Россиялик ёзувчининг “Шунчаки қўшиб олиш”и, “Русча маданият ва рус тили”, “Мигрантларимиз-чи?”, “Уларни “Қора рўйхат”га киритаиш керак”: гап-сўзларга ким қандай муносабатда бўлмоқда

Фото: видеодан фото кўчирма

Россиялик ёзувчи Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб олишни ва унинг аҳолисига рус тилини ўргатишни таклиф қилиши ортидан Ўзбекистон ОАВлари, тармоқ фаоллари, депутатлар, блогер ўз фикрларини улашишни бошлади. Аввалроқ унинг фикрлари келтирилган материални эълон қилган эдик.

Россиялик ёзувчи, “Адолатли Россия” партияси аъзоси Захар Прилепин Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларни Россияга қўшиб олишни таклиф қилди. Унинг фикрича, СССР парчаланиши ҳақидаги барча ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб топилиши ва қўшни давлатлар жуда кўп фуқаролари Россияга кетаётгани баҳонасида “шунчаки тўлиқ қўшиб олиниши” кераклиги ҳақида гапирган.

“Аслида мен ҳам меҳнат муҳожирлари бизга келган бу ҳудудларни бутунлай қўшиб олиш ва рус тилини жойида ўргатиш кераклигини чин дилдан ёқлайман. Бу ерда эмас, масалан, Ўзбекистонда. Мен жиддий гапиряпман, ҳазиллашаётганим йўқ, аҳмоқона ўйлаётганим ҳам йўқ. Биз Совет Иттифоқи парчаланишини рад этиш мавзусини кўтарамиз, бу бизга исталган вақтда айтишга имкон беради: “Сизнинг икки миллион фуқароларингиз бизнинг ҳудудимизда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз. Чунки бу ерда сизларнинг кўпчилигингиз ҳатто унга овоз бердингиз. Киевдаги параддан кейин Евроосиё ҳудудида фойдали иш қилишимизни ким тақиқлайди? Ҳеч ким”, — деган Прилепин.

Унинг сўзларига эътибор қаратган, журналист, телеграмдаги “Муҳрим” канали маъмури Муҳрим Агзамхўжаев шундай ёзмоқда:

“Пандемиядан аввалги йилмиди, Ўзбекистон ҳақида, уни СССР чегарасида яна Россия таркибига қайтариш ҳақида кўп ва хўб гапирган Владимир Жириновский деган балони Бухорода зўр ҳурмат-эътибор билан кутиб олиб, чопонлар кийгизишганди. Бу иш, Жириновский қандай лавозимдаги шахс бўлишидан қатъи назар, тентаклик эди”, – дейди Муҳрим. 

Унинг қўшимча қилишича, “Менимча, келгусида мана шундай тентакликлар бўлмаслиги учун ҳам Ўзбекистонга умуман киритилмайдиган советпараст чет элликлар рўйхати шакллантирилиши ва очиқ танишишга имконли бир кўринишда эълон қилиниши керак – улар Ўзбекистонга келгани ҳамоноқ аэропортнинг ўзидан депортация қилиниши ва “умуман қорангни кўрмайлик бу ерда” деб тушунтириб юборилиши шарт. Бу рўйхатга дуч келган одам киритилавермайди, айнан – хатти-ҳаракатлари, гапирган гаплари Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид сифатида кўрилган шахслар асос билан киритилади. Масалан, «СССР қандай парчаланган бўлса, ўша ҳолида тикланиши керак», «СССР ноқонуний парчаланган, унинг парчаланиши ҳақидаги ҳужжатлар ноқонуний ва ҳақиқий эмас», деса, тамом”, – дея ўз фикрларида давом этган.

“Қора рўйхат”га киритиш

Телеграмда “Davletovuz” ёзмоқда. “Бундай таҳдидларга аниқ ва кескин жавоб қайтарилиши, Россия элчисидан изоҳ талаб қилиниши керак. Ва албатта, умрбод “қора рўйхат”га киритилиши лозим”лигини қайд этмоқда.

Прилепин ўз сўзида “Россиянинг бунга ҳаққи борлигини, бунга унинг ишончи комил эканлигини, чунки унинг ҳудудида собиқ СССР давлатларидан кўплаб муҳожирлар яшаётганлигини” қайд этган.

Болгер Ислом Капарзо эса видео хабар қолдирган унда айтилишича: “Бизни ҳеч кимга “қўшиб олишига” йўл қўймаймиз, мустақилликни керак бўлса қурол билан ҳимоя қиламиз”, – деган.

Депутатлар нима дейди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов эса “Дўстликка раҳна солманг” деган. Унинг бу сўзларини “Депутатлар нима дейди?” телеграм каналида эълон қилинган.

Шунингдек у, “Захар Прилепиннинг урушни тарғиб қилишга қаратилган чиқиши қалбимизни ларзага солди”, – дея Прилепинга шундай жавоб ёзган.

“Жаноб Прилепин шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон МУСТАҚИЛ, СУВЕРЕН ДАВЛАТ. Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди. Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир. <…> Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди! Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, – деган Қудратов

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ўзининг телеграмдаги каналида видео хабар ва изоҳлар қолдирган.

Бекмуродовга кўра: “Захар Прилепиннинг “Ўзбекистонни босиб олиш» таҳдиди мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда. Унинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур.  Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда”, – дейилади. 

“Давлатчи? Ҳукумат эса ҳар доимгидек жим. Бундай гап -сўзларнинг тарқалиши биринчиси эмас”, – демоқда тармоқ фойдаланувчилари.

