Сурхондарёга сафар. Тамаки контрабандаси. “Milano” учун “Pall Mall” ёзуви билан берилувчи НКМ чеклари. Назорат органлари контрабандага қандай курашишмоқда / Anhor.uz репортажида

Anhor.uz ҳудудларда мамлакат чегаралари орқали Ўзбекистон ичкарисига кириб келаётган ноқонуний маҳсулотлар, ҳусусан, тамаки контрабандасига қарши курашишга оид қатор суриштирув ва таҳлилларни амалга ошириб келади. Нашримизнинг навбатдаги манзили мамлакатнинг олис чегара ҳудудларидан бири Сурхондарё вилояти бўлди.

Журналистимизнинг вилоятга қилган сафари, ҳудудда назорат органлари фаолият самарадорлиги, бозорлар ва савдо нуқталаридаги асл ҳолатлар қандай эканлиги ушбу материалда ва унинг видео шаклидаги репортажда тўлиқ баён этилади.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом”  чегара божхона постига қўшни давлатдан  кириб келган фуқаро бошқарувидаги юк автотранспорт воситаси белгилан тартибда  божхона назоратидан ўтказилганда автотранспорт воситасида юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товарлардан бошқа маҳсулотлар  борлиги маълум бўлади. Шундан сўнг, автотранспорт воситаси ҳолислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилади.

“Натижада, автотранспорт воситаси юкхонасида хуфёна тарзда қоғоз қутиларга жойлаштирилган, юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, хорижда ишлаб чиқарилган ва акциз маркалари бўлмаган умумий қиймати 1 млрд. 26 млн. сўмлик 3 хил  номдаги жами 27 000 қути сигарет маҳсулотлари юкланганлиги аниқланди”, – дейилган вилоят Божхона бошқармаси ахборот хизматининг Anhor.uz сўровига берган жавобида.

Шунингдек, нашримиз сўровига кўра берилган жавобда 2023 йилда ҳам вилоятда қатор мана шундай катта партияларда қўлга олинган жараёyлар бўлгани ҳам очиқланган. Унга кўра, 2023 йилнинг август ойида 1 та холатда “Сариосиё” темир йўл чегара божхона постига қўшни давлатдан  Тожикистон Республикасига ўтиш учун Ўзбекистон Республикасига кириб келган темир йўл поезди таркибидаги вагонлардан бири  божхона постида мавжуд бўлган темир йўл вагонларини сканер қилишга мўлжалланган инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказилганда, ушбу вагон божхона кўригидан ўтказилганда ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 12 млрд. 450 млн. сўмлик 957 500 қути “Milano London” номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланган.

2023 йилнинг сентябр ойида эса вилоятнинг “Болдир” темир йўл чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган темир йўл поезди таркибидаги вагонлардан бири  белгиланган тартибда божхона назоратида ўтказилади. Натижада, ушбу вагонда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 12 млрд. 771 млн. сўмлик 851 460 қути “Еsse Change” номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланади. Яна бир ҳолат эса ушбу йилнинг октябр ойида айни шу чегара божхона постида аниқланган. Унда юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган, акциз маркалари мавжуд бўлмаган ва божхона назоратидан яширилган умумий қиймати 15 млрд. сўмлик 999956 қути “MILANO” номли сигарет маҳсулотлари борлиги аниқланади.

Айни ушбу ҳолат нашримизнинг Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри ва вилоятнинг бошқа туманларидаги бозорлар, савдо марказлари ва майда савдо нуқталарида бор жараённи ўрганишга сабаб бўлди десак бўлаверади.

Оддий ҳаридор сифатида кириб борилган вилоят маркази ва туманлардаги қатор савдо нуқталарида чиндан ҳам ноқонуний йўллар орқали мамлакат ҳудудига кириб келган ва эркин муомалага чиқиб кетган тамаки маҳсулотлар бисёр. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби Сурхондарёдаги савдо нуқталарида ҳам контрабанда тамакиларни ҳам савдо пештоқларидан, ҳам яширинча касса остидан савдо қилинаётгани хатто таажжублантирмади ҳам.

