Тўсиқларни енгиш: ўсмир қизлар меҳнат бозорида ўз ўрнини қандай топиши мумкин
Жамиятдаги тенг ҳуқуқлиликни қабул қилишда катта ўзгаришлар бўлишига қарамасдан, аёллар учун ишга жойлашиш ва даромад топиш жараёнида ҳали ҳам кўпгина қийинчиликлар ва тўсиқлар бор. Аёлларнинг таълим даражаси ва жамиятдаги фаоллиги сезиларли даражада ошган бўлса-да, аёллар учун иш қидириш ва топиш мураккаблигича қолмоқда ва иш жойида тенгсизлик ва камситиш ҳақида саволларни келтириб чиқармоқда. Қонун 18 ёшга тўлмаган қизларга ишлашга рухсат берса-да, уларни ишга жойлаштириш билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд.
Ўзбекистондаги ўн олти ёшга тўлган ўсмирлар Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 77-моддасига мувофиқ ишга қабул қилиниши мумкин. Бундан ташқари, агар вояга етмаган ишчининг ота-онаси ёки ҳомийси ёзма рухсатнома тақдим этса, бу ёш муайян шартлар асосида 15 ёшга туширилиши мумкин.
Шартлардан бири: ўсмирларнинг иш вақти ҳафтасига 36 соат билан чекланган, бу олти кунлик иш ҳафтасида кунига 6 соатдан ошмаслиги керак. Агар ишга талабгор ўн олти ёшга тўлмаган бўлса, унинг иш вақти ҳафтасига 24 соатдан ошмаслиги керак. Шу билан бирга, тўлиқ иш куни ишламаган вояга етмаган ишчи учун иш ҳақи, тўлиқ иш куни ишловчи катталарникидан кам бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, агар ўсмир таълим олаётган бўлса, иши ўқиш пайтидан ташқари бўлиши керак.
“Мен IT касб мактаби Техникумни тугатдим. Ота-онам мен таълимимга пул тўлашга рози бўлишди, шунинг учун мактабда ўқишиб турган пайтимда SMM ва рақамли маркетинг билан таниша бошладим. Мактабни тугатганимда менда мутахассислик ва ишлаб, пул топишим мумкин бўлган лойиҳалар бўлишини билар эдим”, – дейди Ринат М. Ота-онаси боланинг келажагига сармоя қилиб, ўсмирга курсларни тўладилар, лекин қизлардан шунга ўхшаш ҳеч қандай воқеалар топилмади.
Ўсмир бола учун касблар
Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида ўсмирлар қандай касблар билан шуғулланишлари мумкинлиги ҳақида гапириб беришди. 219 та касб рўйхатидан асосан теле-, радиоэшиттириш, спорт ва санъат билан боғлиқ қисми кўпроқ.
Ушбу касблар ичида теле- ва радио компанияларида режиссёр ёрдамчиси, экскурсовод, фотограф, ҳакам, спорт мураббийси, оператор, дизайнер, аниматор, актёр, ансамбль артисти, иллюстратор, гримёр, каскадёр ва ҳунармандни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати 18 ёшгача бўлган шахслар учун мўлжалланмаган оғир ва хавфли касблар рўйхатини тасдиқлади:
- новвой
- ҳамир қорувчи;
- гўшт маҳсулотлари кесувчиси;
- музқаймоқ ишлаб чиқарувчиси;
- каштадўз;
- гипс қайнатувчиси;
- асфальтбетончи;
- йўловчилар поезди механиги-бригадири;
- тез тиббий ёрдам станцияси навбатчи шифокори;
- шуруплар пармаловчиси;
- вагонетка ҳайдовчиси;
- портлатиш устаси;
- гидромониторингчи;
- лампачи;
ва бошқа касблар.
Шунингдек, ўсмирларга ишга қабул қилишда синов муддатини белгилаш тақиқланади.
“Мен дугонамнинг ота-онасига қарашли қизлар кийимларини ишлаб чиқарувчи цехда ишлаганман. Кўйлакларга ҳар хил безаклар, тошчалар ёпиштирганман. Тайёр кўйлакларни қадоқларга терган пайтлар ҳам бўлган. Ойига 800 000 сўм чиққан, лекин мени расмий ишга жойлаштиришмаган”, – дейди Камила Р., унинг ёши 16 да. У цехда тўққизинчи ва ўнинчи синфлар орасидаги ёзда ишлаган.
Унинг сўзларига кўра – энг нохуш нарса бу унинг вазифасига кирмаган топшириқларни бажариш. Масалан, у цехдаги зинапояларни ҳидланган латта билан артиш учун навбатчи бўлиши керак бўлган. Аммо унинг айтишича ижобий томонлари ҳам бор эди. Камилани цех директори ўз қизининг синфдоши ва дўсти сифатида билгани учун, унга юз минг сўм қўшимча ҳақ тўланган.
