Жазирама иссиқда ўзимизни қандай тутишимиз керак

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, кечаси +25… +27 даража, кундузи эса +38… +43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Хатто жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +45…+47 даражагача кўтарилиши мумкин. Юртимиз аҳолиси бундай аномал иссиқ иқлим кунларида зарурат сезганда, “103” хизматига мурожаат қилиб, туну–кун сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин. Хўш, ёзнинг бундай жазирама об-ҳаво кунларида офтоб урмаслиги учун нима қилиш керак? Қандай кийиниш ва овқатланишимиз лозим? — бу саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев жавоб берди.

Қандай қилиб офтоб уришининг олдини олиш мумкин?

Жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин. Шунингдек, тана ҳароратини кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, хушдан кетиш ҳолатлари ҳам кузатилаши мумкин.

Бундай ҳолатларда қандай ёрдам кўрсатилади?

Офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошларни ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб бутун танасига ўралади, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади.

Бунинг олдини олиш учун…

Иложи борича куннинг биринчи ярмида бош кийим кийган ҳолда сайр қилиш, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.

Қандай кийиниш керак?

Ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади. Шунингдек, кийим танлашда матонинг рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигар ранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли матодан тикилган кийимлар эса, иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.