“Ҳозир банклар кўпроқ ломбард сифатида ишлаяпти”: Ўзбекистонда самарали “яшил” молиялаштириш қачон ва қандай пайдо бўлади
“Яшил” иқтисодиёт билан боғлиқ лойиҳалар муваффақиятли бўлиши учун “яшил” кредитлар фойдаланиладиган ускунанинг ўзини қоплаш муддатидан кам бўлмаган муддатга ва лойиҳанинг рентабеллигидан юқори бўлмаган фоиз ставкасида берилиши керак. Баъзи мамлакатларда яшил кредит имтиёзли сифатида тушунилади, яъни у одатдагидан пастроқ фоиз ставкасига эга. Айни пайтда Ўзбекистонда “яшил” лойиҳаларни ривожлантиришга ҳаракат қилаётган тадбиркорларнинг сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар Ўзбекистон банкларида “яшил” кредит линияларини яратиб, у ерга маблағ ўтказаётган бўлса-да, бундай кредитларни ҳозирча олишнинг иложи йўқ.
29 февраль куни U-enter марказида бўлиб ўтган “Яшил платформа”нинг навбатдаги учрашувида бу борада ҳозирги вазият қандай ва бу муаммонинг сабаблари нимада бўлиши мумкинлиги ва уни ҳал қилиш йўллари муҳокама қилинди, бу сафар ташкилотчилар томонидан у “2024 йилда Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес учун тикланадиган энергия манбалари (ТЭМ)ни ривожлантириш” деб номланди. Кадрлар тақчиллиги ва лойиҳадан олдинги тайёргарлик йўқлиги шароитларида муқобил энергия манбаларига ўтиш билан боғлиқ техник ва ташкилий масалалар ҳамда бу борадаги тўсиқларни бартараф этишнинг эҳтимолий йўллари атрофлича ва керакли даражада муҳокама қилинди. Бироқ, аудиториянинг эътиборини “яшил” ўтишдаги яна бир тўсиқ – молиявий тўсиқ жалб қилганини ва бунинг сабаблари жуда жиддий эканлигини сезмаслик қийин эди.
Ўзбекистонда “яшил молиялаштириш” бўйича янги лойиҳалар эълон қилинганидан сўнг дарҳол қизғин муҳокама бошланди.
ЕТТБ вакили, катта банкир Хуршида Узоқова GEFF II кредит линияси ишга туширилганини маълум қилди, бунинг учун 100 миллион доллар ажратилган. Улар Hamkor ва Ipak yuli ҳамкор банклари томонидан “яшил” лойиҳалар учун “яшил” кредитлар кўринишида берилиши керак, Ipoteka банки ҳам яқин келажакда уларга қўшилиши лозим.
GEFF II дан фарқи нафақат “яшил” лойиҳалар учун ўтган йилгига нисбатан 40 миллион доллар кўпроқ ажратилганида, балки бу сафар давлат ва хусусий компаниялардан ташқари жисмоний шахсларга ҳам “яшил” кредитлар бериш режалаштирилганидадир (масалан, квартиралар ва уйларнинг иссиқлик изолацияси учун), қарз олувчилар томонидан таклиф қилинган «яшил» лойиҳаларнинг ҳаётийлигини баҳолаш учун ЕТТБ ўз ҳамкор банкларига ўз маслаҳатчиларини тақдим этади.
Ундан кейин Hamkor банк ва Ipak Yoli банкларининг вакиллари чиқди. Шуниси эътиборга лойиқки, уларнинг ҳеч бири ўз нутқида “яшил” кредитлар учун фоиз ставкасини айтмади.
ЕТТБнинг “яшил” иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича молиявий дастури эълон қилинганидан сўнг ҳамда ҳамкор банклар вакиллари чиқиш қилганидан кейин саҳнадан ҳам, залдан ҳам норозилик ва чора-тадбирларнинг етарли эмаслигидан далолат берувчи кескин танқидий мулоҳазалар эшитилди.
Мунозарани FAMILY GROUP МЧЖ ҚКнинг техник директори Тимур Мустафаев очиб берди, у биринчи бўлиб Ўзбекистонда “яшил” лойиҳалар учун маблағ топмоқчи бўлганлар дуч келадиган реал фоиз ставкасини айтиб ўтди – 20 фоиздан юқори.
Мавзуни Американинг “Аstorios” компаниясининг Ўзбекистондаги филиалининг ривожланиш бўйича директори Шоҳрух Баратов давом эттирди: “Биз бу ерда ишлай бошладик, шу жараёнда шундай таассурот пайдо бўлдики, банклар банк сифатида эмас, кўпроқ ломбард сифатида ишлаяпти, чунки кредитнинг 120% гаров таъминоти бўлиши керак. Бирортаям банк фақат кредит тарихи, баланс ва лойиҳа асосида қуёш батареялари каби монтаж лойиҳасини молиялаштириш учун кредит беришини тасдиқламади”.
Мутахассиснинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда табиий қуёш радиацияси туфайли 2-3 мегаватт қувватга эга лойиҳа 4 йил ичида ўзини қоплаши мумкин, бу эса Европа давлатларига қараганда анча фойдалидир. Демак, мамлакатимизда қуёш энергетикасини ривожлантириш учун хорижий сармоядорларни жалб қилиш, уларнинг маблағларини ўзлаштириш мумкин. Муаммо мавжуд муносабатлар тизимида.
Йиғилганлар эътиборини Ipak Yuli банкининг ички статистикаси жалб қилди, унга кўра, ҳозиргача “яшил” кредитларнинг асосий қисми электромобиллар харид қилиш билан боғлиқ лойиҳаларга ажратилган.
