Украинадаги уруш Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликка қандай таъсир кўрсатди
Сўнгги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ҳамжамият даражасида ҳам, алоҳида давлатлар даражасида ҳам жадал ривожланмоқда. Украинада уруш бошланганидан кейин ва Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан буён Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қўшимча турткига эга бўлди, чунки томонлар бир-бири билан ҳамкорлик қилишнинг ўзаро манфаатли эканини англаб етди. Шу фонда Ўзбекистон Европа давлатлари билан нафақат иқтисодий, балки сиёсий масалаларда ҳам муносабатларни фаоллаштирди, нозик жиҳатларга тўхталди, масалан, Ўзбекистон расмийларининг санкцияга киритилган товарларни Россияга реэкспорт қилишга бўлган уринишларга қаршилиги.
Европага дарча
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ҳокимиятга келганидан сўнг Ўзбекистон дунёга янада кенгроқ очила бошлади. Бу борадаги ҳаракатлар асосан, 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин республика ўзини-ўзи ёпиб қўйганидан кейин, Америка Қўшма Штатлари ва Европа давлатлари билан муносабатларни юмшатишга қаратилди.
Алоқаларни тиклаш учун Ўзбекистон ўз ниятларининг жиддийлигини Ғарб жамоатчилигига кўрсатиш учун бир қанча сиёсий ён босишларга боришга мажбур бўлди. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати бир нечта сиёсий маҳбусни озод қилди, минглаб маҳкумларни биринчи марта афв этди, шунингдек, машҳур «Жаслиқ» колониясини ёпиб қўйди, бу Европа Иттифоқи томонидан ижобий баҳоланди.
Санкцияларни бекор қилиш учун Ўзбекистон пахта теримида мажбурий меҳнатга, жумладан, болалар меҳнатига қарши курашиш жараёнини бошлади. Шундай қилиб, Халқаро меҳнат ташкилоти 2021 йилги пахта теримига жалб этилганларнинг 99 фоизи ихтиёрий равишда меҳнат қилганини қайд этди. Шу асосда 2022 йилда Cotton Campaign халқаро коалицияси Меҳнат вазирлиги 2020 йилдан бери интилиб келаётган Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилди. 2018 йилда ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ўзбекистонга кўпроқ товарларни божсиз олиб кириш имкониятининг жорий этилиши Европа Иттифоқи билан савдо шартларини яхшилашга қаратилган қадамлардан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистон 6200 дан ортиқ товарларни божсиз олиб киришга рухсат берувчи Умумий имтиёзлар тизими (GSP+) доирасида Европа Иттифоқининг кўпроқ бир томонлама тариф имтиёзларини олишни мўлжалламоқда. Бунга жавобан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари, меҳнат шароитлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича 27 та халқаро конвенцияни амалга ошириш мажбуриятини олган.
2020 йил 30 ноябрь куни Европа комиссияси Ўзбекистонга GSP+ умумий имтиёзлар тизимининг бенефициари мақомини бериш бўйича муддатидан олдин қарор қабул қилди. Хусусан, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен инсон ҳуқуқлари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 27 та халқаро конвенция қоидаларининг Ўзбекистон томонидан бажарилиши, меҳнат стандартларига риоя қилиш ва яхши бошқарув юзасидан мониторинг гуруҳлари ҳисоботлари асосида ижобий қарор қабул қилинганини таъкидлади. Натижада Ўзбекистон Европа Иттифоқига божсиз олиб кириши мумкин бўлган товарлар сони икки бараварга кўпайди – 3000 тадан 6200 тагача. 2021 йил 10 апрелдан бошлаб республика GSP+ умумий имтиёзлар тизими доирасида расман бенефициар давлатга айланди.
2019 йилда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида 1996 йилда имзоланган амалдаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ўрнини босувчи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги Битим бўйича музокаралар жараёни бошланди. 2022 йил июнь ойи охирида томонлар музокараларнинг ўн раунди ва турли даражадаги 150 дан ортиқ учрашувлар ўтказган ҳолда музокараларни якунлади. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг таъкидлашича, янги келишув савдо, божхона маъмурияти, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва низоларни ҳал этиш билан боғлиқ қоидаларни қамраб олади.
