Ўзбекистонга қайси “ақлли шаҳарлар” ёрдам бериши мумкин

Ўзбекистонда Тошкент вилоятининг пойтахти Нурафшон шаҳрида, кейин эса “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида (ЭИЗ)да “ақлли шаҳар” лойиҳасини амалга оширишга қарор қилинди. Бироқ бу концепциялар қандай типдаги шаҳарлардан иборат бўлиши ва улар Ўзбекистонга қандай фойда келтириши номаълум. Урбанист-архитектор Анвар Мухамеджанов «Smart City» («Ақлли шаҳар») концепцияси нима экани ва уни инвесторлар ва ҳукуматлар турли мамлакатлар контекстида қандай қўллаши ҳақида гапириб беради.
  
Концепция тўғрисида
 
Фанда “ақлли шаҳар” каби ягона тушунча йўқ, бунинг устига у кўп ҳолларда нотўғри қўлланади ва талқин қилинади. Масалан, шаҳарни режалаштириш соҳасида шаҳарнинг “ақллилиги”га норматив талаб, ўз ортидан стратегик йўналишни олиб келадиган мафкуравий жиҳат сифатида қаралади.   
 

Бироқ ҳукуматлар ва барча даражадаги давлат муассасалари “ақл” тушунчасидан барқарор ривожланишни, иқтисодий ўсиш ва ўз фуқароларининг турмуш сифатини оширишни таъминлашга қаратилган ўз сиёсий дастурларига урғу бериш учун фойдаланишади.

 
«Ақлли шаҳар» концепцияси барқарор ривожланиш концепцияси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у ахборот технологияларининг умумий интеграциясига таянмайди. Аксинча, биринчи навбатда, у кўпроқ одамлар ва жамиятнинг эҳтиёжларини назарда тутади. Шу боис “ақлли шаҳар” концепциясига учта тоифа нуқтаи назариясидан қаралади: одамларнинг ривожланиши, жамият ва технологиялар.
 
Технологик “ақлли шаҳар”


 
Технологик «ақлли шаҳарга» сунъий интеллект, интернет-ҳукумат, “ақлли” транспорт ва ҳоказолар мавжуд бўлган АТ кенг интеграцияланган шаҳар сифатида қаралади. Шу билан бирга “ақлли шаҳарни” тез-тез рақамли шаҳар тушунчаси билан ҳам адаштиришади. Рақамли шаҳар турли инфратузилмалар коммуникациялар ёрдамида боғланган жамиятдан иборат. Бу ерда «smart city» концепцияси кенгроқ ҳисобланади, у “рақамли шаҳар” концепциясини ҳам, “ривожланган шаҳар”, “виртуал шаҳар” концепциясини ҳам ўз ичига олади.
 
Эҳтимол, Кореяда 600 га дан ортиқ майдонга қурилган ва 300 минг аҳолига мўлжалланган Сонгдо Сити  рўёбга чиқарилган дунёдаги шундай биринчи “ақлли шаҳар”га айлангандир. Қурувчининг ғоясига кўра, бу шаҳар автомобиллардан холи жойга, ҳудуднинг 40%  километрлаб велойўлкаларга эга кўкаламзорлаштирилган жойга айланиши керак.
 
Ҳамма жойда технологиялар жорий этилган.  
 

Ҳудудга пневматик чиқинди баклари ўрнатилган, улардаги чиқиндилар электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қайта ишланади. Квартиралар рақамли технологиялар билан жиҳозланган, йўловчилар оқимини назорат қилиш учун компьютерлар ҳатто кўчаларга ўрнатилган. Бу ерда масофадан турган ҳолда, уй эшигини очишдан тортиб, то мактабда болаларнинг дарсда қатнашишигача бўлган деярли ҳамма ишни бажариш мумкин. Бироқ аслида ҳаммаси бошқача. Ҳозир шаҳарда 70 000 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Жамоат транспорти яхши эмас, кўп ҳолларда Сеулгача ҳатто 2 соат ичида ҳам етиб олиш муаммога айланади. Уйларнинг нархи қиммат. Халқ орасида бу бу шаҳарни “кўланка-шаҳар” дейишади. 

 
Одамлар ривожланиши учун


 
Одамлар ривожланиши учун мўлжалланган “Ақлли шаҳар”га “креатив шаҳар” концепцияси сифатида қаралади, яъни одамлар ақллироқ кишига айланадиган жой. Шу боис ушбу турдаги шаҳарнинг шаклланишида одамлар, таълим ва ўқиш асосий ролни ўйнайди. Бу ердаги одамлар ривожланганроқ бўлиб, улар қандайдир бир ижтимоий капитални ҳосил қилади, у эса, ўз навбатида, турмушнинг барча томонларини – бизнес, санъат, таълим иқтисодиёт, фан ва ҳоказоларни тараққиётга итаради. Бу ерда “ақлли шаҳар” инсон салоҳиятини ривожлантириш ва ижодий ҳаёт учун кўплаб имкониятларга эга бўлган инсонпарвар шаҳар ҳисобланади.
 
Россиядаги Сколково ёки АҚШдаги Силикон водийси ана шу турдаги шаҳарга ёрқин мисол бўла олади. Бу ерда шаҳар муҳити шундай режалаштирилганки, у фуқароларнинг ижодий инновацион фикрлашига ҳамда ҳам маънан, ҳам моддий томондан шахсий ўсишлари ва мулоқот учун имкониятларни яратишга кўмаклашади. Масалан, бу ерда турли илмий йўналишлардан таркиб топган инфратузилмалар жойлашган. Шунга мос равишда бу ерда одамлар ўзлари танишишлари, мулоқот қилишлари, бир-бири билан ғояларни ўртоқлашишлари ҳамда биргаликда қандайдир бир инновацион ва фойдали нарсани яратишлари мумкин.
 
