Жамоат ҳудудларига инвестиция қилаётган шаҳарлар аҳоли учун кўпроқ маъқул бўлмоқда

Источник: selfguide.ru

Сентябрь ойида руминиялик урбанист Юлия Афлорей халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибида Me’mor//2023 III Архитектура кўрик-танловининг энг яхши ишларини танлаш учун Ўзбекистонга ташриф буюради. Биз у билан урбанистика тенденциялари ва қийинчиликлари, шунингдек, танловга тақдим этилган лойиҳаларни баҳолаш мезонлари ҳақида суҳбатлашдик.

Me’mor//2023 – бу архитекторлар, дизайнерлар, шаҳарсозлар, урбанистлар, архитектура бюролари, студиялари, устахоналари, қурилиш компанияларининг лойиҳа бўлимлари, ихтисослаштирилган олий ўқув юртларининг талабалари ва журналистлар учун танлов. Умумий соврин жамғармаси 215 миллион сўмни ташкил этади. Танкилотчи – “КНАУФ ГИПС БУХАРА” МЧЖ ХК. Танловга аризалар 2023 йил 6 августгача қабул қилинади.

Юлия, ижозатингиз билан, суҳбатимизни касб танлаш масаласидан бошласак. Қандай қилиб сиз урбанистикани танлашга қарор қилгансиз?

“Шаҳарларни режалаштириш – қизиқарли ва мураккаб соҳа. Менинг иштиёқим ўсмирлик чоғимда, биноларни ва шаҳарни бошқача идрок қила бошлаганимда бошланди. Чиприана Порумбеску (Сучава шаҳри, Руминия) санъат коллежининг архитектура факультетида ўқиётганимда иштиёқим кучайди. Ўшанда мен Тасвирий санъат ва архитектура бўйича Миллий олимпиадада қатнашдим, сўнгра Ион Минку номидаги Архитектура ва урбанизм университетига (Бухарест) жойлашдим.

Кейинчалик шаҳарсозлик ва ер тузилиши лойиҳаларида ишладим. Ушбу тажриба менга шаҳар маконларини яратиш ва ўзгартириш жараёнида назария ва амалиёт қандай кесишиши ҳақида кенг қамровли тасаввурни берди.

Юлия Афлорей (Руминия)

Урбанист, NOVENSA компаниясининг ландшафт архитектори, FIP Consulting билан ҳамкорлик қилади. Mies van der Rohe Award EU Mies Award/YTAA, ART URBAIN FRANCE, «Jardins à la française au Château de la Huardière» каби халқаро архитектура мукофотлари ва танловларининг номинанти. 2014 йилда BNA мукофотининг ғолиби (лойиҳа: Маданий мерос архитектураси)

— Жамоат жойларини яратишга қарашлар ва ёндашувлар йилдан-йилга ўзгариб турадими?

– Ҳа. Энди урбанистлар ҳаёт сифатини яхшилайдиган, ўзаро ижтимоий муносабатларга ёрдам берадиган ва жамият эҳтиёжларини қондирадиган ечимларни изламоқда. Ўзгаришлар қуйидагиларга қаратилган:

1) жамиятни жалб қилиш.

Илгари қарорлар қабул қилишда жамоатчиликнинг чекланган иштироки билан мутахассислар ва ҳокимият вакиллари устунлик қилган. Бироқ, ҳозирги вақтда шаҳарсозлик жараёнига жамиятни жалб қилиш тенденцияси мавжуд. Бундай иштирок семинарлар, жамоатчилик маслаҳатлари ёки аҳоли билан бевосита ҳамкорлик шаклида бўлиши мумкин.

2) Барқарорлик ва атроф-муҳитга эътибор

Дизайнерлар энергияни бошқариш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш учун барқарор ечимлар билан барқарор жамоат жойларини яратишга эътибор қаратмоқда.

3) Мослашувчанлик ва қайишқоқлик

Бу қайта конфигурация ўзгаришига қодир бўлган кўп функцияли ҳудудларни лойиҳалашни кўзда тутади. Масалан, жамоат жойлари ҳам кўнгилочар, ҳам маданий тадбирларни ўтказиш, шунингдек, вақтинчалик бозорларга айлантириш учун мўлжалланган бўлиши мумкин.

4) Технологиялар интеграцияси

Рақамли технологиялар, сенсорлар ва ақлли тизимлардан фойдаланиш фойдаланувчилик тажрибасини яхшилайди. Шундай қилиб, ақлли жамоат ёритгичлари, йўл ҳаракати мониторинги тизими, маълумотларга кириш учун мобил платформалар ҳудудларнинг функционаллиги ва самарадорлигини оширади.