“Келишув энди доиравий эмас, балки Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорлик, жумладан, савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳам тўлақонли механизмни яратади”, — дея қайд этади вазирлик.
2022 йил июль ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни дастлабки имзолашни амалга оширди. Бироқ, ушбу материал тайёрланаётганда, ҳужжат имзоланмаган эди. Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Шавкат Мирзиёев билан сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган учрашувда томонлар ўртасида келишув имзоланиши ва амалга оширилишига умид билдирди. Франция президенти Эммануэль Макрон ва Италия президенти Сержио Маттарелла республикага ташрифи чоғида Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни тезроқ имзолаш тарафдори эканини очиқ айтишди.
Европа Иттифоқи билан фаоллашган ҳамкорлик натижасида Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми олти йил ичида 2016 йилдаги 1,98 миллиард доллардан 2022 йилда 4,5 миллиард долларгача, яъни икки баравардан зиёд ўсди. Мисол учун, Германия билан товар айирбошлаш ҳажми ўтган йили икки баробар ортиб, 1 миллиард доллардан ошди. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида Европа компаниялари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард евродан ортиқни ташкил этади, уларнинг ярми Германия компанияларига тўғри келади.
2022 йил 24 февралдан кейин
Украинада уруш бошланганидан кейин, бу ҳолат Европа давлатлари, АҚШ ва бошқа ривожланган давлатлар Россияга қарши кўплаб санкцияларни жорий қилишига олиб келди, бу аслида Москва билан иқтисодий ва сиёсий алоқаларнинг узилишини белгилади. Шу фонда ҳар икки томон билан ҳамкорлик қилган Ўзбекистон ўзининг миллий манфаатларига мос келадиган оптимал мувозанатни топишга ҳаракат қилди. Бир томондан, қулай логистика, инфратузилманинг мавжудлиги ва Европа компанияларининг очиқ ваколатхоналари туфайли Ўзбекистоннинг Европа давлатлари билан ҳамкорлиги доимо Россия орқали ўтиб келган, бу эса ҳозирги воқеликда имконсиз бўлиб қолди. Бошқа томондан, Ўзбекистон Россия билан барча соҳаларда яқин алоқаларга эга, шунинг учун ҳам Тошкент учун Москва билан яхши муносабатларни давом эттириш муҳим эди. Бундай шароитда Ўзбекистон Россия ҳудудини четлаб ўтиб, Европа билан тўғридан-тўғри ва мустақил ҳамкорликни йўлга қўйиши керак эди.
Европа ва Россия ўртасидаги зиддиятда Ўзбекистон ҳеч бир томонни қўллаб-қувватламай, нейтрал позицияни эгаллади, бунинг натижасида республика ҳар икки шерик билан ҳамкорликдан фойда кўрди. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларига Россия билан ҳамкорликдан воз кечишга мажбурлаш учун босим ўтказмади. Бироқ Европа Иттифоқи Марказий Осиёга ўз иқтисодиётини диверсификация қилиш ва Россияга билвосита қарамлигини камайтиришга ёрдам бериш ниятида эканини очиқ эълон қилди. Бундан ташқари, Европа минтақа давлатлари Европа иқтисодиёти учун таъсирчан бўлган баъзи соҳаларга, хусусан, энергетика соҳасида Россиянинг ўрнини боса олади, деб ишонди.