Ишли аёллар
2018 йилда 67,4% меҳнатга лаёқатли аҳолини аёллар ва эркаклар ташкил этган.
“Мен уйимиз яқинидаги кафеда ишлайман. Онам бошланишида мен қандай уддалайман деб хавотир олган эди, чунки эндигина 16 ёшга тўлдим. Аммо кафе уйимизга жуда яқин жойда экани яхши, ота-онам ҳамма нарса яхшилигига ишонч ҳосил қилиб, энди хавотир олишмаяпти”, – дейди Равиля Д. У оиласи билан Чирчиқда яшайди ва келажакда Тошкентдаги университетга киришни ва вақти келиб пойтахтга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча иш ҳақи шахсий харидларини (кийим, шахсий гигиена воситалари) қоплайди, аммо вақт ўтиши билан у ота-онасига ёрдам беришни ва ўз таълимини тўлашни хоҳлайди.
Аёллар ва эркаклар ўртасидаги иш ҳақи тафовути сақланиб қолмоқда. Ўзбекистонда эркаклар ва аёллар меҳнатига тўловдаги тафовут сўнгги йилда 39%га етди.
Қонунга кўра, иш берувчи 18 ёшга тўлмаган шахслар билан катта ёшдаги ишчилар каби меҳнат шартномаси тузиши керак. Ушбу шартномада иш берувчи ҳамда ишчи иккаласининг асосий мажбуриятлари ҳамда меҳнат шароитлари белгиланади. Бундан ташқари, иш берувчи ёш ишчига меҳнат дафтарчаси бериши ва унинг меҳнат мақомига оид барча ўзгаришларни ёзиб бориши шарт, бўшатиш сабаблари бундан мустасно.
2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари сони 78 тани ташкил қилди, 461 минг талаба таҳсил олмоқда. Талабаларни камдан-кам ҳолларда расмий ишга жойлаштиришади, баъзан эса ўзлари ҳам бунинг заруратини кўрмайдилар. Шунинг учун банд талабалар ҳақиқий статистикасини топиш имконсиз.
Агар эркаклар ва аёллар ўртасидаги иш ҳақи фарқи қисқартирилса, бу дунё иқтисодиётида қўшимча 7 трлн. АҚШ доллари ўсишга олиб келиши ва жаҳон ялпи ички маҳсулотини 7% га ошириши мумкин. Аммо, жорий тараққиёт суръатида, гендер тенгсизлигини қисқартириш тахминан 132 йилга чўзилиши мумкин.
Жаҳон банки маълумотига кўра, 2023 йилда Ўзбекистон 138-ўринни эгаллаб, ўтган йилда ижобий ўзгаришларни намойиш этган 18 та мамлакат рўйхатига кирмади. Ўзбекистон 70,6 балл олди, бу 2019 йилдаги натижани такрорлайди. Бу натижа Россия (73,1 балл), Қозоғистон (75,6 балл), Қирғизистон (76,9 балл), Тожикистон ва Озарбайжон (78,8 балл)дан пастроқ.
Ўзбекистон ҳокимияти аёлларнинг ишдаги ролини ошириш учун қадамлар қўймоқда. Ўзбекистон Президентининг фармони ва ҳукумат қарорига кўра, давлат барча давлат олий таълим муассасалари магистратурасида таҳсил олаётган аёлларнинг ўқишини тўлайди. Имтиёз қишки қабул даврида магистратурага кирганларга ҳам тегишли. Бу қадам Ўзбекистон аёллари келажак лавозимга кўтарилишида фойдали инвестиция сифатида қаралиши мумкин. Хусусан, 2021/2022 ўқув йилида бакалавриат даражасида таҳсил олаётган аёллар улуши 47,2 фоиздан 46,5 фоизга камайган бўлса, магистратурада таҳсил олаётганлар салмоғи 42,9 фоиздан 49,7 фоизга ошган.
Аёллар ва ўсмир қизларга меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиб бериш ва уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш қанчалик муҳимлиги тобора аён бўлмоқда.
Иш берувчилар ва раҳбарлар хилма-хиллик иш жойида инновация, унумдорлик ва компанияларнинг узоқ муддатли муваффақиятига хизмат қилишини англашлари зарур. Аёллар ва ўсмир қизларни ишга жойлаштириш фақат тенг имкониятлар яратишга ёрдам бермай, балки уларни иқтисодий қарамликдан озод қилади ва ўз-ўзига баҳо бериш даражасини оширади.
Касбий кўникмаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун қулай шароитлар яратиш, таълим олиш ва касбий ўсиш имкониятларини яратиш муҳим. Шундай қилиб, аёллар ва ўсмир қизларни ишга жойлаштиришнинг фақат иқтисодий қийматини эмас, балки уларнинг кафолатланган тенг имкониятлар ҳуқуқини ҳам эътироф этиш муҳим. Фақат шунда биз кўпроқ адолатли ва инклюзив келажакни шакллантиришимиз мумкин.
Дарья Пензова
Шарҳлар