Тошкентда жамоат транспорти муаммолари: ҳайдовчилар ва йўловчилар нигоҳида
Пойтахтда жамоат транспорти қай даражада ривожланган? Аҳолининг унга қизиқишини янада ошириш учун соҳада нималар қилиш керак? Автобус ҳайдовчилари нимадан норози? Йўловчиларчи? Тошкентда жамоат транспортлари учун муаммо туғдираётган ҳолатлар нима? Бу саволларга Anhor.uz нашри журналисти соҳа ходимлари билан суҳбатлашиб батафсил жавоб излади.
Жамоат транспортларини бир неча йил аввалги даврга солиштирганда фарқ сезиларли. Буни ўзгаришлар кўз ўнгида рўй бераётган автобус ҳайдовчилари чуқурроқ англаб етади. Айниқса, кўп йиллардан буён соҳада ишлаётган, баланд-пастларни кўрган ҳайдовчилар ундаги муаммоларни ҳам яхши билади.
Шаҳбоз Рўзатов бу соҳада 10 йиллик тажрибага эга. Фаолиятини аввалига чиптачиликдан бошлаб, бугунги кунда шаҳардаги энг узун 18 метрлик ўта катта сиғимли автобуснинг маҳоратли ҳайдовчиси. Қаҳрамонимиз 93-автобус йўналишида Фоод City савдо мажмуасидан Юнусобод 9-даҳагача қарийб ҳар куни 27 кмга яқин йўлни 10-12 маротаба босиб ўтади. Табиийки, қатновлар давомида шаҳар ичида ҳаракатланаётган катта ҳажмли автобуслар билан катта-кичик муаммолар учраб туради.
Пойтахтга ўтган 2023-йилда 1000 та турли хил ўлчамдаги автобуслар олиб келинган эди. Аммо, шаҳарнинг йўл инфратузилмаси бундан бир неча ўн йиллар аввал қурилган. Яъни катта ҳажмли ва ўта катта ҳажмли автобусларнинг ҳаракатланиши учун ажратилган йўлаклар нисбатан тор. Ҳайдовчилар 18 метрли транспортни бошқариш давомида истамаган ҳолда йўлак чизиғларини босишга мажбур бўлади. Бу эса иккинчи йўлакдаги машиналар ҳаракатига ҳалал беради.
Бундай ҳолатларда енгил автомобил майли, юк машинаси ёки катта ҳажмли транспортлар ёнма-ён тор йўлакларда ҳаракатланса, иккиси учун ҳам ҳавфли вазият юзага келиши мумкин. Айни шундай ҳолатга ўзимиз гувоҳ бўлдик. 15-июл куни Фарғона йўли кўчасининг Файзабод бекатида 93-йўналиш автобуси Камаз русумли юк ташиш машинаси билан тор йўлакда ёнма-ён ҳаракатланиши сабабли кичик йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Натижада автобус ён ойнасига зиён етган.
Шунингдек, бекатлар ва у ердаги қулайликлар ҳам автобусларнинг эркин ҳаракатланиши учун ўта муҳим. Аслида 2022-йил 2-февралда Давлат раҳбарининг “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида бекатларга қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб берилган. Унга кўра, бекатлар орасидаги масофа 600 метр, тезюрар йўналиш автобуслари учун 800-1200 метр бўлиши лозим. Автомобил йўллари тоифасига қараб автобус бекатларида чиқиш ва тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари аниқ кўрсатилган бўлиши керак. Шунингдек, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми (карман), ажратувчи чизиқ, тротуар, пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавилон, ўриндиқлар ва ёритиш ускуналари бўлиши муҳим.
Амалда эса автобус ҳайдовчилари бекатларни шундай таърифлайди: “Шаҳардаги бекатлар “Исузу” автобусларига мўлжалланган. Кичик, тор, кириш, кутиш ва чиқиб кетиш йўлаклари йўқ. Қолаверса, бекатлар 2-даражали йўлга шу даражада яқин жойлашганки, баъзи жойларда агар учта автобус бирин кетин келса, учинчи автобус 2-даражали йўлни тўсиб қўяди. Лекин уни ҳам бекатга тўхтамасликка ҳаққи йўқ”.
Дўконларга кириш учун шахсий автомобилларини бекатларга қўйиб кетган фуқаролар эса алоҳида мавзу. Айнан автобус келиб тўхтайдиган жойга машинасини қўйиб, харид қилиш учун кетади. Биз эса 25-30 нафар одам билан уни кутиб турамиз. Бу ҳолат белгиланган вақтимизга катта таъсир кўрсатади.
