Ўзбекистондаги бинолар кучли зилзилаларга бардош бера оладими?
Туркия ва Суриядаги зилзилалар вайроналар остида қолиб, ташқарига чиқиш ва қочиш имконига эга бўлмаган минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, муаммо шундаки, бир неча йиллар давомида табиий ҳодисалар таъсирида бинолар барқарорлигини йўқота бошлайди, бошқалари эса аввал бошидан кичик юкламаларга мўлжаллаб қурилган.
Anhor.uz Ўзбекистондаги биноларнинг сейсмик таъсирларга қанчалик чидамлилигини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Механика ва иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги институти мутахассислари билан суҳбатлашди.
Нега баланд бинолар зилзилага бардош бера олмаслиги мумкин
Бинони қуришда энг муҳим жиҳат пойдевор ҳисобланади. Айнан у бинонинг юкланмасини ерга узатади. Мутахассиснинг вазифаси ҳам асосни, ҳам пойдеворни тўғри лойиҳалашдир. Жуда баланд бинолар турли сабабларга кўра кучли зилзилаларга бардош бермаслиги мумкин. Бинонинг асл тузилиши тўғри қурилмаган бўлиши мумкин, шу боис бино қимирлаш юкига бардош бера олмайди.
+атто ҚМҚ (қурилиш меъёрлари ва қоидалари) га риоя қилган ҳолда, сиз кўп қаватли бинони яратишда хато қилишингиз мумкин. 1950 йилдан бошлаб Ўзбекистонда бинолар ҚМҚ бўйича қурила бошланди, шу вақтгача ҳеч қандай нормативлар йўқ эди, лекин айни пайтда кўпчилик бинолар ҳали ҳам мустаҳкам турибди. Мутахассисларнинг айтишича, ҳозирда ҚМҚ қоидаларига риоя қилинган тақдирда ҳам, айрим янги қурилган бинолар кучли зилзилага бардош бермаслиги эҳтимоли бор. Агар қурувчилар паст сифатли материаллардан фойдаланган бўлса, бу содир бўлиши мумкин.
Биринчи қават дўконлар ёки офислар учун ишлатиладиган кўп қаватли бинолар кўпинча пастки қаватларда бўлиши керак бўлган қаттиқликка эга эмас. Институт мутахассисларининг фикрича, биринчи ва иккинчи қаватлар мустаҳкам юк кўтарувчи деворлардан қурилиши керак, чунки силкиниш вақтида асосий юкланма айнан пастки қаватларга тушади.
«Масалан, Японияда каркас ва арматура тўр кўринишида ўрнатилади, бунинг натижасида бетон билан қуйилган кучли конструкция олинади. Аммо бу ҳолатда ҳам, ҳатто яхши конструкцияли 20 қават юкка бардош бериши осон бўлмайди. Зилзила пайтида бинолар, худди Туркияда бўлгани каби, барқарорлигини йўқотиши мумкин”, – дея тушунтиради экспертлар.
Материал сифати
Ўзбекистон сейсмик фаол зона ҳисобланади. Бу эса қурилиш вақтида эътиборга олиниши керак, аммо бинонинг сейсмик хавфсизлиги ва сейсмик чидамлилигига бевосита таъсир қилувчи бошқа кўплаб омиллар ҳам мавжуд.
Мисол учун, агар қурилиш режаси барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлса, лекин қурилиш вақтида заиф материал ишлатилган бўлса, у ҳолда бино зарар кўради.
Япония ва Жанубий Кореяда 70 қаватгача уйлар қурилмоқда. Улар темир каркаслар ва монолит бетон билан тикланади. Бундай тузилмалар эса мустаҳкам туради. Бироқ, агар конструкция қум билан аралаштирилган паст сифатли цемент билан қуйилган бўлса, кучли ер силкинишларига ҳеч қандай бақувват каркас ҳам ёрдам бера олмайди. Тайбэй 101 – кучли материаллардан осмонўпар бинолар қуриш ва зилзилаларга чидамлилик ҳақида олдиндан ўйлаш қанчалик муҳимлигига энг яхши мисолларидан биридир. Бинонинг ичида динамик вибрацияни сўндирувчи – оғирлиги 700 тоннадан ортиқ бўлган олтин шар жойлашган. Зилзила пайтида бу механизм тебранишларни сусайтиради, шунинг учун бино кучли ер силкинишлари ёки бўронлар юкламасига бардош бера олади.
«Агар бино ҚМҚ бўйича қурилган бўлса-да, лекин материаллар сифатли бўлмаса, у зилзилага бардош бера олмайди», деб тушунтиради мутахассислар.
Уларнинг фикрича, биноларнинг пойдеворининг ўзида сейсмик мустаҳкамлик кўплаб хорижий мамлакатларда кенг тарқалган, бироқ Ўзбекистонда бу эндигина оммалашмоқда. Шу билан бирга, биноларнинг сейсмик чидамлилигини таъминламаслик нафақат осмонўпар бинолар, балки 12 қаватгача бўлган кичик кўп қаватли бинолар учун ҳам дунёнинг аксарият мамлакатларида ҳал этилмаган муаммодир.
Бинони лойиҳалашни бошлашдан олдин мутахассислар сейсмик микрорайонлаштириш харитасини текширишлари керак. Ушбу маълумотларга асосланиб, қаватлар сонидан қатъи назар, бу жой бино қуришга арзийдими ёки йўқлигини ҳал қилиш мумкин.
“Режадаги ер участкасида ёрилган жой бор ёки йўқлигини билишимиз керак. Агар ёриқ мавжуд бўлса, демак, қуриш мақсадга мувофиқ эмас, – дейди мутахассис Ғулом Исаев.
Ҳатто ёриқ бор жойда кичик мустаҳкам икки қаватли уй қурилган бўлса ҳам, кучли силкинишлар пайтида бино барибир бардош бера олмайди. Зилзила пайтида ер плиталари (литосфера плиталари) бир-биридан узоқлашади ва зилзила содир бўлади.
Олимлар биноларни моделлаштиради ва меъёрларга ўзгартиришлар киритади, профил ва қурилиш муаммоларини ҳал қилиш усуллари бўйича таклифлар киритади, лекин биноларнинг сейсмик чидамлилиги учун аниқ жавоб бера олишмайди, чунки кўплаб таъсир қилувчи омиллар мавжуд.
Тошкент шаҳридаги қайси бино зилзилага бардош бера олади, қайси бири чидай олмайди – бу каби саволларга лойиҳа ва қурилиш ташкилотларининг мутахассислари билан биргаликда бинонинг таянч конструкцияси инструментал текширувдан ўтказилганидан сўнг жавоб топиш мумкин.
Дарья Пензова суҳбатлашди
Шарҳлар