Шаҳар резинадан қилинмаган

Шаҳарларнинг ҳаддан ташқари кенгайиши ва бу борада шошилинч қабул қилинган қарорлар келгусида салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Хусусан, қишлоқ хўжалик ерларининг, очиқ ҳудудларнинг  йўқотилиши, ишга узоқ вақт ичида етиб бориш, йўлдаги тиқилинчлар ва ҳавонинг ифлосланиши шулар жумласидандир. Яқинда Тошкент шаҳрининг чегараси кенгайтирилди, бироқ ҳукумат ушбу қарор Тошкент аҳолисининг турмушини қай даражада яхшилаши мумкинлиги ҳақида ҳеч нима демади. Архитектор-урбанист Анвар Мухамеджанов шаҳарнинг кенгайтирилиши қай даражада мақсадга мувофиқлиги ва ушбу қарор қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида фикр юритади.


 
Айрим экспертларнинг таъкидлашича, шаҳар чеккасининг кенгайиши шаҳар марказий қисмининг заифлашишига олиб келади. Бошқаларнинг сўзларига кўра, автомобилга боғлиқлик одамларни жисмоний фаолликдан маҳрум қилмоқда. Бироқ шаҳарни кенгайтириш ҳақидаги қарорнинг мақсадга мувофиқлиги одатда бир нечта оддий сабаблар билан изоҳланади. Уларга ҳаёт учун қўшимча кенгликнинг зарурлиги киради, чунки даромади юқорироқ одамларда кўпроқ кенгликни “истеъмол қилиш” истаги пайдо бўлади. бу машина харид қилишга ундайди, демакки, йўлларни ҳам кенгайтириш зарур бўлади. Ушбу мантиқий бўлиб кўринган ҳаракатларга қарамасдан, шаҳарнинг кенгайишини танқид қилиш, агар бу ҳаракатлар жамиятга зарар етказса, ўзини оқлаши мумкин.
 
Бозордаги бузилишлар ва очиқ ҳудудларнинг йўқотилиши
 
Ушбу бузилишларнинг биринчиси очиқ ҳудудларнинг қулайлиги ва бу ҳудудлар қурилишлар билан қамраб олинганида, уларнинг йўқолиши. Айтайлик, бўш ҳудуд жамиятга қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилганидан кўра миллиард марта кўпроқ фойда келтиради. Кўп ҳолларда, ерлар қишлоқ хўжалик типидан шаҳар типига ўтказилганида, бўш ҳудудларнинг фойдаси эътиборга олинмайди.

Масалан, участка эгаси ерни (Е) муайян миқдордаги пулга қурилишга беради (Еқ), чунки у бундан шу ерда қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришдан кўра кўпроқ фойда олади. Жамият эса, ўз навбатида, ер эгасининг очиқ ҳудудидан фойдаланиш манфаатини йўқотади ва унинг манфаатлари (ЖМ) инобатга олинмаганидан шикоят қилади.
 
Урбанист эса, қурилиш қишлоқ хўжалик рентасининг йўқотилган даромадини ҳамда шаҳар аҳолиси томонидан жамоатчилик ҳудудидан фойдаланиш манфаатини компенсациялаши мумкин бўлган ҳолатдагина, ерни қурилишга беришга ҳаракат қилади (Е+ЖМ=Eқ). 

Шу боис урбанистнинг нуқтаи назаридан ижтимоий оптимал шаҳар чегараси фақат бўш майдон қурилиши ер эгасининг ҳам, жамиятнинг ҳам манфаатларини инобатга оладиган жойда ўрнатилиши мумкин.

Бундан шу келиб чиқадики, жамиятнинг қўшимча манфаати сабабли шаҳарнинг ижтимоий оптимал чегараси, ер фақат фойдага тенг бўладиган (Е=Еқ) эркин бозор механизмлари билан иш кўрадиган шаҳар қурилишларга қараганда, ҳудуд жиҳатдан анча кичик. Айнан шу сабабли бозордаги бундай бузилишларни назорат қилиш учун, шаҳарнинг ижтимоий-оптимал ўлчамини мувозанатлаштириш мақсадида, давлат вақтинчалик тақиқларни, ерлар қурувчи томонидан ўзлаштирилишига солиқларни жорий этади. Бироқ кенгайишга қарши олиб бориладиган хато сиёсат ҳам аҳолининг ҳаёт даражасини ёмонлаштириши мумкин.
 
