Вазирлар Маҳкамасининг қарори бажарилмаяпти, етим бола эса кўчада қолмоқда
Ҳокимлик хоҳласа сўз беради, хоҳласа қайтиб олади
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси 23 ёшли Бахтиёр Саматов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 656-сонли “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорига асосан нормал ҳаёт учун зарур бўлган барча нарсалар – мебель, музлатгич, телевизор, кир ювиш машинаси ва уй-рўзғор буюмлари билан жиҳозланган қулай уй-жой олиши керак эди, бироқ у ҳамон уй-жойсиз қолмоқда.
Барча халқлар орасида етимнинг ризқини қийиш энг катта гуноҳлардан ҳисобланади, шунинг учун таҳририят бундай вазиятни четлаб ўтолмади.
Дебоча ўрнига
Бахтиёр уч ёшида Тошкент вилояти Бўка шаҳрининг меҳрибонлик уйига тушган. Орадан етти йил ўтиб, 2011-йилда у Тошкентдаги Хлебушкина номидаги болалар уйига ўтказилган. Бахтиёрнинг фикрича, у Хлебушкина номли болалар уйида ўтказган олти йили ҳаётидаги энг бахтли йиллардан бири бўлган. Мактабни тугатгач, Чирчиқ шаҳридаги 7-сонли касб-ҳунар билим юртига ўқишга кирди, ётоқхона олди, лекин янги жойга кўника олмади. 2018-йилда ўқишини Тошкент алоқа коллежига ўтказди ва шу масканнинг ётоқхонасида ўқишини битургунча яшаб келди.
2021-йилда коллежни тамомлаш арафасида Бахтиёрга Чирчиқ шаҳридаги “Ҳусусийлаштиришга кўмаклашиш маркази” давлат корхонасининг уй-жой бўлими томонидан Чирчиқ шаҳар ҳокимлигининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жой билан таъминлаш бўйича комиссияси”нинг 2021 йил 31 май кунги 1-сонли мажлис баённомасига асосан Чирчиқ шаҳрининг 10-кичик микрорайонидаги 52-чи кўп қаватли уйдан 2 хонали квартиранинг 1 хонаси 3 йил муддатга (23 ёшга тўлгунига қадар) Вазирлар Маҳкамасининг 164-сонли қарори талабларига зид равишда икки нафар етимга ажратилган, ваҳоланки битта уйга бир нафар одам жойлашиши лозим. Бундай ўйинга рози бўлмаган Бахтиёр бу таклифни рад этди ва Тошкент алоқа коллежи ётоқхонасига қайтишга мажбур бўлди. У аввало Чирчиқ шаҳри, Тошкент вилояти, Тошкент шаҳар ҳокимликларида адолатни топишга ҳаракат қилди, аммо беҳуда. Бахтиёр Ўзбекистон Президенти портали ва бошқа давлат ташкилотларига қайта-қайта мурожаат қилишда давом этди.
Унинг Чирчиқ шаҳри “Ҳусусийлаштиришга кўмаклашиш маркази” давлат корхонасига қилган мурожаати натижа беради ва унга 2022 йилнинг 10 январида Чирчиқ 50 йиллиги кўчасидаги 2-чи уйнинг 1 хоналик 49 квартираси кўрсатилади ва ушбу уй ҳам яшаш учун яроқсиз чиқди ва яна коллеж ётоқхонасига қайтишга мажбур бўлди.
Ҳокимликдан ҳужжатсиз яроқсиз квартира
Ниҳоят, бир ярим йил ўтгач, 2023-йилнинг июл ойида унга Чирчиқнинг Конструкторлар даҳаси 4 эски уй-жой биносининг 4-чи қаватидан бир хонали квартира ажратилди. Бироқ, бу хонадон ҳам умуман Вазирлар Маҳкамасининг ва қонун талабларига зид бўлиб чиқди: биринчидан, «ўлган» тоифасида, яроқсиз ҳолатда, иккинчидан, умуман жиҳозланмаган – яшаш учун умуман ҳеч қандай жиҳозсиз. Энг муҳими – йигитнинг қўлига шу кунгача ҳеч қандай хужжат ҳам берилмаган. Баъзилар учун бу аҳамиятсиздек туюлиши мумкин, аммо мустақил ҳаётнинг илк қадамларини қўяётган етим учун бу деярли ҳал қилиб бўлмайдиган муаммо.
Ушбу уй ажратилган пайтда Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги 164-сонли қарори аллақачон ўз кучини йўқотган, Бахтиёрга уй топишда кўмаклашган “Ҳусусийлаштиришга кўмаклашиш маркази” давлат корхонаси фаолияти тугалланган, меҳрибонлик уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси янги қарорни қабул қилинган.
Бахтиёрга эса, унинг вазияти билан боғлиқ бўлмаган қарор асосида, яъни, Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли “Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва фуқароларга ижара шартномаси шартлари асосида беришни тартибга солишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида уй-жой ажратилган. Бироқ ушбу уй давлат ихтиёрида бўлишига қарамай, қарздорлик сабаб уч маротаба тақиқга қўйилган. (Тақиқга олинганлик ҳақидаги ҳужжатлар қуйида)
Қандай қилиб?
