“Тошшаҳартрансхизмат” янги ўқув йилига тайёр(ми)?
Яна бир ўқув йили бўсағасида турибмиз. Мактаб ўқувчиларидан тортиб, олий таълим муассасалари талабаларигача ёзги таътилни якунлаб, таълим олишга шайланган. Ҳудди, Асал Абатова сингари. У узоқ вилоятдан ўқиш учун пойтахтга келади. 3-курс талабаси бўлган қаҳрамонимизнинг дарсларга кечикиш, автобус кутиш ва тиқилинч каби муаммолар билан юзма-юз келиши энди ортда қолмоқда. Чунки…
Бу муаммолардан масъуллар, хусусан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ яхши хабардор ва улар янги ўқув йилига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборишган.
Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда пойтахт аҳолиси сони 15 фоизга (385 минг), автомобиллар 29 фоизга (172 минг), олий таълим муассасалари сони эса қарийб 1,7 баробарга (34 та) ўсган. Шунга кўра талабалар сони ҳам 2 баробар кўпайиб, қарийб 210 минг нафардан ошган. Бу эса арзон, қулай ва доимий жамоат транспортига бўлган талабнинг ошишини англатади.
Шу сабабли “Тошшаҳартрансхизмат” томонидан пойтахт бўйича жами 163 та автобус йўналиши ташкил этилган бўлиб, улардан 95 таси Тошкент шаҳридаги 34 та олий таълим муассасалари жойлашган ҳудудларни кесиб ўтади. Ушбу йўналишларда 11 та ўта катта сиғимли, 72 та катта сиғимли ва 12 та ўрта сиғимли автобуслар ҳаракат қилади. Кунлик йўналишларга умумий ҳисобда 1556 та автобуслар ҳаракатгга чиқарилса, шундан 1037 таси таълим муассасалари йўналишларида хизмат кўрсатади. Қатновлар орасидаги интерваллар ўртача 8-12 дақиқа бўлиб, бу бекатларда узоқ кутишларнинг олдини олади.
Йўналишларда хизмат кўрсатувчи автобус саройлари ўқув йили бошланишидан олдин автобуслардаги камчиликларни бартараф қилиган ҳолда таъмирлаш ишларини бошлаган. Уларнинг санитар ҳолати кўздан кечирилган ҳолда мавжуд камчиликлари бартараф этилмоқда. Техник носозликлар туфайли йўлдан қолган автобус ва электробусларни тезкор таъмирлаш учун “Тошавтотаъмирхизмат” унитар корхонаси томонидан махсус “Техник ёрдам” автотранспортлари ташкиллаштирилди. Бундан ташқари, автобуслар ҳаракатини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш учун “ IVMS” ягона интеллектуал транспорт тизими жорий этилди.
Ушбу автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви автобусларнинг ҳаракат жадвалларини шакллантириш, йўналиш интизомини мониторинг қилиш, ҳайдовчиларнинг ишини назорат қилиш ва тизим техник воситаларини масофавий кузатиш имконини беради. Шу билан бирга, бекатларга автобусларнинг келиш вақтларини реал вақт режимида кўришлари мумкин бўлади.
Автобус саройларида корхона ресурсларини бошқариш учун ERP тизими тўлиқ жорий этилди. Бу тизим орқали иш жойларини автоматлаштириш, HRM инсон ресурсларини ҳисобга олиш ва бошқариш ҳамда ёқилғи-мойлаш, эҳтиёт қисмлар харажатини назорат қилиш, электрон тўлов тизими АTTO орқали пул тушумларини назорат қилиш ва таҳлил қилиш имконияти яратилди.
Шунингдек, ушбу тизим орқали ҳайдовчилар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили, қоидабузарликлар статистикаси, пул тушумларининг шаффофлигини назорат ва таҳлил қилиш, йўловчи оқими тўғрисидаги аниқ маълумотларни кузатиш имконияти мавжуд.
Демак, янги ўқув йилида қаҳрамонимиз Асал каби бошқа талабалар ҳамда мактаб ўқувчилари йўлларда транспорт етишмовчилиги, тирбандлик ва автобуслар кечикиши каби муаммолардан азият чекмай, хавфсиз, қулай ва ҳамёнбоп жамоат транспорти хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.
Биз эса ўз кузатувларимизни давом эттирамиз.
Илҳомжон Собиров
*Реклама ҳуқуқи асосида
Шарҳлар