Шавкат Мирзиёев 2022 йил октябрь ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги делегациялар раҳбарларининг учрашувида Европа Иттифоқи билан иқтисодий ва савдо ҳамкорлик масалаларини кўтарган эди. Масалан, президент Марказий Осиёга Европа технологиялари ва сармоялари, шунингдек, Европа бозорига чиқиш учун транспорт-логистика йўлакларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон алоҳида Европа давлатлари даражасида ҳамкорликни фаол ривожлантирди. 2022 йил ноябрь ойи охирида Ўзбекистон президенти Францияга расмий ташриф билан бориб, у ерда президент Эммануэль Макрон билан учрашди. Сафар олдидан икки томонлама бизнес-форумда 6 миллиард евролик шартномалар имзоланди. Музокаралар натижасида томонлар 14 та икки томонлама ҳужжатни туздилар, улардан бири Франция тараққиёт агентлиги билан инфратузилма, яшил энергетика ва қишлоқ хўжалигига 1 миллиард евролик сармоя киритиш бўйича келишув бўлди. Бундан ташқари, Франциядан 815 миллион еврога самолёт сотиб олиш, Voltalia компанияси томонидан Ўзбекистонда қуёш-шамол электр станциясини қуриш, Orano ва «Навоийуран» ўртасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳам бор. Шунингдек, президент ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев француз бизнесини Ўзбекистонга янада фаол сармоя киритишга чақирди.
Орадан бир йил ўтмай, 2023 йилнинг ноябрида Эммануэль Макрон Шавкат Мирзиёевнинг шахсий таклифига биноан илк бор Ўзбекистонга учиб келди. Ташрифнинг асосий натижаси бизнес ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида қўшма савдо палатасининг ишга туширилиши ва Тошкентда Business France агентлиги ваколатхонасининг очилиши бўлди. Томонлар, шунингдек, саккизта икки томонлама ҳужжат, жумладан, Ўзбекистоннинг ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳукуматлараро молиявий протоколларни ҳам туздилар. Бундан ташқари, француз бизнеси республикада янги инвестиция лойиҳаларини эълон қилди:
- Voltalia иккита янги электр станциясини қуради;
- Lactalis компанияси Наманганда янги ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширади;
- Semmaris Самарқанд, Андижон ва Тошкент вилоятида замонавий агротехника мажмуаларини қуради;
- Orano Ўзбекистонда уран қазиб олиш ва қайта ишлашга 500 миллион долларгача сармоя киритади;
- Meridiam “Янги Тошкент” қурилиши доирасида бир қатор инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириши мумкин;
- Boehringer Ingelheim биргаликда онкологик препаратлар ишлаб чиқаришни ташкил этишни режалаштирмоқда.
2023 йил май ойида Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Германияга жўнаб кетди ва у ерда канцлер Олаф Шольц билан учрашди. Учрашув якунлари бўйича томонлар иқтисодиёт, савдо, молия, таълим, фан ва инновациялар соҳаларида 16 та икки томонлама ҳужжатни имзоладилар. Икки томонлама бизнес-форумда «яшил» энергетика, кимё саноати, фармацевтика, транспорт ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш соҳаларига тааллуқли бўлган савдо-сотиқ, сармоявий ва технологик битимлар ҳажми 9 миллиард еврони ташкил этди. Ўзбекистон KfW, Deutsche Bank ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан республикадаги немис бизнесига ёрдам бериш тўғрисида келишиб олди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ўзбекистон мамлакатда фаолият юритиш истагида бўлган немис тадбиркорлари учун барча шарт-шароитлар яратилишига ишонтирди. Бундан ташқари, Siemens Energy бир нечта янги электр станцияларини қуришни режалаштирган ва Германиянинг Infineon компанияси республикада микрочиплар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни мақсад қилган. Бундан ташқари, Германия Ўзбекистонни Германия ҳукумати имтиёзли сармоя кафолатлари орқали иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантирадиган 34 та давлат рўйхатига киритди ва сентябрь ойида томонлар Гамбургда қўшма иқтисодий палата тузишга келишиб олдилар.
2023 йил июнь ойида Ўзбекистон президенти Италияга ташриф буюриб, Бош вазир Жоржиа Мелони билан учрашди. Ташриф арафасида икки томонлама бизнес-форумда томонлар умумий қиймати 9 миллиард евродан ортиқ шартнома ва битимлар туздилар, шундан Италия 2,2 миллиард евродан ортиғини Ўзбекистондаги энергетика лойиҳалари учун кредит сифатида ажратди. Музокаралар натижасида, жумладан, саноат мулки ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 11 та давлатлараро ҳужжат имзоланди. Шунингдек, Мирзиёев Миланда Италиянинг 25 нафар етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди, унда италиялик инвесторлар «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳамда Турин политехника университети билан биргаликда 2024 йилда Тошкентда Италия технологиялари ва инновациялари марказини очишни таклиф қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Вильнюс ва Барселонада ўз савдо уйларини очди. Хусусан, Испания ваколатхонаси орқали Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортини йўлга қўйиш режалаштирилди.