Жамият учун
 
Жамият учун мўлжалланган «Ақлли шаҳар» умумий манфаатларга эга “ривожланган жамият”нинг тимсоли ҳисобланади, бунда жамият аъзолари, хусусий ва давлат ташкилотлари биргаликда ишлайди ва АТдан умумий манфаатларга эришиш учун фойдаланади. Шунингдек бу “ақлли шаҳарда” яратилган жамият “ақлли” ривожланишдан манфаатдор бўлиши кераклигини ҳам билдиради. “Ақлли” ривожланиш концепциясидан тез-тез 1990-йилларда фойдаланишган, ўша пайтларда ҳукумат ва жамият биргаликда йўллардаги тиқилинчлар, мактаблар етишмовчилиги, ҳаво ифлосланиши, жамоатчилик ҳудудларининг йўқотилиши, ижтимоий хизматларга бўлган нархларнинг ошиши каби ижтимоий муаммоларга ўткир жавоб қайтаришган. Бунда жамият ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот “ақлли” шаҳарни яратиш учун замин бўлиб хизмат қилиши керак. Бундай шаҳарда жамият у ёки бу қонунларни қабул қилишда муҳим роль ўйнайди, яъни ҳукумат қарорлари шаффофликка кўмаклашади.
 
Масалан, Парижнинг биринчи мэр аёли Анн Идальго жамоатчиликни шаҳарни бошқариш ва маблағлар сарфланиши масаласида қатнашишга жалб этиш имкониятини кўриб чиққанди. Шу тарзда Париж “Мадам мэр, менда ғоя бор” деб номланувчи қизиқарли Бюджет схемасини яратди. Бутун шаҳар бўйлаб 41 та вертикал боғ яратилишини ўз ичига олган 21 мингта овоз берилган энг оммабоп ғояга айланди. Бошқа лойиҳалар чиқиндиларни қайта ишлаш станцияларини, мактабларда боғлар ва талабалар бирга ишлайдиган майдонларни яратишни ўз ичига олган. 
 
Бугунги кунда “ақлли шаҳар” концепцияси олти ўлчамда баҳоланади. Масалан, мамлакатимизда “ақлли шаҳар” ўлчамлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Булар: “ақлли ҳукумат” smart government)элементларидан бири сифатида ҳукумат ҳузуридаги “электрон ҳукумат”; шаҳарда бу йўловчилар оқимини назорат қилиш учун “ақлли мобиллик” технологияларини жорий этиш орқали транспорт инфратузилмасининг яхшиланиши. 
 
Ўзбекистонга қандай “ақлли шаҳарлар” керак?
 
Ривожланган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистоннинг ўз муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари мавжуд. Бизнинг шароитларда “ақлли шаҳарлар” типологиясига бўлган талабни аниқлаш ҳамда Сонгдо Ситига ўхшаган қимматбаҳо “кўланка-шаҳарлар” қурилишига йўл қўймаслик учун ҳукумат ва инвесторлар талабни яхшироқ ўрганиши ва халқ учун таклифлар яратиши керак. Масалан, “100 та ақлли шаҳар миссияси” номи остида танлов ташкил қилган Ҳиндистон ҳукуматидан ўрнак олиш мумкин (кейинроқ у амалга ошириш учун энг яхши 20 та лойиҳани саралаб олди). Танлов ғояси аввал бошида ҳеч бўлмаганда битта ўлчамда ишлаб, муайян аҳоли пунктининг асосий муаммосини (у хоҳ ичимлик суви, электр энергияси етишмовчилиги, қашшоқлик ва ҳ.к. бўлишидан қатъи назар) ҳал қиладиган “ақлли шаҳар”ни яратишдан иборат эди. Шу муносабат билан Ҳиндистоннинг ҳар бир ҳудудидан архитекторлар, муҳандислар ва урбанистлар конкрет жамиятнинг асосий муаммоларини ҳал қиладиган ва ўша жой ва муаммоларга мослаштирилган ўз моделини яратади.
 
Масалан, Ўзбекистонда, бир томондан, кўп ҳудудлар газ, электр энергияси, сув етишмовчилигидан, ноадекват транспорт инфратузилмаси ва камбағалликдан азият чекмоқда. Бошқа томондан, биз ҳам олға ҳаракатланишимиз ҳамда фан ва технологияларни ривожлантиришимиз зарур. Шу боис ҳукумат аввалига устувор йўналишларни белгилаб олиши мумкин. Агар “ақлли шаҳарни” жамиятнинг муаммоларини “юқоридан-пастга” ҳал қилиш ўрнига жамият манфаатларида яратиш керак бўлса, унда ҳукумат бу муаммога “пастдан-юқорига” ёндашиши ҳамда конкрет ҳудудда ҳеч бўлмаганда битта жамият заруратини тўлиқ ҳал қиладиган “ақлли шаҳарни” яратиш бўйича танлов ташкил қилиши мумкин бўларди.
 
  
Анвар Мухамеджанов,
урбанист-архитектор, Осиё Тараққиёт Банкининг стипендиати, Токио Университетининг магистрихалқаро ривожланиш ва ҳудудий режалаштириш соҳасининг мутахассиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.