Ўзбекистонда бандликдаги гендер фарқи: аёлларни нима тўхтатмоқда?
Бугунги куннинг, глобал муаммоларидан бири бу – аёлларнинг эркакларга нисбатан иш топишда анча қийиналишидир. Халқаро меҳнат ташкилоти(ILO)дан олинган маълумотларга кўра, ҳозирда дунё аёлларининг 47 фоизи иш билан таъминланган ва эркаклар ўртасида эса бу кўрсатгич 72 фоизни ташкил этмоқда. Гендер тенгсизлиги, айниқса, ривожланаётган мамлакатларда кучлироқ сезилмоқда. Хўш, Ўзбекистон бу борада қандай кўрсаткичларга эга?
Жаҳон банкининг гендер маълумотлар порталида келтирилишича, 2023 йилда Ўзбекистонда меҳнат бозорида иштирок этаётган аёллар даражаси 39,9 фоизни, эркакларда эса 72,8 фоизни ташкил қилган. Албатта, бу рақамлар яхши натижани кўрсатмаяпти. Келинг, бу фарқларни қуйидаги расм орқали батафсил таҳлил қиламиз.
Ўзбекистоннинг гендер тафовути: рақамлар ва таҳлил
Ушбу харита 2022 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан эълон қилинган бўлиб, унда турли давлатлардаги иш билан банд бўлган эркаклар ва аёлларнинг кўрсаткичлари ўртасидаги фарқлар тасвирланган. Рангларга эътибор берадиган бўлсак, бунда оч ранглар меҳнат бозорида иштирок этаётган эркаклар ва аёллар ўртасидаги тафовут қанчалик камлигини кўрсатса, тўқ ранглар бунинг аксини, яъни катта фарқ борлигини акс эттирмоқда. Аниқроғи:
– Мовий: Бу ҳудудларда гендер тафовути кичик (0% га яқин).
– Оч ва тўқ пушти: Ўртача гендер тафовутини билдиради (тахминан 15% ва 30% орасида).
– Қизил ва тўқ қизил: Бу ранглар меҳнат фаолиятида иштирок этаётган турли мамлакатлардаги эркаклар ва аёлларнинг фоизида катта тафовут мавжудлигини кўрсатади (30% дан 45% ва ундан юқори).
Мисол тариқасида харитадан Ўзбекистонни ажратиб олдик. Унда 2022 йилда мамлакатдаги гендер тафовути 26%ни ташкил этган. Бунда банд бўлган эркаклар даражаси 70.9%, аёлларники эса 44.9%. Бу ўша пайтда мамлакатда гендер тафовути ўртача даражада эканлигини билдиради ва харитада оч пушти рангда кўрсатилган.
Лекин, орадан бир йил ўтиб, 2023 йилда (иккинчи хат бошида келтирилган) мамлакатдаги иш билан таъминлаган эркаклар фоизи 1.9%га ошган бўлса, ишли аёлларнинг даражаси 5%га тушган ва бу йилдаги гендер тофовути 32.9%ни кўрсатиб, тўқ пуштидан қизил (катта фарқ мавжудлиги)га ўзгарган.
Эскирган стереотиплар ва ижтимоий соҳа муаммолари аёлларнинг бандлигига салбий таъсир қилмоқда
Мамлакатда аёлларнинг эркакларга нисбатан меҳнат бозорида камроқ иштирок этишига бир қанча факторлар мавжуд. Шулардан бизнинг минтақамизга кўпроқ тааллуқлиларини ажратадиган бўлсак, улар қуйидагилар:
Биринчидан, кўплаб мамлакатлар қатори, Ўзбекистонда ҳам анъанавий гендер стереотиплари жуда кучли. Мамлакат аҳолисининг аксарияти, аёллар асосан уй ишлари ва фарзанд тарбияси билан шуғулланиши керак деб ҳисоблайди ва бу аёллар ўртасида ишсизлик даражасининг ошишига олиб келмоқда.
Иккинчидан, қизлар “жойи чиқса текин бер” деган қарашга асосан, мактабни тугатишиданоқ, эрта турмушга бериб юборилмоқда, ва оқибатда оиладан ортиб таълим олишига ҳеч қандай вақт, шароит қолмаяпти.
Шунингдек, аёллар ўрта ёки олий маълумотли бўлишига қарамасдан уларга оила аъзолари ёки турмуш ўртоғи томонидан ишлаш учун рухсат берилмайди. Бу ҳам, албатта, жамиятда қотиб қолган стереотиплар сабабли.
Меҳнат бозоридаги тенгсизлик ҳам ушбу гендер тафовутининг катталашишига олиб келмоқда. Масалан, кўплаб иш берувчилар аёлларни туғруқ таътили ёки оилавий мажбуриятлари сабабли камроқ фойда келтиради деб билишади ва уларни ишга олишдан бош тортишади.
Бундан ташқари, аёллар иш ва оила ўртасида мувозанат сақлашга қийналишади ҳамда иш берувчилар томонидан мослашувчан иш графиги тақдим этилмаган ҳолларда, оилани танлашга мажбур бўлишади.
Энг асосийси, аёлларнинг ўзларига бўлган ишончнинг пастлиги ҳам уларнинг иш билан банд бўлишига тўсқинлик қилмоқда. Кўплаб аёллар жамиятдаги стереотипларга ўрганиб қолишган ва ўзларининг имкониятларини чекланганлигига рози бўлиб қолган.
Хуллас, барчамизга аён бўлганидек, Ўзбекистонда аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки эркакларга қараганда анча паст ва бу кўрсаткич янада ёмонлашиб бормоқда. Бунга анъанавий стереотиплар тортиб, аёлларнинг ўзига бўлган ишончи ҳам таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолатни яхшилашга ёки олдини олишга ҳаракат қилинмаса, гендер тафовути янада чуқурлашиб бораверади.
Умида Якупова
Шарҳлар