Бу ҳолат учрашув иштирокчиларида унчалик яхши таассурот қолдирмади. Пайдо бўлган хавотирни тушуниш қийин эмас. Муқобил манбалардан энергия оладиган янги қувватларни ишга туширмасдан ва инфратузилмани ривожлантирмасдан туриб электромобилларга ўтишнинг ўзи энергия тармоғига тушадиган юкламанинг фақат ошишига олиб келади.
Йиғилиш иштирокчилари бирин-кетин таъкидлаганидек, қайсидир мутасадди идоралар мамлакатимизга олиб кирилаётган электртромобилларга қанча қуёш панеллари ёки бошқа муқобил энергия манбалари ўрнатилиши, ишга туширилиши ва тўғри ишлашини ҳисоблаб чиқиши ва бутун жараённи назорат қилиши керак. Албатта, бунинг учун муқобил энергиядан фойдаланишни кафолатлайдиган электр транспорт воситалари учун зарядлаш жадвали ҳам талаб қилинади. Акс ҳолда, янги электр транспорт воситаларининг импорти қазиб олинадиган ёқилғининг қўшимча ёнишига олиб келади.
Учрашув иштирокчиларининг ҳафсаласини пир қилган яна бир жиҳат шу бўлдики, банклар одатда консалтинг харажатларини тўлайди, аммо қиммат ускуналар ҳақида гап кетганда (бу яшил лойиҳаларда тез-тез учрайдиган ҳолат) бунинг учун кредит олиш жуда қийин.
Иштирокчилар, шунингдек, яшил молия бозорида «узоқ муддатли пул» ҳали кузатилмаётганидан афсусланишди. ЕТТБ дастури ўрта муддатли, яъни тўрт йилга, лекин аслида уч йилга мўлжалланган.
Ниҳоят, йиғилганлар айни дамда ўз корхонасида ишлаб чиқарилган водородни ёқишга мажбур бўлаётганини айтган Навоий вилоятида фаолият кўрсатувчи тадбиркорнинг ҳикоясини эшитди. Ахир, унинг бизнесининг рентабеллиги узоқ вақтдан бери маълум бўлган водородни сақлаш ва ишлатиш учун ўзини яхши кўрсатган технологиядан фойдаланишни таъминлайдиган кредит ставкасидан паст.
Учрашувда халқаро ташкилотларга нисбатан таъналар ҳам янгради, улар, йиғилган тадбиркорларнинг фикрича, банкларга ёрдам беради, аммо “яшил” бизнесга ёрдам бермайди.
Молия сектори вакиллари танқидларга қўлларидан келганича жавоб беришди.
ЕТТБ вакили ҳозирда банклар ишига ҳеч қандай тарзда таъсир ўтказа олмаслигини таъкидлади, чунки ЕТТБ ўзи ҳамкорлик қилаётган мамлакатларнинг молия секторидаги ўйин қоидаларини ўзгартиришга ваколатли эмас. Бунга фақат давлатнинг ваколати бўлиши мумкин, у билан энг яхши ҳолатда музокаралар олиб бориш мумкин. Хуршида Узоқованинг сўзларига кўра, айни дамда, ўзи билишича, Ўзбекистонда барча кредитлар, жумладан, “яшил” кредитлар учун гаров таъминоти талаби Марказий банкдан келади.
GEFF эксперти Станислав Дубко, ўз навбатида, йиғилганларни жамғарма портфелидаги электр транспорт воситалари, шунингдек энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия манбалари билан боғлиқ лойиҳаларга инвестициялар тенг эканлигига ишонтирди: маблағларнинг катта қисми электромобиллар сотиб олиш учун эмас, балки энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия манбаларига йўналтирилади.
Нamkor, банк вакили, ўз навбатида, уларнинг банки “яшил” мезонларга жавоб берадиган лойиҳаларга йиллик 10-14 фоиз ставка билан кредитлар берилаётганини, аммо бу фақат хорижий валютада эканлигини айтди.
Бу ҳолат Ўзбекистонда энергия самарадорлигига эришиш энг йирик ва молиявий жиҳатдан барқарор ташкилотлардан бошланади, деб тахмин қилиш имконини беради. Ҳозирги шароитда улар ЕТТБ томонидан “яшил” лойиҳалар учун ажратиладиган маблағларнинг энг кўп олувчилари ҳисобланади.
Улар республикадаги “яшил” ўтишнинг локомотивига айланадими? Унга кичик ва ўрта бизнес вакиллари жалб қилинадими? Уларни ислоҳ қилиш СО2 ташланишларини камайтиришга максимал даражада таъсир қиладими? Бу борада тўлиқ ишонч йўқ. Кичик ва ўрта бизнес ҳамда якка тартибдаги уй хўжаликлари учун қулайроқ бўлган турли хил кредит шартлари билан декарбонизация жараёни анча тез давом этиши мумкин эди.
Ҳозирча эса шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда “яшил” молиялаштириш фақат “яшил лойиҳалар” учун кредитларга мақсадли маблағлар кўринишида мавжуд, холос. Бироқ ҳукумат томонидан қабул қилинган муайян чора-тадбирларга қарамасдан, имтиёзли фоизлар ҳақида ҳозирча гап йўқ. Вазиятни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар, масалан, яшил стартаплар учун бир йил олдин амалга оширилган.
Учрашув модератори Иван Бутук йиғилганларни ишонтирганидек, бир вақтлар “яшил” ўтиш йўлини танлаган кўплаб давлатлар шунга ўхшаш муаммоларга дуч келган. Унинг сўзларига кўра, етиб олувчи ривожланишнинг ўз афзалликлари бор ва Ўзбекистон ҳали ҳам улардан фойдаланиши мумкин.
Юсуф Ибрагимов
Шарҳлар