Аслини олганда эса, мамлакат қонунчилигига кўра, акциз маркалари йўқ, рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ва соғлик учун зарарлилигини ифодаловчи ёзувларсиз тамаки маҳсулотларини эркин муомалада сотиш тақиқланган. Бу ҳолатларни эса уддабурон тадбиркорларнинг қонунларни четлаб ўтаётгани деймизми ёки назорат органларининг фаолияти қониқарли йўлга қўйилмаганими. Вилоятда назорат органларининг фаолият самарадорлигини билиш мақсадида Сурхондарё вилояти Солиқ бошқармасига юборган ахборот сўровимизга келган жавобга аҳамият қаратамиз.

«Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси ҳамда ҳудудий солиқ инспекциялари томонидан 2023-йил ўтган даври мобайнида давлат рўйхатидан ўтмасдан ноқонуний тартибда фаолият олиб борган 22 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан контрабанда ва контрафакт (тамаки) маҳсулотларини аҳолига сотиш фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, ушбу фуқароларга белгиланган тартибда далолатномалар расмийлаштирилиб, умумий қиймати 3 900 000 сўмлик тамаки маҳсулотлари суд татибида қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик сақлаш учун олинган ҳамда қонун талабларини бузган фуқароларга нисбатан жами 112 500 000 сўм миқдордаги молиявий жарималар қўлланилган.

Шунингдек, тамаки маҳсулотларини реализация қилаётган 1 та тадбиркорлик субъектида тамаки маҳсулотларини аҳолига белгиланган тартибда етказиб беришлари юзасидан сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, 1 та ҳолатда якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан солиқ кодексининг 2271-моддаси талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланиб, қонун бузилишини содир этган тадбиркорга нисбатан 58 977 000 сўм молиявий жарималар қўлланиганлигини маълум қиламиз», – дейилган.

Шунингдек, “Термиз шаҳар ҳамда барча туман ҳудудларда тамаки маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўрганишлар ўтказилиб, ўрганиш давомида контрабанда ва контрафакт товарларни сотмаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб огохлантириш хатлари берилиб назоратга олинганлигини”, – маълум қилинган.

Вилоятга сафаримиз давомида қатор савдо дўконларида тамаки маҳсулотларини ҳарид қилган бўлсакда у ерлардан НКМ чеклари олиш имконсиз бўлди, сотувчиларнинг эса баҳонаси тайёр, “Яқиндагина иш бошладик”, “Солиққа бориб келишга имкон бўлмаяпти, чек машина чиққан, олиб кела олмай турибмиз”, “Бу ер кичик дўкон бўлса, чек берилмайди, НКМси йўқ” ва шу каби фикрлар, хатто, Термиз шўаҳри маркази, “Дўстлик” маҳалласида жойлашган, “National Trend” МЧЖга қарашли савдо шаҳобчасида қўрқмасдан контрабанда сифатида малакаланувчи “Milano номли тамаки маҳсулоти учун “Pall Mall Blue” ҳарид қилди деган чекни тақдим этиш ҳолати ҳам бўлди. Шу ва шу каби ҳолатлардан 10 тасини Солиқ ҳамкори тизимига НКМ чекларини бермаслик ва Акциз марка талабларини бузиш бандларини кўрсатган ҳолда киритдик. Бу бўйича вилоят Солиқ бошқармасига яна бир бор ахборот сўрови юборилди. Ижроси бўйича келгуси материалларимиз орқали хабардор қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси ахборот хизматининг анҳор узга маълум қилишича, 2023 йил давомида – 291 та ҳолатда, қиймати 92,3 млрд сўмлик 5 млн 622 минг 442 та қути тамаки маҳсулотлари аниқланган. Бу жараён 2024 йилда ҳам давом эттирилиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 266 та ҳолат, қиймати 21,6 млрд сўмлик сал кам 979 минг қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Ушбу ҳолатлар бўйича қатор текширув ҳаракатлари олиб борилиб, суд ҳукмига тақдим этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

Қонунчиликка кўра, тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, қуйидаги жазо чораларидан бири қўлланилишига сабаб бўлади:

БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда (66 млн сўмдан 132 млн сўмгача) жарима;

3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш;

5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, мазкур ҳаракатлар қуйидаги ҳолатда содир этилган бўлса, 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади:

жуда кўп миқдорда;

уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб.

Огоҳ бўлинг, Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди…

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.