Ўзбекистон иқтисодиётига ташқи омилларнинг таъсири

Источник: rawpixel.com

2022-йил якунида Марказий банк тақдим этган маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 5,2-5,8 фоизга ўсиши керак, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эса 5,8 фоиз ўсиш истиқболини келтирган. Ўз навбатида, халқаро ташкилотлар ва кредит агентликлари Ўзбекистон иқтисодиётининг 2023-йилга ўсиши бўйича прогнозларини яхшилаган. Умуман олганда, истиқболлар 4,7% дан 6,5% орасида жойлашган.

Дунё тобора глобаллашиб, айнан иқтисодий ва геосиёсий нуқтаи назардан ўзаро боғланиб бормоқда. Биз Марказий Осиёда дунёнинг энг йирик ўйинчиларининг геосиёсий фаоллиги ошиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз ва ташқи омилларнинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё иқтисодиётига таъсирини баҳолашда буни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Шундай даврлар борки, турғунлик инфляцияси, дефляциядан ташқари, жаҳон иқтисодиётига иқтисодиёт билан боғлиқ бўлмаган омиллар – урушлар, табиий офатлар, эпидемиялар, қурғоқчилик, этник низолар кўпроқ таъсир қилади.

Глобаллашув шароитида Ўзбекистон иқтисодиётига кўп қиррали ва нафақат иқтисодий соҳада таъсир этувчи барча ташқи омилларни аниқлаш, юзага келаётган муаммоларга жавоб чораларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида узоқ вақт ишлаб келган халқаро муносабатлар бўйича эксперт Бадал Осиповга мурожаат қилдик.

Журналист Ринат Сагитов:

Сизнингча, Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этувчи энг муҳим учта ташқи сиёсий омилни санаб беринг.

Бадал Осипов:
Саволингизга жавоб берар эканман, шуни таъкидламоқчиманки, мен тор иқтисодий маънода эмас, кўпроқ геосиёсий қарашлар призмаси орқали гапираман. Иқтисодиётга қуйидаги омиллар таъсир қилади. Биринчи омил – бу товарлар ва уларнинг нархлари учун жаҳон конъюнктураси. Иккинчи омил – жаҳон савдоси ва Ўзбекистоннинг жаҳон денгиз савдо йўлларидан узоқда жойлашганлиги. Иқтисодиёт билан бевосита боғлиқ бўлмаган учинчи омил эса ғайритабиий совуқ ёки ғайритабиий қурғоқчилик каби экологик муаммолардир. Афсуски, охирги пайтларда Ўзбекистонда экологик муаммолар кескинлашди. Ўзбекистон иқтисодиётига чанг бўронлари, ғайритабиий совуқлар ва бошқа ноқулай ҳолатлар таъсир кўрсатмоқда. Беқарорлик манбаи бўлиши мумкин бўлган Афғонистон билан қўшничиликни алоҳида таъкидламоқчиман, лекин бу алоҳида масала.

Журналист Ринат Сагитов:

Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этувчи салбий ташқи омилларни минималлаштириш учун Ўзбекистон нима қилиши керак?

Бадал Осипов:

Охирги воқеалардан келиб чиққан ҳолда, назаримда, геосиёсий хусусиятга эга салбий таъсирларни минималлаштириш учун кўп векторли сиёсат зарур. Мамлакатимиз минтақадаги энг йирик давлат ҳисобланади. Кўп векторли сиёсат, биринчи навбатда, минтақадаги қўшнилар, жумладан, Хитой, Россия, Йевропа Иттифоқи, АҚШ билан яхши муносабатларни таъминлайди. Кўп векторли сиёсат ноҳуш жараёнларнинг салбий таъсирини минималлаштириш имконини беради.  Иқтисодиётимизни диверсификация қилиш ва хомашёга қарамликни камайтириш, юқори қўшимча қийматга эга мураккаб саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Кадрлар сиёсатига жиддий ёндашиш талаб этилади. Таълимнинг ривожлантирилиши барча ташқи таҳдидларга жавобдир. Ўзбекистон пандемия ва бошқа маълум сабабларга кўра меҳнат муҳожирлари юбораётган пулга боғлиқ. Жиддий тайёргарлик талаб этилади. Агар биз кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг жиддий тизимини ярацак, Ўзбекистон бутун дунёни турли соҳа мутахассислари билан таъминлаб, малакасиз ишчи кучи етказиб берувчи ролидан узоқлашиши мумкин эди.

