Таъмири йилларга чўзилган Тошкент йўллари

Foto: Bobur Karimov / Anhor.uz / Factchecknet.uz

2020-йилнинг январ ойида пойтахтнинг Фарғона йўли, Аҳмад Дониш ва Янги Сирғали кўчаларини қайта таъмирлаш режалаштирилган эди. Бу ҳақда Тошкент ҳокими ўринбосари, пойтахт Бош уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқулов матбуот анжумани доирасида маълум қилганди. Берилган маълумотларга кўра, лойиҳанинг қиймати 230,9 миллиард сўмни ташкил этган. Жараён Factchecknet.uz нашри эътиборига тушди.

 “Хусусан, Аҳмад Дониш кўчаси Мега Планет савдо марказидан Нурафшон кўчаси чорраҳасигача реконструкция қилинади. Ушбу участканинг узунлиги 4,5 километрдан ортиқ, кенглиги эса 40 метрни ташкил этади”, – деб маълумот берган Бахтиёр Раҳмонқулов. 

2020-йилда Юнусобод метро линиясининг янги бекатлари очилди, ҳамда йўлнинг ўтиш қисми кўча марказидаги кенг хиёбон эвазига кенгайтирилди. Шу билан ишлар якунланди деб ОАВларида янгиликлар эълон қилинди ва Президент ташрифи давомида кўча расман очилди.

“Йўл қурилишига қўшимча пул бериб, замонавий техникалар олингани бугун натижасини беряпти. Бу эса одамларга манфаат, сифат келтириши керак”, – деди Шавкат Мирзиёев расмий маросим давомида.

Орадан мана 4 йилдан ортиқ вақт ўтди, лекин ҳали ҳам якунланмаган реконструкция ишлари пиёдалар ва ҳайдовчиларга ноқулайлик туғдириб келмоқда. Аҳмад Дониш ва Гулғунча кўчалари кесишмасида жойлашган пиёдалар учун ер усти ўтиш йўлининг тугалланмай қолгани йўловчилар ва ҳайдовчилар учун жиддий муаммолар келтириб чиқармоқда. Йўлни ҳавфсиз кесиб ўтиш, ҳавфсиз ҳаракатланиш имкониятлари йўқлиги, болалар ёки ногиронлар аравачаси билан йўлнинг четини ёпиб қўйган тўсиқлар каби қатор муаммоларни келтириш мумкин.

Фото: Бобур Каримов / Anhor.uz

Кўприк қурилиши режадан 2 йил ўтиб, 2022-йил 11 мартида бошланди. Тошкент шаҳар ҳокимияти расмий хабарида шундай дейилган эди:

“Ҳурматли пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари! Аҳмад Дониш кўчасида ер усти пиёдалар ўтиш кўприги қурилиши бошланганлиги сабабли, 11-мартдан кўчанинг бир қисмида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Режага кўра, Аҳмад Дониш кўчасининг Гулғунча (Ашурова) кўчаси билан кесишмасидан бошлаб, қатнов қисмининг бир тарафи ҳар икки томондан транспорт учун ёпилади. Ишлар 15-мартгача давом этади. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз”.

Қизиқ жиҳати, ушбу хабар якунида ишлар 15-мартгача давом этади деб ёзилган. Аммо, қайси йилнинг 15-мартигача, бу аниқ кўрсатиб ўтилмаган. Сабаби, йўлнинг қатнов қисми жуда катта, у ерда кўприк қурилмоқда, хоҳ осма, хоҳ тиркама бўлсин, бу ишларни якунлашга 4 кун камлик қилади. Агар, айни 2022-йилнинг 15-март санаси белгиланган бўлса. Ҳолатни ўрганиш мақсадида журналистимиз кўприк қурилиши тўхтаб қолган манзилда бўлди. Натижа эса фотосуратларда кўриб турганингиздек.

ҲУКМ: БАЖАРИЛМАДИ

Аҳмад Дониш ва Гулғунча (Ашурова) кўчалари кесишмасидаги ер усти пиёдалар ўтиш кўприги қурилиши бошланганига 4 йилдан ошган бўлса ҳамки ҳануз якунига етмаган. Қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Атрофи чиқиндихонага айланишни бошлаган. Ҳудуд аҳолиси ушбу ҳолатдан норози.

Кўприк қурилишида якунланмаган ишлар ва йўловчилар ҳавфсизлигининг таъминланиши борасидаги саволлар юзасидан нашримиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Тошкент шаҳар ҳокимлигига ахборот сўрови юборди. Мавзу бўйича сизни хабардор қилиб борамиз.Эслатиб ўтамиз, ер усти йўлларидаги камчилик ва носозликлар бўйича Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатида 2023-йилда қатор масалалар кўтарилган эди.

Бу мавзуда сайтимизда эълон қилинган “Пойтахтдаги ер усти ўтиш йўллари муаммолари қандай ҳал қилинди?” номли материал эълон қилинган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.