниқ ноқонуний йўллар билан кириб келган контрабанда маҳсулотлари ёки ноқонуний ишлаб чиқарилган маҳсулот”,– дейди ҳуқушунос, патент вакили Мадина Турсунова.
Биз фуқаролар билан сухбатлашганимизда, айримлари акциз марка нимаю, рақамли маркировкалаш тизими нима эканлигини билмаслиги маълум бўлди.
Юқорида таъкидланганидек, тамаки ва алкоголь маҳсулотлари соғлиқ учун зарарли бўлган одатларга асосланган товар ҳисобланади, бироқ шундан фойдаланиб катта фойда олиш мумкин. Айнан шу омил сабабли кўп давлатлар тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва истеъмол қилиш учун турли хил солиқларнинг юқори ставкаларини белгилайди.
Муаммони ҳал қилиш учун давлат ва жамият даражасида амалга оширилиши мумкин бўлган аниқ чора-тадбирлар
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак, муаммони ҳал қилиш учун давлат ва жамият даражасида қуйидаги ишлар амалга оширилиши керак деб ҳисоблаймиз:
– Қонунчиликни янада кучайтириш ва қатъий назорат чораларини қўллаш.
– Чегаралар ва чакана савдо нуқталарида текширувларни кучайтириш.
– Ижтимоий ахборот кампанияларини амалга ошириш орқали аҳоли ўртасида хабардорликни ошириш.
– Расмий ишлаб чиқарувчилар ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Сигаретларнинг контрабандаси ва қалбакилаштирилишига қарши кураш самарадорлигини ошириш учун қонунчиликни кучайтириш, чегараларда ва чакана савдода назоратни яхшилаш, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилиш зарур. Аҳоли ўртасида муаммо ва унинг оқибатлари ҳақида хабардорликни ошириш ҳам ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасига қарши курашда муҳим ўрин тутади.
Бобур Каримов
Шарҳлар