Ўзбекистон ва Грузия Ўрта коридор қуришда Хитойга умид боғламоқда

Фото: Jam News

Охирги ойларда Россияни четлаб ўтиб, Марказий Осиё ва Кавказ орқали ўтувчи Европа Иттифоқи-Хитой савдо йўли бўлган Ўрта (ёки Ўртанги) коридор бўйлаб иккита муҳим воқеа юз берди. Биринчидан, Грузияда баҳсли Анаклиа чуқур денгиз порти лойиҳаси ниҳоят Хитой бошчилигидаги консорциумга топширилди. Иккинчидан, Марказий Осиёда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой раҳбарлари ўртасида узоқ кутилган Ғарбий Хитойни Ўзбекистон билан боғловчи темир йўл бўйича шартнома имзоланди. Ва бу иккала ўзгаришлар нафақат Ўрта коридорга умидларнинг янгиланишига, балки Хитой билан алоқаларни чуқурлаштиришга оид хавотирларнинг кучайишига олиб келди.

Баҳсли порт

Чуқур сувли Анаклия порти қурилиши Грузия Қора денгизи соҳилидаги бўш жойда, деярли барча БМТ давлатлари Грузиянинг бир қисми деб ҳисоблайдиган Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган де-фаcто давлатдан, Абхазиядан «икки қадамда» режалаштирилган.

Агар геосиёсий катаклизмлар ва ички сиёсий тартибсизликлар бўлмаганида, порт аллақачон қурилган бўларди ва Анаклия Ўрта коридорнинг муҳим савдо марказига айланган бўларди.

Анаклия портини қуриш лойиҳаси 2014-йилда, амалдаги ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай бошланган эди. Дастлаб, уни амалга ошириш Грузиянинг ТБC Банки ва АҚШда жойлашган Conti International Anaklia Development Consortium (ADC) томонидан тузилган консорциумга топширилган эди, аммо 2020 йил январ ойида келишув сиёсий келишмовчиликлар туфайли бекор қилинди, натижада грузиялик инвесторлар охир-оқибат пул ювишда айбланган.

Кейин, 2022 йилда Грузия ҳукумати яна порт қуриш режаларини эълон қилди. Аввалги сармоядорлар Грузия ҳукуматидан товон пули талаб қилиб, Халқаро арбитраж судига даъво аризаси билан мурожаат қилган, бироқ ишни ютқазган. Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш учун янги – Хитой консорциуми танланди.

Бу эълон Грузия парламенти президентнинг “хорижий агентлар” тўғрисидаги ўта мунозарали қонунга қўйган ветосини бекор қилганидан бир кун ўтиб эълон қилинди.

29 май куни Грузия иқтисодиёт вазири Леван Давиташвили Хитой давлат гиганти China Communications Construction Company Ltd (CCCC) ва Сингапурда жойлашган China Harbour Investment Pte. Ltd компанияси Анаклиа портини қуради ва иш Хитойнинг иккита давлат компанияси – China Road and Bridge Corporation ва Qingdao Port International Co., Ltd билан тузилган шартнома асосида амалга оширилишини эълон қилди.

Портни қуриш учун Швейцария-Люксембург консорциуми ҳам ариза топширган, бироқ якуний аризани фақат хитойликлар топширган.

CCCC билан ҳамкорлик бошқа сабаблар қаторида Грузияда мунозарали, чунки CCCC Жанубий Хитой денгизидаги сунъий оролларни қуришдаги роли туфайли АҚШ Савдо Департаментининг «Субъектлар рўйхатига» киритилган.

Ўрта коридорнинг бошқа учидаги темир йўл

Яна узоқроқ шарқда, Евроосиё қитъасининг қарама-қарши томонида, Хитой бошчилигидаги яна бир йирик инфратузилма лойиҳаси ҳам гавдаланмоқда.

Грузия Иқтисодиёт вазирининг юқорида тилга олинган баёнотидан бир ҳафта ўтиб, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси (CKU темир йўли) бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди. У 523 километр масофани босиб ўтиб, Ғарбий Хитойни Қирғизистон орқали Ўзбекистон билан боғлайди.

Ушбу лойиҳа қарийб 30 йил давомида «муҳокама қилинмоқда» ва энди у Анаклия порти каби ниҳоят ҳаракатга келгангаўхшайди. Ўтган йил давомида мазкур лойиҳани қўллаб-қувватловчи бир қанча юқори даражадаги баёнотлар берилди, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой давлат раҳбарлари ўртасида виртуал имзолаш маросими бўлиб ўтди.

2024-йилда бу кўп миллиард долларлик лойиҳани ким молиялаштириши аниқ бўлди. Хабар қилинишича, Хитой лойиҳанинг ярмини қоплайдиган 2,35 миллиард доллар миқдорида паст фоизли кредит ажратиш мажбуриятини олган. Бироқ, темир йўлнинг тўлиқ молиялаштирилиши ҳақида тафсилотлар ҳозирча номаълум.

