Ўзбекистон: бошпанасиз ҳайвонларга муносабатни инсонийлаштириш зарур

Фото: приют "Хаёт"

Бошпанасиз ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабат жамиятда ва давлатда мавжуд бўлган ижтимоий муаммоларнинг кўрсаткичларидан бири ҳисобланади. Бу жамиятдаги шафқатсизлик ва бефарқлик белгисидир. Ҳайвонларга азоб берувчи одамлар бошқа одамларга нисбатан ҳам зўравонлик ва шафқатсизликка мойил бўлади. Ҳайвонларни заҳарлашади, ёқишади, сув ҳавзаларига ташлашади, дарахтларга осишади, кейин бу кадрлар Интернетда тарқатилади. Ҳайвонларни таҳқирлаш давлат даражасида янги чораларни талаб қиладиган жуда жиддий муаммодир.

Андижон вилоятининг Асака шаҳрида ободонлаштириш бошқармаси ходимлари одамларнинг кўз ўнгида қаровсиз итларни отиб ташлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг аъзоси Елена Бабенко маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда ўлган ҳайвонларнинг суратлари жойлаштирилган.

Июль ойида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тошкент вилояти Ободонлаштириш хизматининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ, Паркент туманлари, Тошкент шаҳри, Зангиота, Қибрай ва Юқоричирчиқ туманларида «санитария» рейдларини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи нусхасини эълон қилишди. Буйруқнинг ҳақиқийлигини Anhor.uz нашрига “Меҳр ва оқибат” ҳайвонларни ҳимоя қилиш ташкилоти фаоллари тасдиқлашди. 14 июль куни «Ҳаёт» бошпанасига туманлардан ушланган 100 та ит қабул қилинди.

Ҳайвонлар ҳимоячиси Раъно Макаренконинг фикрича, ушланган итлар вақтинчалик қаровга жойлаштирилиши ва беш кун ичида эгалари ёки манфаатдор шахслар томонидан олиб кетилиши керак. Агар бу содир бўлмаса, итлар инсонпарварларча “ухлатилиши” лозим.

«Аммо ушлаш хизматларида “ухлатиш” учун махсус дори-дармонлар йўқ, шу боис итларни белкурак билан, сирка ёрдамида ва бошқа шафқатсиз усуллар билан ўлдиришмоқда. Уларнинг ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси [Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразгўйлик ёки бошқа асоссиз мақсадларда қийноққа солиш ёки уларни азоб-уқубатларга солиш – БҲМнинг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади – таҳр.]бўйича жавогарликка тортиляптими? — бу саволга жавоб йўқ”, — деб ёзади Раъно Макаренко Фейсбукдаги саҳифасида.

Елена Бабенконинг фикрича, ҳайвонлар ҳар қандай йўл билан мақсадли йўқ қилинмоқда, чунки хизматлар уларни отиб ташлаяпти, заҳарлаяпти, механик усулда нобуд қиляпти.

“Буларнинг барчаси аҳоли пунктлари кўчаларида қаровсиз ҳайвонлар сонини камайтириш мақсадида амалга оширилмоқда. Юз бераётган воқеалар комплекс чора-тадбирлар қабул қилинишини талаб қилади. Жамиятни инсонпарварлаштириш ва экологик таълим зарур. Ҳайвонларга муносабатнинг ахлоқий тамойилларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур”, — деганди Елена Бабенко шу йил январь ойида parl.uz сайтига берган интервьюсида.

18 июль куни депутат ўзининг Телеграм-каналида у билан экология вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаев боғланганини айтади. Унинг сўзларига кўра, кўплаб мурожаатлар муносабати билан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бошланган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу аллақачон президент фармони билан Экология вазирлигига юкланган эди.

Ҳозирча вазият ўзгармаяпти. 19 июль куни Навоий шаҳрида қаровсиз ҳайвонлар отиб ташланган. Кўча итлари одамларнинг кўз ўнгида отиб ташланмоқда, маҳаллий аҳоли танқид қилганидан кейин итларни отган «овчилар» дарҳол кетишган.

«Mushukkent» лойиҳасининг координатори Раъно Макаренко Anhor.uz журналисти билан суҳбатда бу масалаларни юқори даражада ҳал этиш, ҳукумат ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш зарурлигини таъкидлайди (ВМҚ 202). Солиқ тўловчи сифатида у отишларга қарши, чунки бу ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатни билдирмайди.

«Ҳаёт» бошпанасининг асосчиси Ирода Маткаримова бутун республика бўйлаб бошпаналар яратиш, ҳайвонларни ушловчи бригадалар билан ҳамкорликда иш олиб бориш, ҳайвонлар учун бошпана қуриш ва уларни қарашга давлатдан субсидиялар сўраш, ҳайвонларни стерилизация қилиш ва чиплаштириш лозим, зарур бўлса, барча ҳайвон эгаларини ҳайвонларни стерилизация қилишга мажбурлаш ва уларнинг кўпайишига йўл қўйдирмаслик керак, деб ҳисоблайди. Маткаримова, итларнинг қопиши ҳақидаги барча маълумотлар диққат билан текширилиши, ветеринария ҳужжатлари билан тасдиқланиши лозимлигини қайд этади.

“Бунинг учун итлар эмас, балки итларни боқиб олиб, кўпайтириб, эркинликка қўйиб юборадиган одамлар айбдор. Итларни тумшуғи ва боғичларисиз қўйиб юборадиган одамлар уларни эмлашдан маҳрум қилади. Кўча итларига олдиндан ёмон муносабатда бўлишади, ахир одамларнинг ўзи уларни қўрқитади, кейин эса итлар нега баджаҳл ва тажовузкор деб ҳайрон бўлишади», – дейди у.

Қотиллик, энг аввало, инсоний ёндашув эмас. Бу одамларга бошпанасиз итларнинг ҳужум қилиши муаммосини ҳал этмайди. Баъзи ҳайвонларнинг йўқ қилиниши муқаррар равишда йўқотишларнинг ўрнини тўлдириш учун «қолганлар»нинг тезроқ кўпайишига олиб келади – бу табиат қонуни.

“УСЭҚ” – “ушлаш, стериллаш, эмлаш, қайтариш” дастуридан фойдаланиш  ҳайвонлар популяциясини назорат қилиш ва хавфли касалликлар (масалан, қутуриш) тарқалиши хавфини камайтиришга ёрдам беради. Стерилизациядан сўнг, итлар ўз ҳудудларини белгилашни тўхтатади ва тинчланади. Итни қутуришга қарши эмлаш касалликнинг қўзғатувчисига барқарор иммунитетни шакллантиришга ёрдам беради: яъни агар вирус ҳайвоннинг организмига кирса, ҳосил бўлган антитаначалар уни «зарарсизлантиради» ва ҳайвон касал бўлмайди. Ўз вақтида эмлаш ҳайвонлар ва атрофдаги кишиларнинг соғлиғини сақлашга ёрдам беради.

Ева Абдураимова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.