ЕТТБ фаолиятини кучайтириш
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда 1993 йилда республикани бозор иқтисодиётига ўтишда ва янги хусусий секторни яратишда қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз фаолиятини бошлаган. Амалга оширилган биринчи лойиҳа 1996 йил сентябрь ойида Сирдарё вилоятидаги электр станциясини қайта тиклаш бўлиб, бунинг учун банк томонидан 22 миллион евро ажратилди, бу маблағ қурилиш ишларининг ярмидан кўпини қоплади.
Умуман олганда, 2007 йилгача ЕТТБ давлат ҳамкорлари билан эмас, балки хусусий сектор билан ишлашга устувор аҳамият бериб, 17 та лойиҳани амалга оширди. Бироқ 2010 йилдан бошлаб ЕТТБ Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатди. Масалан, Андижон воқеаларидан кейин ва ўз фаолияти тўхтатилгунга қадар банк KDB Bank ва Hamkorbank иштирокида атиги иккита лойиҳани амалга оширган.
2017 йил сентябрь ойида – ўн йиллик танаффусдан сўнг – ЕТТБ Самарқанд вилоятида замонавий омбор қуриш лойиҳасини маъқуллади ва бунинг учун 10 миллион доллар ажратди. 2017 йил охирига келиб ЕТТБ яна олтита инвестиция лойиҳасини тасдиқлади. Ўша йилнинг октябрь ойида Европа банки президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, унда ўша йилнинг ноябрь ойида ЕТТБнинг Тошкентда ваколатхонаси очилишини маълум қилади.
2023 йил сентябрь ойи охирида ЕТТБнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари сони 146 тага етди, улардан 82 таси фаол. Банкнинг жами инвестициялари ҳажми қарийб 4,5 миллиард еврони ташкил этади, шундан 2,5 миллиард евро барқарор инфратузилма (77 фоиз), молия институтлари (16 фоиз), шунингдек, саноат, савдо ва агробизнес (7 фоиз) соҳасидаги фаол лойиҳаларга тўғри келади. ЕТТБ портфелидаги лойиҳаларнинг ярмидан кўпи хусусий сектор билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. 2017 йилдан 2022 йилгача банкнинг йиллик инвестициялар ҳажми 12 баравардан ортиқ – 69 миллион евродан 839 миллион еврогача, лойиҳалар сони эса тўрт баробарга – 6 тадан 26 тага ошди.
Ҳамкорлик йўлидаги тўсиқлар
Ўзбекистон ва Европа Иттифоқининг сиёсий иродасига қарамай, улар ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлиги бир қатор объектив чекловларга дуч келмоқда. 2023 йил июнь ойида Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида сўзлаган нутқида Европа билан товар айирбошлаш ҳажмининг ўсишига тўсқинлик қилаётган муаммоларга тўхталиб ўтган эди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон экспортчилари Европа бозорига умумий қиймати 4 миллиард евро бўлган 500 дан ортиқ товарни етказиб беришга тайёр.
