Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияси билан тиббий муассасалар 155 млн сўмлик тарғибот плакатларини харид қилгани маълум бўлди

Anhor.uz таҳририяти Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элвира Боситхонова томонидан имзоланган ҳужжатга дуч келди, унда мутасадди раҳбар вазирлик тизимидаги муассасаларга El madad guruh МЧЖ хусусий корхонаси томонидан тайёрланган “Жонкуяр тиббиёт ходимлари” деб номланувчи тарғибот плакатларини харид қилишга изн берган.

Ҳужжатда айтилишича, “Жонкуяр тиббиёт ходимлари” инновацион тарғибот воситаси 5 та плакатдан иборат бўлиб, Online QR Code технологиялари асосида тайёрланган.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Сизга мазкур тарғибот тўпламларини ўзингизнинг эҳтиёжингиз доирасида қонунчилик талабларига мувофиқ, харид қилишингиз мумкинлишини маълум қилади», – дейилади ҳужжатда.

Anhor.uz нашри Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига вазирлик ўз бошқармаларига конкрет етказиб берувчидан конкрет маҳсулотни сотиб олишга “изн берганида” ушбу ҳужжатнинг рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қай даражада мувофиқлиги юзасидан изоҳ сўраб мурожаат қилди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси таҳририят сўровига жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги барча ташкилотларга, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармасига юборилган хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Бироқ, Қўмита Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига таяниб, бугунги кунга қадар вазирлик тизимидаги бирорта тиббиёт муассасаси юқорида қайд этилган “Жонкуяр тиббиёт ходимлари” плакатларини сотиб олмаганини маълум қилди:

“…“Жонкуяр тиббиёт ходимлари” номли  тарғибот воситалари ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ва тизим ташкилотлари томонидан бугунги кунга қадар харид қилинмаганлиги маълум бўлди”, – дейилади Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг жавобида.

Бироқ xarid.uzex.uz давлат харидлари порталининг мустақил мониторинги Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг юқоридаги жавоби нотўғри эканини кўрсатмоқда.

Таҳририят республика тиббиёт муассасалари томонидан жами 45 дона ва умумий қиймати салкам 155 миллион сўмлик “Жонкуяр тиббиёт ходимлари” плакатлар тўплами харид қилинган камида 36 та ҳолатни аниқлашга муваффақ бўлди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Фидойи тиббиёт ходимлари” плакатлари тўпламларининг харид қилиниши ҳақидаги маълумотни нега яширганини аниқлай олмадик.

Таъкидлаш жоизки, бошқа мутасаддилар, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг собиқ ўринбосари Ю.Абсоатов, Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ҳокими ўринбосари Ж.Ҳақбердиев  ҳам El Madad Guruhi компаниясининг тарғибот маҳсулотларини харид қилиш бўйича тавсияларни берган:

Мирзо Субхонов 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.