Бозордаги бузилишлар ва йўлдаги тиқилинчлар
 
Кейинги бузилиш йўл ҳаракатига тааллуқли, йўлдаги тўпланиб қолишлар унинг манбаи ҳисобланади. Бу бузилиш катта юкламали йўлда пайдо бўладиган ҳар бир ортиқча машина бошқа автомобилларнинг юришини секинлаштириши сабабли юзага келади.

Бу барча ҳайдовчиларнинг йўлга сарфлайдиган вақтини оширади. Тиқилинчларга сарфланадиган чиқим ҳайдовчиларнинг ўзи томонидан бирданига ҳосил қилингани боис, ҳайдовчиларнинг ҳеч бирида ўз масъулиятини инобатга олишга рағбат йўқ, чунки бу ерда ҳар бир ҳайдовчининг вақт ва маблағ бўйича шахсий харажатлари умумий ижтимоий чиқимларга қараганда камроқ туради. Натижада, биз йўлларда тиқилинчларга эга бўламиз.

Ушбу бозор бузилишини бартараф этиш учун йўловчилардан бошқа ҳайдовчиларга юклатилган юкламага пул қийматидаги харажатларга тенг бўлган тиқилинчлар учун тўлов ундирилади. Йўл йиғими учун тўлов шаҳарни ижтимоий оптимумга келтирган ҳолда, бозор бузилишини тузатгани учун бундан шу нарса келиб чиқадики, эркин бозор шароитларида ушбу тўловсиз шаҳар ўлчамлари ҳаддан ташқари катта. Шундай қилиб, шаҳар эркин бозор шароитида жуда кўп жойни эгаллайди. Бироқ йўлдаги тиқилинчларни баратараф этиш учун йўл йиғимлари жорий этилганида, шаҳар чеккасида истиқомат қилувчи аҳоли йўлга сарфданадиган пул ва вақтни тежаш учун марказга яқинроққа силжийди. Бундай йўл йиғимларидан Сингапурда, Лондонда ва Стокгольмда марказ очиқ бўлиши учун кенг фойдаланилади.
 
Аҳоли саломатлигига тўхталадиган бўлсак, автомобилларга боғлиқ бўлган ҳолатдаги ҳаракатланишлар кам ҳаракатли ҳаёт тарзига ва ортиқча вазнга олиб келади. Бироқ сиафтли жамоат транспортидан фойдаланувчи аҳоли, аксинча, кўпроқ юради, бунинг натижасида нормал вазн ушлаб турилади.
 
Бошқа бузилишлар
 
Улар асосан бозорнинг эмас, балки ҳукуматларнинг ҳаракатлари натижасида юзага келади.
 
Биринчи бузилиш шаҳар инфратузилмасини молиялаштириш билан боғлиқ бўлиб, унга кўчалар, канализация, истироҳат боғлари ва мактаблар киради. Бунда кўп нарса шаҳар кўламига боғлиқ.
 
Масалан,канализация линияси шаҳар марказидан қанчалик узоққа кенгайса, насос ускуналари билан боғлиқ харажатлар ҳам шунчалик ошади, чунки ускуналар тозалаш иншоотларидан тоборо узоқлашиб боради. Одатда бу харажатлар кўчмас мулкдан олинадиган солиқлар орқали шаҳар аҳолиси орасида тақсимланади. Кўп ҳолларда бу солиққа шаҳар чеккасида янги уйлар ва инфратузилма қурилиши ҳам киради.

У орқали шаҳарда истиқомат қилувчи фуқаролар янги қурилган уйларга хизмат кўрсатиш қийматини тўлашга ёрдам беради, акс ҳолда уларнинг қиймати бу уйларда келгусида истиқомат қилувчи фуқаролар учун ҳаддан ташқари қиммат бўларди.  Натижада, шаҳар чеккасида янги қурилган уйларга кўчиб келган янги аҳоли ўз уйлари учун тақдим этилган инфратузилманинг ҳақиқий “чегаравий қийматини” тўламайди, бу эса шаҳар чеккаларининг кенгайишига туртки бўлади. Агар янги кўчиб келган аҳоли инфратузилма учун ҳақиқий харажатларга тўқнаш келганида, шаҳар чеккасини кенгайтириш унчалик мафтункор бўлмасди.