Биз жараённи батафсил ўрганиш учун қайта Чирчиқ шаҳрига бордик, у ерда “Ҳусусийлаштиришга кўмаклашиш маркази” давлат корхонасининг уй-жой бўлими (ҳозирда фаолияти тугалланган ташкилот) вакиллари билан учрашдик. Бизга Ўзбекистон Миллий Гвардияси Тошкент вилояти бошқармаси масъуллари ҳам ҳамроҳ бўлишди. Собиқ марказ ходималари юқоридаги барча жараёнларни тасдиқлашди, бўлим вакилларининг таъкидлашича улар қўлидан келган барча ишни қилишган, Бахтиёрни кўчада қолдирмасликка интилишган. Аммо, ҳозирда уларнинг ҳам тизимлари чалкаш, қатор автоматлаштирилаётган тизимлар ишлашини кутиб, ишсиз, кимга бўйсунишни билмасдан фаолият олиб боришмоқда, Бахтиёрга 170-сонли қарор асосида берилган уйда яшашга ордер бериш учун ҳали янги тузилмалари тўлиқ шакилланмаган.
Бахтиёр эса – расман, ҳисобот учун уйлик, лекин амалда – уйсиз ва де-факто, юридик жиҳатдан ҳам кўчада қолмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ва амалдаги 656-сонли қарорида қатор ташкилотлар масъул сифатида кўрсатилган. Уларга таҳририят ахборот сўрови юборди. Агар Саматов бу йил уй билан таъминланмаса кейинги йилда у 24 ёшга тўлади ва 656-сонли қарорда кўрсатилган имкониятлардан ҳам қуруқ қолиши мумкин.
Фотосуратларда сиз ушбу квартиранинг ҳолатини кўришингиз ва баҳолашингиз мумкин:
Уй портлашдан кейингига ўхшайди – ҳатто кириш эшигининг қулф-калити ҳам йўқ, деразаларда шиша ўрнига кулранг мато бор.
Шу боисдан ҳам Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган қарорига асосан шакилланган Низомнинг 27-бандида “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан яшаш учун барча зарур шарт-шароит яратилган уй-жой билан таъминланади (таъмирланган ва жиҳозланган) дейилган.
У айни 2023 йилда ҳеч қандай хужжати йўқ уйни қабул қилиб олгач шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилган. Улар “яқин кунларда квартирани таъмирлашга, барча зарур нарсалар билан жиҳозлашга ва унга уй эгаси эканлигини тасдиқловчи кадастр ҳужжатларини беришга” ваъда беришган. Бироқ, мана навбатдаги бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, ваъданинг пучлиги яққол кўринди. Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг янги қарорида етим болаларга уй-жой сотиб олиб бериш назарда тутилганлигини билмагандек ҳаракат қилмоқда.
Бугун ҳолат қандай?
“Чўпон кўп бўлса – мол харом ўлади” деган нақл бор. Чирчиқ ҳокимлиги ҳам, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳам (Президент Мирзиёев томонидан баъзан “шаҳар оталари” ва “вилоят оталари” деб аталмиш амалдорлар), на Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги – бир қарашда нуфузли кўринган ташкилотлар, битта етим бола – Ўзбекистон фуқаросига муносиб ҳаёт бошланишини таъминлай олишмаяпти.
Бу ҳолатни нима деб аташни билмаймиз, лекин аниқ биламизки, буларнинг барчаси Ўзбекистон ва унинг президенти сиёсатига жуда нолойиқ кўринади.
Бахтиёрнинг уйларни олишдан бош тортишига сабаб, у ҳужжатлар билан тўлиқ таниш бўлганида.
Саматовга 1-уй ўша вақтда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда қабул қилинган ва йни пайтда ўз кучини йўқотган “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164 сонли қарори бўйича берилганди.
Бироқ турар жой ушбу қарор асосида чиқган Низомнинг 27 моддасида белгиланган тарзда берилмаётгани сабаб Бахтиёр уйни олишдан бош тортган.
Унга кўра,
“Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 27 моддаси. “Тураржойлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси доирасида, Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ ижара шартномаси асосида берилади.
Берилаётган тураржой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария меъёрларига ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб бериши лозим”.
Низомнинг 41 моддасида эса шундай дейилади: “Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаган тартибда жавобгарликка тортилади”.
Бахтиёр иккинчи уйни ҳам ушбу талаблар бузилгани сабаб бекор қилган.
Иккинчи уй учун ҳатто мутасадди органнинг қарори ҳам чиқарилмаган бўлган.
Учинчи бор берилган уй эса Бахтиёр Саматовнинг Меҳрибонлик уйи битирувчиси эканлиги инобатга олинмаган ҳолда тақдим этилган. Бу эса Ўзбекистон Қонунчилигига зид равишда амалга оширилган ҳаракатдир. Сабаби у биринчи ва иккинчи уйдан бош тортган пайтда амалда бўлган Вазирлар Маҳкамасининг 164-сонли бекор бўлади. Орадан 3 йилдан ортиқ вақт ўтганда эса Вазирлар Маҳкамасининг янги 656-сонли қарори кучга кириб бўлганди, бироқ, Бахтиёрга “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, ҳирмонда ҳозир” нақли қўлланилгану Вазирлар Маҳкамасининг 170-сонли қарори бўйича хат-хужжатсиз уй берилган.
Anhor.uz барча масалалар юзасидан тегишли давлат ташкилотлари ва мутасадди органларга Ахборот сўровларини юборади. Жавоби ва масаланинг ечими юзасидан қўшимча материал эълон қилинади.
Шарҳлар