Фарғона ва Андижонда тамаки контрабандаси тўхташидан дарак йўқ, масъуллар қачон эътиборли бўлишади…
Қабул қилинаётган хужжатларни кузатганда Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт, хусусан, ноқонуний тамаки маҳсулотлари айланмасига қарши кураш кучаймоқда, бироқ бозор ва савдо нуқталарида сезиларли ўзгариш ҳанузгача йўқ. Anhor.uzнинг водий вилоятларига сафари давом этаркан навбатдаги манзил Фарғона шаҳри ва Андижон вилояти бўлди.
Фарғона шаҳри марказидаги деҳқон бозори, бозорнинг ички қисмида тамаки маҳсулотлари савдосига дуч келмадик, бироқ, бозор атрофидаги майда савдо нуқталари ва савдо дўконларида контрабанда тариқасида малакаланувчи сигаретнинг турини топсангиз бўлади. Вилоятнинг Фарғона, Марғилон шаҳарлари, Бешариқ, Фурқат, Фарғона, Тошлоқ туманларидаги ўрганиш жараёнларида ҳам контрабанда сифатида малакаланувчи тамаки маҳсулотларини эркин сотиш холатларини аниқладик. Айрим сотувчиларга, “Нега ушбу сигаретларнинг Акциз маркаси ва рақамли маркировкаси йўқ?” деб савол берсак, “Ишингиз нима, ёқса олинг, ёқмаса йўқ” деган жавобларга ҳам учрадик.
Фарғона вилояти Божхона бошқармасининг Anhor.uz сўровига берган жавобларига аҳамият қаратамиз.
“Четдан ноқонуний олиб киришга уринилаётган асосий товарлардан бири бу тамаки маҳсулотлари бўлмоқда. Бу борада божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тизимли равишда тезкор тадбирлар ўтказиш ҳамда чегара божхона постларида товарларни божхона назоратидан ўтказиш тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2023 йил давомида Фарғона вилояти божхона бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 23 та ҳолатда умумий қиймати 4 млрд. 131,8 млн. сўмлик 303,4 минг қути тамаки маҳсулотларининг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сақланиши ва айланишига чек қўйилган. мазкур ҳолатлар бўйича 10 та жиноий ва 13 та маъмурий ишлар юритилган”, – дейилади Фарғона вилояти Божхона бошқармаси матбуот хизматининг бизга берган жавобида.
Шунингдек, “Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари вилоят ДХХ хамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилиши билан боғлиқ бир қатор божхона қонун бузилиши ҳолатларига чек қўйилди.
Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Н. яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган дастлабки қиймати 300 млн. сўмлик 25 000 қути “Милано Лондон” номли тамаки маҳсулотлари сақланаётганлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида вақтинча сақловга олинган”, – дейилади.
Вилоятга сафаримиз давомида савдо дўконларидан харид қилган ноқонуний тамаки маҳсулотларини Солиқ ҳамкори тизими орқали чек бермаслик ва акциз марка талабларини бузиш бандларини кўрсатга холда 6 дан ортиқ хабарнома юборилди. Вилоятда солиқ органлари орқали бу борада қанда ишлар амалга оширилаётганлигини билиш мақсадида Фарғона вилояти Солиқ бошқармасига юборган ахборот сўровимиз эса, мана 20 кундирки жавобсиз. Қонунчиликга кўра ОАВ сўровларига 7 иш куни ичида жавоб қайтарилиши белгилаб ўтилган. Биз 4 апрель санасида юборилган ахборот сўровига жавоб кутиб қоламиз.
Фарғонага сафаримизни якунлаб, Андижон вилоятига келдик. Андижон мамлакатнинг чегарадош ҳудуди саналади. Anhor.uz интернет нашри муҳбири Андижон вилоятига қилган сафари давомида вилоятдаги катта бозорлар, савдо мажмуаларидан тортиб, кичик савдо шаҳобчаларигача кириб борган. Божхонада расмийлаштирилмаган ва, демак, сифати кафолатланмаган қатор маҳсулотлар ҳамда сигаретларнинг нафақат иқтисодиётга келтираётган зарари, балки инсон соғлиги учун хавфи анчагина юқори. Хуллас, кузатилган ҳолат кўнгилдагидек эмас.