Биринчидан, бунга Марказий Осиёда Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ замонавий лабораториялар ва стандартлаштириш ва сертификатлаштириш марказларининг йўқлиги тўсқинлик қилмоқда. Масалан, Ўзбекистон ушбу муаммони ҳал қилиш учун Чехия билан келишиб олди, бу маҳаллий товарларни Европа стандартлари бўйича сертификатлашда ёрдам беради. Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш муҳимлигини таъкидлаб, минтақадаги экспортчи ва импортчиларни қўллаб-қувватлаш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Иккинчидан, президент транспорт-логистика соҳасидаги қийинчиликларни қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Транскаспий транзит йўлагини такомиллаштириш зарур, уни ривожлантириш учун келишилган ёндашув мавжуд эмас. Бундан ташқари, Мирзиёев ушбу автомагистралдаги тариф ва тўловлар муқобил йўлакларга қараганда бир ярим баравар юқори эканлигини таъкидлади. Давлат раҳбари 2022 йилнинг ноябрь ойидаёқ Транскаспий мультимодал коридорини Марказий Осиё мамлакатлари учун жаҳон бозорларига чиқиш учун энг қулай йўл деб атаган эди.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель Марказий Осиёга Россия ҳудудини четлаб ўтувчи янги транспорт йўлакларини қуришни қўллаб-қувватлади. Европа Иттифоқи ТИВ раҳбари мавжуд транспорт йўналишлари етарли даражада ишлаб чиқилмагани, шу боис минтақа мамлакатларида Россияни четлаб ўтиб Европа бозорига чиқишнинг мақбул йўналишлари йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси маҳаллий экспортчилар учун семинарлар ўтказмоқда, уларда Европа бозорига қандай тўғри чиқиш йўллари тушунтирилмоқда.
Учинчидан, Шавкат Мирзиёев Европа давлатлари билан сармоявий ҳамкорликка тўхталди. Ўзбекистонда европалик бизнес вакиллари иштирокидаги лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан ошганига қарамай, Европа компаниялари Марказий Осиёдаги сармоявий имкониятлардан яхши хабардор эмас. Шу муносабат билан давлат раҳбари иқтисодий форумлар доирасида саноат ва технологик кўргазмалар ўтказиш ҳамда Европа компанияларининг ишлаб чиқариш қувватларини минтақа мамлакатларига ўтказиш учун молиявий қўллаб-қувватлашнинг махсус воситаларини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг ўзида ҳам Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик салоҳиятини чеклайдиган кўплаб муаммолар мавжуд. Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо суд-ҳуқуқ тизимида, қонун устуворлигини такомиллаштириш, коррупцияга барҳам беришда, шунингдек, давлат ва саноат корхоналари ўртасида ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш истиқболларини яхшилаши мумкин бўлган банк ислоҳоти ва хусусийлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Санкциялар хавфи
Европа Иттифоқи Россияга қарши кўплаб санкциялар киритганидан сўнг, чекловларни четлаб ўтиш талаби пайдо бўла бошлади – хусусан, бунинг учун Россияга қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан ҳам фойдаланилди. 2022 йил март ойида Россия ҳукумати рўйхати аста-секин кенгайтирилган айрим товарларнинг «параллель импортига» рухсат берди. Ушбу қарор ички бозорни рухсат этилган товарлар билан тўлдириш учун муаллифлик ҳуқуқи эгасининг рухсатисиз маҳсулотларни импорт қилиш имконини берди. Май ойида Россия Ўзбекистонни транзит операцияларини амалга ошириш марказларини яратиш орқали реэкспортни ташкил қилиш маркази сифатида кўрганди.
2022 йил июнь ойида АҚШ молия вазирлиги Ўзбекистонни Россия корхоналари санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиши мумкин бўлган давлатлар рўйхатига киритди. Рўйхатга Ўзбекистондан ташқари Марказий Осиёнинг барча давлатлари, шунингдек, Арманистон ва Грузия ҳам киритилган. Кейинроқ Америка расмийлари Ўзбекистон орқали Россияга товарлар етказиб бериш билан боғлиқ операцияларни шубҳали деб тан олди, чунки бу санкциявий чекловларини четлаб ўтиш белгисидир.
Европа Иттифоқининг Россияга товарлар экспорти қисқариши фонида Арманистон, Грузия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонга етказиб бериш сезиларли даражада ошди. 2023 йил февраль ойида Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан очиқчасига Россиянинг қўшни давлатларини санкциялар режимини бузганликда гумон қилиб, ушбу масала бўйича режалаштирилган текширувни эълон қилди. Март ойида Bloomberg Европа расмийлари Россияга учинчи давлатлар томонидан киритилган санкцияларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди.
