Бозор бузилишига ҳайратланиб қараётган тошкентликлар, Қўйлиқдаги улгуржи савдо маркази бошқа жойга кўчирилди
5 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги телеграмдаги расмий каналида Қўйлиқдаги “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”да қурилиш ва реконструкция ишлари бошланишини маълум қилди. Шу сабабли, бозор вақтинча ёпилди. Ҳокимлик реконструкция даврида бозордаги тадбиркорларга ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларда давом эттиришни таклиф қилганди.
Anhor.uz интернет нашри орадан бир кун ўтиб, бугун, 6 январь куни бозорга борди. Савдогарлар аллақачон бошқа савдо нуқталарига кўчирилиб бўлинган.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қулай жойлашув нуқтасида бўлган, сиз тасвирда кўриб турган бозорда савдо расталари ва дўконлари бузилаётганини кўришингиз мумкин. Бозорга кираверишда эса “бозор ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши сабабли ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қиламиз” ёзуви акс этган ёзув тахталари ўрнатилган. Бу ер яқин орада нима бўлади, бозор қайта тикланадими йўқми, бу ҳақда на бозор ҳудудига, на пойтахт ҳокимлигининг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган.
2021 йил 7 декабрда Тошкент ҳокимлигининг телеграмдаги каналида “Пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони жойлашган манзилда йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши ишлари режалаштирилган. Шу муносабат билан «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилади” деган мазмунда хабар берилган эди. Орадан бир оз вақт ўтгач, 2022 йилнинг июнь ойида шаҳарнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши сабабли “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва “Қўйлиқ” универсал савдо дўкони объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорни имзолаганди.
Кейинроқ, 2022 йилнинг 24 июнида шаҳар ҳокимлиги “ҳудуди шаҳар эҳтиёжлари учун тортиб олинаётган «Қўйлиқ» бозори бузилмаслигини” маълум қилиб, ҳудуддаги автотураргоҳнинг бир қисми ва вақтинчалик қаторлар йўл ўтказгич қуриш учун ажратилишини билдирганди. Айни пайтдаги манзара эса буларнинг яққол тескарисини кўрсатмоқда.
Бозор ҳудудига борганимизда масъуллар билан учрашишнинг имкони бўлмади. Бозор бузилаётганлиги сабабли унинг ҳудудига киришда муаммолар бор. Тасвирга олишни якунлаб, бу ерда фаолият юритган тадбиркорлар кўчиб ўтган янги ҳудудга бордик.
Чиндан ҳам эски бозор ҳудудидан, Food cityгача бўлган йўналишда бепул автобуслар қатнови йўлга қўйилган.
Тасвирда кўриб турганингиз Қўйлиқдаги бозордан янги жойга кўчиб ўтиб, фаолиятини бошлашга киришаётган бозор манзараси. Ҳамма ўз юмуши билан овора. Бу ердаги ёпиқ мажмуаларда аввалдан фаолият юритаётганлар одатдагидек ишларини давом эттирмоқда. Мажмуа ёнидаги очиқ майдонларга эса Қўйликдаги бозордан кўчиб ўтган тадбиркорлар жойлашишни бошлаган, айримлари савдони ҳам ташкиллаб юборган. Бироқ, уларнинг кўчирилганидан кайфиятлари аъло эмаслигини билсангиз бўлади.
Исмини айтишни ва ўзини кўрсатишни истамаган савдогар аёл биз билан ўз фикрларини бўлишди. (видео материалда)
Айни пайтда Қўйлиқдан ушбу ҳудудга кўчиб ўтган сотувчилар бу ерда қандай шартлар асосида фаолият олиб боришлари борасида ҳам аниқ маълумотга эга эмас. Савдогарларнинг сўзларига кўра кўчиш бўйича 1-2 кун аввал огоҳлантириш беришган. Пойтахт ҳокимлиги билан боғланишнинг иложи бўлмади.
Таҳририят ахборот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигига “Ахборот сўрови” юборди. Шулардан келиб чиқиб, Anhor.uz Қўйлиқдаги бозор масаласи ва савдогарларнинг кейинги фаолиятлари бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлардан жавоб кутиб қолади.
Шарҳлар