— Жамоат жойларини яратишнинг ҳозирги тенденциялари ҳақида гапириб берсангиз?

— Ҳозир шаҳар ҳудудларини қайта тиклаш ва ташландиқ ҳудудларни жонлантириш тенденцияси кучли. Бу жараён биноларни ва яшил майдонларни таъмирлаш, инфратузилмани яхшилаш, турар-жой ва савдо майдонларини ривожлантириш, дам олиш ва маданий объектларни яратишни ўз ичига олиши мумкин.

Шаҳар аҳолиси бугунги кунда аҳоли зичлиги ошиши, арзон уй-жойга бўлган талабнинг ортиши, очиқ ва инклюзив жойлар яратиш зарурати билан боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар жойларини регенерация қилиш орқали ушбу эҳтиёжларни қондириш ва жамоаларнинг ижтимоий ўзаро таъсири учун қулай муҳит яратишга ҳаракат қилинади.

Шаҳарларни қайта тиклаш янги иш ўринлари яратиш, инвестицияларни жалб қилиш, савдо ва саноат зоналарини жонлантириш орқали иқтисодий ривожланишга ёрдам беради. Шаҳарни қайта тиклашга сармоя киритган шаҳарлар янада рақобатбардош ва аҳоли, сайёҳлар ва бизнес учун мантункор бўлиб қолади.

— Замонавий урбанистлар қандай муаммо ва қийинчиликларга дуч келишмоқда?

— Муаммолардан бири бюрократия ва лойиҳаларни тасдиқлаш муддатлари бўлиб, улар шаҳарни режалаштириш ва ривожлантиришни кечиктириши ва мураккаблаштириши мумкин. Баъзида мувофиқлаштириш босқичлари экология, маданий, маҳаллий ҳокимият органлари, эксперт техник қўмитаси ва бошқаларнинг маъқуллашини ўз ичига олади.

Кечикишлар қўшимча харажатларга, бой берилган имкониятларга ва лойиҳанинг туриб қолишига олиб келиши мумкин, шунингдек, ўз ҳиссасини қўшишни хоҳлайдиган ишга қабул қилинган мутахассисларнинг хафсаласини пир қилади. Бундай муаммоларни ҳал қилишда мутахассислар, ҳокимият ва тегишли муассасалар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

— Сизда ижобий ва салбий таассурот қолдирган жамоат жойларидан мисоллар келтира оласизми?

— Мени ҳайратга солган жамоат жойларидан бири бу Испаниянинг Барселона шаҳридаги Гуэл истироҳат боғи (асосий фотосуратда) бўлди. Машҳур архитектор Антонио Гауди томонидан ишлаб чиқилган ушбу боғ табиат, архитектура ва санъатни жамоат майдонига бирлаштиришнинг ажойиб намунасидир. Парк органик элементлар, ёрқин ранглар ва фантастик шаклларнинг ўзига хос комбинациясини таклиф этади, улар эртак ва қувонч муҳитини яратади. У ердан сиз Барселона ва Ўрта ер денгизининг ажойиб панорамали манзарасига эга бўласиз.

Салбий таассуротлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мен Америка шаҳарларидаги мобиллик етарли даражада рағбатлантирилмаган баъзи ҳудудларини эслайман. Кўпинча йўл инфратузилмаси устунлик қилади ва пиёдалар учун жой чекланган ёки кам ривожланган. Жамоат жойлари барқарор шаҳар ҳаракатини таъминлайдиган тарзда ишлаб чиқилиши ва режалаштирилиши муҳимдир. Бу кенг ва хавфсиз пиёдалар йўлаклари, велосипед йўллари, жамоат транспортидан фойдаланишни осонлаштиришни назарда тутади.

— Айтингчи, Me’mor//2023  кўргазмасига тақдим этилган ишларни қандай мезонлар асосида баҳолайсиз?

— Мен инновациялар, концепция ва дизайн сифати, жамият ва атроф-муҳитга таъсири, барқарорлиги ва амалга оширилиши мумкинлиги, шунингдек, тақдимот ва алоқа сифатига алоҳида эътибор қаратаман. Менинг мақсадим шаҳар контекстига ажойиб интеграцияни намойиш этадиган ва инновацион ва барқарор ечимларни таклиф қиладиган ишларни аниқлашдир.

Me’mor//2023  номинациялари ва имкониятлари ҳақида memorcontest.uz сайтида батафсил билиш мумкин.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.