Пасайтирилган нархлардаги бузилишни камайтириш учун ҳукуматлар “таъсирга” солиқ жорий этади, унга кўра қурувчи компаниялар ўз қурилиши учун зарур бўлган инфратузилма қийматини бевосита тўлайди. Шунингдек улар йўллар ва мактабларга тушадиган қўшимча юклама учун йиғимларни ҳам тўлаши мумкин, чунки бу уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар худди шу йўллардан фойдаланади ва фарзандларини шу мактабларга ўқишга беради. Бу йиғимлардан ташқаил топадиган тушум давлат хизмат кўрсатадиган ўша йўллар ва мактабларга кетадиган харажатларни қоплаш учун фойдаланилиши мумкин.
 
Бу уй-жой нархининг қимматлигида акс этади, айнан шу нарса шаҳарнинг ўсишини ҳам ушлаб туради.
 
Иккинчи бузилиш уй хўжаликларига бериладиган “солиқ субсидиялари” орқали ишлайди. У катта ўлчамдаги уйларни рағбатлантирган ҳолда, юқори даромадга эга уй хўжалигининг қийматини сунъий пасайтиради. Ўз навбатида, катта уйлар, шаҳарни тоборо кўпроқ ерларни эгаллашга мажбур этган ҳолда, кўп ерни эгаллайди.
 
Учинчи бузилиш ёнилғи қийматини камайтириш орқали автомобиль транспортини субсидиялашни ўз ичига олади, бу, ўз навбатида, қурилиш қийматига ва йўлларни сақлашга таъсир кўрсатади.  Натижада машина ҳайдаш сунъий равишда арзонлашади, бу эса фуқароларни машинада кўпроқ юришга мотивациялайди.  Шаҳар ва сафарлар катталашади, аҳоли пунктларининг ёйилиш даражаси ошади. Жамоат транспортига ҳам субсидиялар тақдим этилади, бироқ улар иқтисодий самарадорлик жиҳатдан қисман ўзини оқлайди.
 
Тўртинчи давлат молиявий амалиёти қишлоқ хўжалигини рағбатлантириш ва ҳосил нархларини ушлаб туриш орқали шаҳар майдонини чеклаш йўналишида ишлайди. Ушбу сиёсат қишлоқ хўжалигини кўпроқ фойда келтирадиган қилиб, ер қийматини оширган ҳолда фермерга юқорироқ ижара ҳақини тўлаш имконини беради. Бу қурувчи компаниянинг ерни харид қилиш ва шаҳар ўлчамига таъсир кўрсатиш истагини камайтиради.
 
Ёйилиб кетган аҳоли пунктлари
 
Урбанистларнинг кўпчилиги шаҳарнинг кенгайиб кетишини шаҳар бўйлаб “сочиб ташланган” қурилишларга тенглаштиради, бунинг натижасида ўзлаштирилмаган ерларнинг кўп участкалари шаҳарнинг ташқи чегаралари доирасида қолади. Бундай бир ерга жамланган қурилиш одам яшайдиган метр квадратлар миқдорини тез ошириши мумкин бўлса-да, танқидчиларнинг кўпчилиги бу жараёнда кўп миқдордаги ресурслар беҳуда сарфланишини таъкидлайди.

Тарқоқ ривожланиш, масалан, микрорайон ёки марказдан узоқроқда йўлдош шаҳар қурилиши, шаҳарнинг ихчам ривожланиши билан таққослаганда, машинада юриш харажатларини оширади. Бунга қўшимча равишда шаҳарнинг ҳаддан ташқари кенгайиши шаҳар туманларини қайта режалаштиришга бўлган рағбатни бостиради, бу эса шаҳар марказларининг тушкун аҳволга келишига олиб келади.
 
Анвар Мухамеджанов

Архитектор-урбанист, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистри, халқаро ривожланиш ва минтақавий режалаштириш соҳасининг мутахассиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.