Темир йўл қурилиши қувонарли ишдир, чунки у “Хитойнинг кенг бозори ва денгиз портларига киришнинг арзонроқ вариантини тақдим этади, Россия орқали ёки Шимолий Корея ва Жанубий Хитой денгизи орқали денгиз йўллари орқали ўтиш заруратини камайтиради”, дейди Тошкентдаги Иқтисодий тадқиқотлар маркази тадқиқотлари кооординатори Бахтиёр Эргашев.

Хитой ва Европа Иттифоқининг Ўрта коридорга қизиқиши ортиб бормоқда

Иқтисодиёт вазири Леван Давиташвилининг сўзларига кўра, “Анаклия порти бутун Ўрта йўлакнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган муҳим лойиҳадир”.

Транскаспий халқаро транспорт йўли сифатида ҳам танилган Ўрта коридор Хитой ва Европа ўртасидаги савдо йўналиши ҳисобланади. Шимолий йўлак бўйлаб Россия орқали ўтиш ўрнига, Ўрта йўлак транспорти Қозоғистон орқали ўтади, Озарбайжонда Каспий денгизи орқали ўтади ва Грузия орқали ўтади ва Европа Иттифоқи бозорига учта тармоқ: Украина, Туркия ёки Руминия-Болгария орқали киради.

Россиянинг Украинага кенг миқёсли бостириб кириши ва кейинчалик Россияга қарши санкциялари бу лойиҳани Хитой ва Европа Иттифоқи учун алоҳида устувор вазифага айлантирди.

“Хитой Европа Иттифоқи билан савдо ҳажмини сақлаб қолишдан манфаатдор, демак, Ўрта йўлак зарур – шунинг учун CKU темир йўл коридоридаги ишлар фаоллаштирилди”, – дейди Бахтиёр Эргашев.

Ўз навбатида, Хитойнинг Грузиядаги элчиси Анаклия портини тилга олиб, “Ўрта йўлак Хитой-Европа логистикаси учун муҳим, чунки бизда Шимолий чизиқдан бошқа танлов йўқ”, деб таъкидлади.

2024-йил январ ойида бўлиб ўтган Европа Иттифоқи-Марказий Осиё транспорт инвесторларининг биринчи форумида Европа Комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскис Форумда иштирок этаётган Европа ва халқаро молия институтлари Марказий Осиёда барқарор транспорт алоқасини қўллаб-қувватлаш ва инвестиция қилиш учун 10 миллиард евро ажратишини маълум қилди. Белгиланган мақсад Транскаспий транспорт йўлагини 15 кун ичида Европа ва Марказий Осиёни боғлайдиган замонавий, мультимодал ва самарали йўналишга айлантириш эди.

Бироқ, ҳам CKU ва ҳам Анаклиа мисолида, ҳаракатлантирувчи куч Хитой бўлиб кўринади. Грузиянинг Анаклияни хитойлик компанияга “бериш” қарори Европа Иттифоқининг Ўрта коридорга бўлган амбицияларига зарба бўлади. Озодлик билан суҳбатда Европа Иттифоқининг собиқ махсус вакили Роман Влахутин “агар [Брюссел] Ўрта йўлакдан жиддий манфаатдор бўлса, Анаклиясиз буни уддалай олмайди”, деди.

Ўрта коридор бўйлаб инфратузилма етишмовчилиги

Жаҳон банки ҳисоботига кўра, Ўрта коридор бўйлаб 2022-йилда ташилган юклар ҳажми 2022-йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга ошган, аммо 2023-йилнинг саккиз ойида 37 фоизга камайган.

Бироқ, Жаҳон банки ўз ҳисоботида Ўрта йўлакнинг имкониятлари ҳақида оптимистик фикрда. Ҳисоботда айтилишича, 2030 йилга бориб Каспий денгизи орқали ўтадиган юк ҳажми 11 миллион тоннадан ошиши мумкин, бу ҳозирги 5,8 миллион тоннадан деярли икки баравар кўп.

Қозоғистон президентининг башоратлари янада ҳашматли кўринади: унинг сўзларига кўра, Ўрта йўлак бўйлаб юк ташиш ҳажмини беш баравар ошириш имконияти мавжуд.

Бироқ, бунинг амалга ошиши учун Ўрта коридорни модернизация қилиш керак. Жаҳон банки ҳисоботида айтилишича, ҳажмларнинг ошиши инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга боғлиқ. Акс ҳолда, юк ташиш талаби прогноз қилинган 11 миллион тоннадан 35 фоизга паст бўлади.

2023-йилда трафикнинг камайиши операцион муаммолар ва юқори нархлар билан боғлиқ. Ўрта йўлак 2023-йилда талабни қондира олмагани учун юк қисман Шимолий йўлакка қайтарилди: “2023 йил маълумотларига кўра, Шимолий йўлак томон оқим 44 фоизга ошган”, дейди Грузия транспорт йўлаклари тадқиқотлари маркази раҳбари Паата Тсагареишвили.