Енгил автомобил ва такси ҳайдовчиларининг бетартиб ва йўл ҳаракати қоидаларини ўта қўпол тарзда бузиб ҳаракатланиши автобуслар ва унинг йўловчилари учун кўнгилсиз тугаши мумкин. Айниқса, такси ҳайдовчилари йўловчи олиш мақсадида 3-йўлакдан тўғри 1-йўлакка қўпол ҳолатда ўтиб, автобусларнинг олдини тўсиб қўяди. Шунда 40-45 км/соат тезликда кетаётган 18 метрлик автобуснинг қўққисдан тормоз босиши йўловчиларга қандай таъсир қилишини тасаввур қилиб кўринг. Айни шу ҳолат пиёдалар билан йўлни эътиборсизлик ва белгиланмаган жойдан кесиб ўтаётган ҳам юзага келади.
Бунда пиёдалар ҳам беайби эмас. Чунки, баъзилар светофорлар олдида, кўприкларнинг устида ёки тўхташ умуман ман этилган жойларда туриб такси ушлашга ҳаракат қилади. Ҳайдовчилар тирикчилик дардида тўхтайверади, олдида машина борми йўқми? Бошқа транспортларга ҳалақит берадими йўқми? “Клиент” олса бўлди.
Суҳбатдошимиз Шаҳбоз аканинг айтишича, у учун энг оғир иш куни йўлларда тирбандлик бўлган кун: “93-йўналишда кўпинча Шаҳристон ва Амир Темур кўчалари кесишмаси, Фоод City чорраҳаси ва Бектемир тумани йўл патрул пост хизматидан Қўйлиқ бозоригача бўладиган тирбандликлар инсонни чарчатади”, – дейди қаҳрамонимиз.
Ҳасан Бабаев асли самарқандлик. Соҳада 15 йиллик тажрибага эга. У пойтахтда 45-йўналишида Фоод City савдо марказидан то Яккасаройгача ҳар куни 30 кмга яқин йўлни электробусда бир неча марта босиб ўтади. У билан суҳбатдан кейин жамоат транспорти ходимлари ва фуқароларни қийнаётган яна қатор муаммолардан воқиф бўлдик.
Ҳасан Бабаев билан суҳбатимиз Фоод City савдо марказида бошланди. Шу сабабли Ҳасан ака энг аввал Фоод City марказига Қўйлиқ кўприкдан тушгандан то автобус саройига қадар бирорта бекат йўқлигини кўрсатди. “Йўлларда бекат борлигини билдирувчи белгилар бор аммо, бекатнинг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам йўловчилар ҳар қадамда тўхташимизни сўрашади. Агар тўхтамасанг баъзилари уришиб ҳам кетади. Табиийки, 10 соатдан ортиқ ишлаган инсон учун ёқимли эмас бу. Нима бўлганда ҳам ҳушмуомилалик қилишга ҳаракат қиламиз”, – дейди Ҳасан ака.
Ҳайдовчиларнинг ҳам йўловчилардан шикоятлари бор. Айниқса, светафорга қарамайдиган, йўлда қулоқчинлардан фойдаланадиган, атрофга беэътибор, ўзини таваккалга тикиб, ўзгаларни ҳам ҳавфга солаётган фуқароларнинг сони кўпайиб қолганидан хавотирда қаҳрамонларимиз. “Яна шундай бир йўловчи борки, ёлғиз ҳайдовчили автобуслар майли, чиптачиси ишлаб турганларида ҳам тўлов масаласида алдаб кетади. Ўзи 1 700 сўм бўлса, пулинг бўлмаса ростини айт, уриб олмаймизку”, – деб баъзиларнинг бу ишидан ҳафа бўлади.
Ҳасан Бабаев ва Шаҳбоз Рўзатов билан суҳбатлашар эканмиз катта-кичик муаммолар бўлса ҳам бир неча йил аввалги жамоат транспортларининг қиёфаси анча ўзгарганини, шароитлар ва имкониятлар даражаси ошганини таъкидлади.
Фуқаролар шахсий автомобиллар хизматидан қисман чекланса, шаҳарда тирбандлик камаяди. Бу эса қулай, арзон ва тезкор жамоат транспортининг эркин ҳаракатланиши ва сифатли хизмат кўрсатишига йўл очади.
Шарҳлар