Журналист Ринат Сагитов:

Эҳтимолий ташқи таҳдидларга жавоб сифатида минтақавий интеграция ҳақида нима дея оласиз?

Бадал Осипов:

Туркистон бизнинг умумий уйимиз. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё доирасида олиб бораётган минтақавий интеграция сиёсатини тўғри деб биламан. Кўп ишлар қилинди. Минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаган бир қатор олий даражадаги учрашувлар ўтказилди. Ғайритабиий совуқ пайтида Туркманистон Ўзбекистонга ёрдам кўрсатди. Буларнинг барчаси Марказий Осиёнинг барча давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши самарасидир. Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўз тармоқлари ва иқтисодиётлари доирасида ҳамкорликни йўлга қўйиш талаб этилади – бу ҳам ташқи омиллар таъсирини минималлаштиришга имкон беради. Марказий Осиё Хитойнинг трансконтинентал логистика йўналишларини қуриш режаларидан манфаатдор. Марказий Осиё ва Ўзбекистон қуруқликдаги савдо йўлларининг марказида жойлашган ва бу соҳада минтақавий йўналишдаги ҳамкорлик иқтисодиётга юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга жавобдир. 

Журналист Ринат Сагитов:

Ўзингизга ушбу мавзу бўйича энг муҳим савол ва унга жавобни беринг.

Бадал Осипов:
Марказий Осиё давлатларининг жаҳон миқёсидаги глобал муаммолари бўйича ва қўшма битим ва келишувлар билан биргаликдаги фаолияти афзалроқ ва самаралироқ бўлади ва глобал муаммолар ва таҳдидлар юзасидан Марказий Осиё давлатларининг қарашлари бирлигини ва уларни бирдамликларини намойиш эта олади. Марказий Осиё мамлакатлари тарихий, маънавий ва диний жиҳатдан ўхшаш жиҳатлари жуда кўп. Бу фактлар интеграция жараёнларининг кучайишига умид бахш этади.

Хулоса.

Глобализмнинг жадал ривожланаётган жараёни шароитида нафақат иқтисодий, балки геосиёсий хусусиятга эга бўлган турли ташқи омиллар Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир этмай қолмайди. Иқтисодиёт билан бевосита боғлиқ бўлмаган, лекин шунга қарамай Ўзбекистон иқтисодиётига кучли салбий таъсир кўрсатаётган экологик муаммолар энг муҳим омиллар қаторига киради.

Юқорида айтиб ўтилган мумкин бўлган таҳдидларга жавоб минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш бўлиши мумкин, бу жуда мантиқийдир, чунки минтақанинг умумий географиясига кўра барча Марказий Осиё давлатларининг муаммолари асосан ўхшашдир. Ва уларни биргаликда ҳал қилиш якка курашганга қарага осонроқ ва самаралироқ. Марказий Осиё давлатларининг замонамизнинг глобал геосиёсий муаммолари бўйича ягона позицияси бутун минтақага халқаро майдонда ҳам сармоявий жозиба, ҳам обрў-эътибор беради.

Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга бўлиб ўтган яқиндаги ташрифи, Тожикистон билан муносабатларнинг нормаллашуви, Марказий Осиёдаги бошқа интеграция жараёнлари келажакка умид билан қараш имконини беради.

Мамлакат иқтисодиётига ташқи омилларнинг таъсирини минималлаштириш мақсадида Ўзбекистон учун энг долзарб жавоблардан бири – бу таълимнинг сифатини кўтариш ва юқори сифатли кадрлар тайёрлашдир. Агар бу масалани кенгайтирадиган бўлсак, унда таълим-тарбия ва ишлаб чиқариш занжирини яратиш – энг муҳим вазифага айланади.

САГИТОВ Ринат

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.