Собиқ Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг сўзлари эътиборни тортади. Унинг икки пости остида 1000 дан зиёд изоҳларни кўриш мумкин. 

“Жаноб Прилепин ва Ўзбекистонни босиб олмоқчи бўлаётган бошқаларга биринчидан, ўз тилида «пошёл на х… Афсуски Россия сиёсатчилари томонидан бу каби баёнотлар берилиши кўпайса кўпаймоқдаки, асло камаймаяпти. Бу эса хавотирли. <…> Дарвоқе, Шимолий Кореани ракета учирганидан ташвишга тушадиган Ташқи ишлар вазирлигимиз ҳеч бўлмаса ҳозир уйғониб, бу бўйича расмий Нота юбориши керак», – дейди Кушербаев. 

Facebookнинг ўзбек жамияти фойдаланувчиларига кўра

Блогер Зафарбек Солижоновнинг Facebookда ёзишича Видеода мигрантлар сони урғуланиши орқали Кремль босимини ҳис қилиш мумкин. Мигрантларнинг аксари эса аввалги ва ҳозирги ҳукумат хатоларининг ҳосиласи холос. Давлатчилик мустаҳкамланиши, фуқаролик жамияти ривожланиши, коррупция даражаси кескин камайишига хизмат қилишга хизмат қилувчи ва шу каби бошқа муҳим лойиҳалар ижроси ҳалиям пайсалга солиняпти. Бу эса босқинчи буюк давлатлар фойдасига хизмат қилаверади. Улар хоҳлаган кайфиятини кўрсатаверади. <…>  Депутатлар қаердаги бир шахснинг фикрига муносабат беришдан кўра муҳим саволларни ўзимизникиларга қаратсин. «Рус элчиси чақирилиб муносабат сўралади», «Нота юборилади…», – дейилган

Шунингдек, журналист Аброр Зоҳидов шундай ёзмоқда. 

“Захар деган битта ўрис «Ўзбекистонни босиб олишимиз керак» деб ОАВда очиқ айтди. Бу ўзининг фикрими? Путинқуллар, изоҳ беринглар?”. Пост остида эса 50 дан ортиқ яна турлиф фикрларни ўқишимиз мумкин.

Ушбу пост остида фойдаланувчи Абу Абдуллоҳ Ҳамроев шундай ёзмоқда.

“Асли буни Ўзбекистон учун тарсаки деб қабул қилиш керак. Тезда хукумат даражасида жавоб қайтариш лозим. Шу холатга келишга олиб келган сабабларни топиб ечим ишлаб чиқиш керак. Ховлимизга тош отишни бошлади булар. Сукут ризо аломати дегандек. Мустақил юрт фуқороси сифатида керакли ташкилотлардан муносабат кутиб қоламиз”, – дейилган.

Бошқа фойдаланувчилар эса “Захар Прилепинни “Ёмон туш кўрган” деб” гумон қилишмоқда.

Юқоридаги каби ҳолат бу биринчиси эмас. Аввалроқ, 19 октябрда ТАСС Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ёшлар сиёсати бўлими мудири Қаҳрамон Қуронбоевнинг Давлат Думаси ўринбосари Владислав Даванков билан учрашувида Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари фарзандлари учун Ўзбек диаспораси ҳисобидан Россияда хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очишда кўмаклашишни сўрагани ҳақида хабар берган эди. 

Россиялик депутат эса “Мен фикримча, албатта, Ўзбекистон ўз фуқаролари учун болалар боғчалари ва мактаблар қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга чиқиб кетган фуқароларини қайтариб олиши керак. Чунки, масалан, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисми Россияда яшайди. Бу вазият Тожикистон ва Россия учун тўлиқ нормал эмас”, деган Михаил Делягин. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” Миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов жавобан ҳар қандай мамлакат учун ўз фуқаролари манфаати йўлида бундай ташаббусларни илгари суриш одатий ҳол эканлигини айтганди.

“Ҳеч ким бу ташаббусларни Россия қонунчилигидан ташқарида амалга оширмоқчи эмас. Иккинчидан, Россияда ишлаб келаётган ватандошларимиз албатта ҳалол меҳнати билан ўз оиласини, Россияни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Мигрантларнинг катта қисми – ёшлар бўлиб, иқтисодиёт ривожи учун меҳнат қилмоқдалар”, – деганди Бекмуродов. 

Шунингдек, Бобур Бекмуродов фикрича, Россиялик депутатнинг иттифоқдош мамлакатга нисбатан бундай жиддий айбловлар билдиргани “Россия билан муносабатларда сергаклик талаб қилинади”, деганлиги ҳам барчанинг ёдида.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров эса:

“Агар рус мактабларида ўзбек тилини ўқитиш рус миллатини камситиш бўлса, Ўзбекистондаги мактабларда рус тилида ўқитиш ўзбекларни камситишми?”, – деган ўйлантирувчи савол билан юзланганди.

Ноябрь ойида эса Давлат Думаси депутати Пётр Толстой Россиядаги муҳожирларнинг даромадларини ўз ватанларида рус мактаблари қуришга сарфлаш ташаббуси билан чиққан, бунга “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров қуйидаги фикрлар билан жавоб қайтарганди:

“Биз бошқа йўлдан борамиз – уларга ўзбек тилини ўргатамиз. Ва сиз ўзингиз ишлашни ўрганасиз. Бу рус тилига ҳақиқий ҳурматга олиб келиши мумкин”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.