Апрель ойи охирида Дэвид О’Салливан Ўзбекистонга учиб келди ва у ерда Шавкат Мирзиёев, маҳаллий бизнес вакиллари, Божхона қўмитаси ва Марказий банк билан музокаралар олиб борди. Махсус вакил Ўзбекистон расмийларини ЕИ республикага қарши санкциялар қўллаш ниятида эмаслигига ишонтирди, бироқ айрим юридик шахсларга нисбатан чеклов чоралари қўлланилиши мумкинлигини қайд этди.
Май ойида Wall Street Journal постсовет давлатлари Россияга санкция қўйилган товарларни реэкспорт қилиш марказига айланганини таъкидлаган эди. Масалан, 2022 йилда Ўзбекистон Европа товарлари импортини 1,3 миллиард долларга, Россияга экспортини эса 0,9 миллиард долларга оширди. Шунингдек, Ўзбекистонга кир ювиш машиналари ва ўлчаш ускуналарини етказиб бериш кескин ошди, республика кейинчалик уларни Россияга фаол экспорт қилган.
Июнь ойида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” иккинчи саммитида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Европа Иттифоқи минтақа давлатларига қарши санкциялар қўлламаслигини айтган эди. 11-пакетдаги чекловлар фақат Россия ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлайдиган компанияларга таъсир қилиши керак эди. 21 июнь куни ЕИ давлатлари вакиллари чекловларни четлаб ўтишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олган навбатдаги санкциялар пакетини маъқуллади. Хусусан, Европа Иттифоқи МДҲ мамлакатларига, жумладан, Ўзбекистонга чекланган товарларни етказиб бериш кескин ортиб бораётганидан, кейинчалик улар Россия бозорига чиқишидан хавотир билдирди.
Октябрь ойи бошида Европарламентнинг Ўзбекистон бўйича Ташқи ишлар қўмитаси томонидан тайёрланган ҳисоботни муҳокама қилди, унда, хусусан, республиканинг Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бериши мумкинлиги қайд этилган.
“Биз Ўзбекистоннинг Россияга ёрдам бериши мумкин бўлган хавф-хатарларга эътибор қаратамиз, чунки бу Россиянинг ЕИ томонидан жорий қилинган савдо санкцияларини четлаб ўтишдаги ёрдами билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биз вазиятни диққат билан кузатиб боришга чақирамиз”, — дейилади резолюцияда.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирларининг октябрь ойида Люксембургда бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича қўшма коммюнике қабул қилинди, унда ЕИ Россияга қарши қабул қилинган 11 та санкциялар пакетини эсга олди. Европа Иттифоқи ҳам минтақа давлатларини чекловларни четлаб ўтиш ҳолатларига йўл қўймасликка чақирди, бунга Марказий Осиё вакиллари ҳам рози бўлди.
Ноябрь ойида Bloomberg Европа Иттифоқи Россияга қарши 12-санкциялар пакетини қабул қилишга тайёрланаётганини ёзган эди. Бу сафар Ўзбекистон, Қозоғистон ва Сингапурнинг 30 дан ортиқ компанияси чекловларга дуч келиши мумкин. Жами 100 та жисмоний ва 40 та юридик шахс санкциялар рўйхатига киритилади.
Хулоса
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда сезиларли ютуқларга эришди, GSP+ умумий имтиёзлар тизими доирасида бенефициар давлатга айланди ва Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим бўйича музокараларни якунлади.
Бироқ, икки томонлама муносабатларнинг янада ривожланиши Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича илгари ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаришига, шунингдек, республикани Европа давлатлари учун жозибадор қиладиган мамлакатни ислоҳ қилиш йўналишини давом эттириш ва чуқурлаштиришга боғлиқ бўлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи республика Европа бозорига кириши билан бир қатор логистика ва савдо муаммоларини ҳал қилиши керак бўлади, бу эса ҳамкорликнинг иқтисодий салоҳиятини сезиларли даражада чеклайди. Бундан ташқари, Европа Иттифоқи билан муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган санкцияларни четлаб ўтиш схемаларида айрим компанияларнинг иштирок этиши мумкинлиги сабабли Ўзбекистон иқтисодиёти учун санкция хатарлари муҳимлигича қолмоқда.
Шаҳриёр Исмоилхўжаев
Шарҳлар