Ўрта коридордаги техник камчиликлар Жаҳон банки ҳисоботида ҳам қайд этилган. Бу бўшлиқлар кемаларнинг етишмаслиги, беқарор нархлар, олдиндан айтиб бўлмайдиган жадваллар ва логистика марказларининг сифатсизлигини ўз ичига олади.

Тсагареишвилининг таъкидлашича, Грузия темир йўллари ва портлари каби асосий боғловчи тизимлар етарли даражада бирлаштирилмаган. Транспорт йўлакларини ўрганиш маркази маълумотларига кўра, Украинадаги урушдан кейин 10–12 миллион тонна юк ташиш салоҳияти пайдо бўлган, бироқ “биз кутганимиздан фарқли ўлароқ, биз йўлакни таҳмин қилинган ривожланишига гувоҳ бўлмадик”.

Хитойнинг Грузия ва Ўзбекистондаги фаоллиги ортиб бормоқда

Анаклиа порти ва CКУ темир йўли қурилишида эришилган ютуқлар Ўрта коридор бўйлаб инфратузилма ниҳоят ривожлана бошлайди деган умидларни тиклади. Бироқ Грузия ва Ўзбекистонда баъзилар Хитойнинг бундай фаол иштироки оқибатларидан хавотирда. Грузия ҳукуматининг хитойлик инвестор билан ҳамкорлиги Шарқий Осиёнинг қудратли давлати билан кенгроқ ноз-карашманинг бир қисмидир.

2023 йил июл ойида Грузия ҳукумати Хитой билан стратегик шериклик шартномасини имзолади ва бу Грузиянинг Пекин дипломатик иерархиясидаги мақомини оширди. Таҳлилчиларга кўра, бу ҳаракат Грузия ташқи сиёсати йўналишидаги ташвишли ўзгаришлар, айниқса, Хитойнинг Россияни қўллаб-қувватлаётгани, чунки грузияликларнинг кўпчилиги унга босқинчи сифатида қаралаётганини ҳисобга олсак.

Грузиянинг Хитой билан стратегик ҳамкорлиги Грузия орзуси партиясининг Ғарбни геосиёсий шантаж қилиш уринишларининг бир қисмидир, дейди собиқ мудофаа вазири ва “Фуқаролик ғояси” ташкилоти раиси Тинатин Хидашели. Унинг айтишича, Хитой билан муносабатларни чуқурлаштириб, ҳукумат “агар [Европа Иттифоқи] бизни рад этса, Хитой кўринишидаги муқобил ҳар доим мавжуд”.

Грузия ҳукуматининг Хитой билан ҳамкорликка қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда, грузиялик экспертлар Хитойга стратегик инфратузилмани қуришга рухсат бериш билан боғлиқ хавфлар ҳақида хавотир билдиришмоқда. Хитой «инфратузилмани яратмоқчи, кемаларини юкламоқчи ва йиғиш ва тарқатиш пунктини назоратга олмоқчи», дейди Паата Тсагареишвили,

CCCC шўъба корхонаси CRBC ва Анаклия порти учун пудратчи сифатида танланган компания ҳам ўтмишда Грузия ҳукуматидан хавфсизлик стандартларига риоя қилиш ҳақида огоҳлантиришлар олган.

Грузия Иқтисодиёт вазирлиги янги инвесторга қарши Ғарб санкциялари таҳдидини четга сурмоқда. 30-май куни эълон қилинган вазирлик баёнотида:

“На халқаро, на Америка санкциялари Хитой-Сингапур консорциумига тааллуқли эмас. Бу кампания бутунлай сиёсийлаштирилган ва Анаклия порти лойиҳасини амалга оширишга атайлаб тўсқинлик қилишга қаратилган”.

CKU темир йўлига келсак, лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларини Хитойдан қарзга ботиб қолиб кетишидан хавотирлар ҳам бор.

Бахтиёр Эргашевга кўра, Ўзбекистоннинг Хитой банкларидан етти миллиард доллардан ортиқ ташқи қарзи бор.

“Ҳар икки давлат [Қирғизистон ва Ўзбекистон] аслида Хитой олдидаги жиддий қарзлар гаровида”, – дейди Эргашев.

Бироқ, унинг қўшимча қилишича, имтиёзлар ва транзит тўловлари ҳам сезиларли бўлади.

Аммо Хитой билан ҳамкорликда кўпроқ фойда ёки хавф бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик олдинга ягона йўл бўлиб кўринади. Бошқа вариантлар шунчаки йўқ. Анаклия портига келсак, Швейцария консорциуми якуний таклифни тақдим эта олмади, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли масаласида эса Европа муқобили умуман кўриб чиқилмади.

Муаллифлар:

Нина Хеладзе

Натали Немсадзе

Анастасия Галимова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.