Тасвирларда кўраётган манзараларингиз вилоятдаги майда савдо нуқталари, дўконлар ҳамда Андижон шаҳридаги “Жаҳон бозори” ва Андижон туманидаги “Куйган ёр” озиқ овқат ва аралаш моллар савдо марказларидан олинган. Бозорлар ҳудудида 3 тадан 5 тагача тамаки ноқонуний тамаки маҳсулотлари билан савдо қилувчи жойлар мавжуд. Дўконлардан тамаки маҳсулотлари ҳарид қилганимизда НКМ орқали бериладиган харид чекида тамаки эмас, балки, озиқ овқат, сут, нон маҳсулоти сотилганини кўрсатувчи чекни тақдим этишмоқда. Бу жараёнлар Солиқ органлари томонидан назоратга олиниши керак эди аслида. Тамаки махсулотлари контрабандасига қарши курашиш бўйича вилоят солиқ бошқармаси мутахассисининг фикрларига қулоқ тутамиз.
Бу борада Божхона органлари пухта ишлайдилар, чегара постлари орқали контрабанда ва контрафактни олиб ўтиш мушкил. Бироқ уддабуронлар хаммасини амаллашга ҳаракат қилишмоқда, натижаси эса, кўриб турганимиздек. Бозор ва майда савдо нуқталари контрабанда тамаки билан тўла ва эркин савдо қилишмоқда.
Сўровимизга кўра вилоят Божхона бошқармаси Андижон ҳудудларида 2023-2024 йилларда қўлга олинган тамаки маҳсулотлари тўғрисида қуйидаги маълумотларни тақдим қилди.
“2023 йил давомида бошқарма томонидан тамаки махсулотларини ноқонуний айланиши билан боғлиқ 33 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, улар бўйича умумий миқдори 30437 қути, қиймати 1 млрд 652 млн 547 минг сўмлик тамаки махсулотлари ушлаб қолинган. Аниқланган холатлар юзасидан 2 та холатда Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Бу кўрсатгич 2024 йилнинг 1-чораги давомида 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида жами 480 қути, қиймати 14 млн 772 минг сўмлик тамаки махсулотлари ушлаб қолинган” – дейилади жавобда.
Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази” биноси қаршисида жойлашган “Глобус маркет”. Бу манзил биз учун яхши таниш. Аввалги 2 материалмизда ҳам ушбу дўконга тўхталганмиз. Ушбу дўкондан тамаки маҳсулотларини қонунийсидан то ноқонунийсигача бор. Аввалига тамаки растасида фақат қонуний йўллар билан кирган ва барча талабларга жавоб берувчи тамаки маҳсулотлари турганига кўзимиз тушди. Аммо, сотувчидан, менга “Milano”, “Esse” ва “Esse change” керак эди деб, сўраганимизда, “Бор, айни қанақалари керак, олиб чиқиб берамиз”, деган жавоб олдик.
Демак, пештахтада йўқ, лекин унинг “остида” мавжуд. Бир зум ҳам ўтмай, юқорида сўраган маҳсулотларим қўлимда бўлди. Сотувчидан касса назорат касса машинаси чекини сўраганимизда чек аппарати ишламаётганлиги, унинг ўрнига савдо дўкони қонуний кирим қилган маҳсулотларни кўрсатиб турувчи чекни бера олишини билдирди. Шу жойда эса, наҳотки назорат қилувчи органлар бундай ҳийла найрангларни билмаса деган фикр келди.
2023 йилнинг Май ойида Ўзбекистон Президенти “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни имзолаганди. Бунда, тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш воситаларига қўйиладиган қадоқлаш ва маркалаш, шунингдек, уларнинг муомаласига қўйиладиган талабларга оид қоидалар ҳам белгилаб берилганди.
Бундан кўринадики, назорат органлари фаолиятини жонлантириш учун, албатта жамоатчилик назоратини кучайтириш керак. Жамоатчилик назорати ишламас экан, қонунларимизга киритилаётган ўзгартиришлару, назорат органларининг фаолият самарадорлиги ошиши қийинлашиб бораверади. Бозорларни эса катта ва кичик гуруҳли қўштирноқ ичидаги “мафия”лар гуруҳлари эгаллашда, контрабанда ва контрафакт кўринишидаги маҳсулотлар кириб келишда давом этади.
Anhor.uz таҳририяти юқоридаги масалани ўрганилишида ва қонунбузарликларни аниқлаб, жазо муқаррар эканлигини таъминлашда Фарғона ва Андижон вилоятидаги масъуллардан жавоб кутиб қолади.
Шарҳлар