Журналистлар ва медиаларга мурожаат: Одам савдоси қурбонларини камситманг

“Истиқболи авлод” РИАМ раиси Нодира Каримова медиа вакилларини одам савдоси муаммосини ёритишда, жабрланувчиларга нисбатан камситишларга барҳам беришга,  журналистикада масъулият ва ахлоқ меъёрларига риоя қилишга чақирди.

Одам савдоси глобал муаммосини ёритишда журналистиканинг  юқори масъулият ва ахлоқ  стандартларига риоя қилишга чақирамиз. Сизларга жуда зарур илтимос билан мурожаат қиламиз: ушбу муҳим мавзуга оид материалларни нашр этаётганда муҳим ва долзарб масалага – одам савдоси қурбонларига нисбатан камситишларга барҳам беришга алоҳида эътибор беринг.

Podrobno.uz – Новости Узбекистана нашрининг 6-январдаги “Туркия Интерполи қидирувида бўлган “бузуқчилик баронессаси”ни Ўзбекистонга депортация қилмоқда” номли нашрида гумонланувчи “…турк фоҳишахоналарини ноқонуний равишда турли мамлакатлардан жинсий алоқа ходимлари билан таъминлаганлиги” айтилган. Кейинчалик тармоқларда шунга ўхшаш риторикалик кўплаб материаллар чиқарилди.

Аввало, одам савдоси оғир жиноят эканлигига эътибор қаратмоқчимиз ва дунёда қонун асосида одамларни “қонуний таъминлаш”га рухсат берадиган давлат йўқ.

Барча аёлларни “секс ходими” деб аташ нотўғри ва қабул қилиб бўлмайдиган нарса, чунки улар орасида зўравонлик, эксплуатация ёки бошқа ноқонуний ҳолатлар ёки оғир ҳаётий вазиятлар туфайли бундай аҳволга тушиб қолганлар бор ва шундайлар кўпчиликну ташкил этади.

Биз ушбу жиноятни таърифлашда халқаро ва миллий ҳуқуқий ҳужжатларда қабул қилинган сифатловчи атамалардан фойдаланишни талаб қиламиз. Акс ҳолда, стереотипларнинг шаклланиши натижасида ушбу жиноят ҳақидаги жамоатчилик фикри нотўғри шаклланиши мумкин.

Ушбу тенденция одамларга нисбатан менсимаслик ва эксплуатация қурбонига айланганларни янада камситиш истагини кўрсатадиган изоҳларда яққол кўринмоқда.

Бу изоҳлар тингловчиларда одам савдоси қурбони бўлганларга нисбатан ҳамдардлик ва раҳмдиллик йўқлигини кўрсатмоқда. Журналистлар нафақат жиноятларни ёритишга, балки одам савдосига туртки бўлаётган асл сабаб ва мотивларни ҳам кўриб чиқишга интилиши керак.

Одам савдоси қурбонлари билан ишлаш тажрибаси шуни кўрсатадики, аксарият одамлар ўсмирлик даврида қашшоқлик, оиладаги зўравонлик, ота-оналарнинг эътиборсизлиги ёки ёлловчиларнинг алдови ва фирибгарлиги натижасида шу соҳага тушиб қолишади. Ушбу тажрибадан маълум бўлишича, бу шафқатсиз доирадан чиқиб кетиш, янги ҳаёт бошлашга уринаётганда қанчалик кўп камситишларга дуч келсалар, шунчалик қийинроқ бўлади.

Журналистларнинг асосий вазифаларидан бири аҳолини одам савдоси мавжуд муаммо сифатида хабардор қилиш, бу муаммодан умумий хабардорликни оширишга ёрдам бериш ва ушбу жиноий бизнеснинг шахс ва жамоат хавфсизлигига, қонун устуворлигига таъсирини ва уюшган жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни тушунишдир. 

Дунёнинг деярли ҳар бир давлати одам савдосига маълум даражада алоқадор бўлиб, бу уни глобал муаммога айлантирмоқда. Одам савдоси бутун дунё бўйлаб ўн миллионлаб қурбонларга таъсир қиладиган жиноятдир. Ушбу ноқонуний бизнес тузоғига тушганлар даҳшатли шароитларга, озодликдан маҳрум қилиниш ва асосий ҳуқуқлардан, шу жумладан яшаш ва қадр-қимматни камситувчи муомаладан, қийноқлардан озод бўлиш ҳуқуқидан жудо бўлишга дуч келади. Афсуски, бу ҳолатдан озод қилингандан сўнг, улар кўпинча камситиш, нотўғри қараш ва стигматизация каби қўшимча қийинчиликларга дуч келишади.

Шунингдек, одам савдоси тўғрисидаги мақолаларни чоп этишнинг мумкин бўлган оқибатларини ҳам ҳисобга олиш, бу масала бўйича хабар беришнинг “Зарар қилманг!” тамойилига амал қилиш зарур. Нафақат муаммога эътиборни қаратиш, балки одам савдоси қурбонларига нисбатан камситмасдан ёндашиш асосида жамоатчилик фикрини шакллантириш зарур. Жабрланувчи ҳеч қачон унга қарши содир этилган жиноятда айбдор эмас.

Кўпинча одам савдоси ҳақидаги мақола ва материалларда жиноят тафсилотлари ва жиноятчиларнинг шафқатсизлигига эътибор қаратилади. Аммо шуни таъкидламоқчимизки, ушбу жиноятдан жабр кўрганларга ҳам эътибор қаратиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклашга ҳаракат қилиш зарур.

Медиалар холислик ва адолат тамойилларига амал қилиши, жабрланувчиларга нисбатан камситишларни қўзғатмасликлари, уларнинг шахсий маълумотларини ошкор қилмасликлари, жиноятчилар ёки уларнинг шериклари томонидан қасос олиш хавфини туғдирмасликлари керак. Одам савдосига қарши курашиш Ўзбекистон Республикаси давлат ва жамоат ташкилотларининг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасида туб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, одам савдосига қарши курашиш, гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш, замонавий қуллик қурбони бўлган аёллар, қизлар ва айниқса, болаларни ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлашга эътибор қаратилмоқда.

Одам савдосига қарши курашишнинг асосий тамойилларини белгиловчи Ўзбекистон Республикаси “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасига эътибор қаратишингизни қатъий тавсия қиламиз:

– Қонунийлик

– Одам савдогарлари учун жавобгарликнинг муқаррарлиги

– Одам савдоси қурбонларига нисбатан камситишларга йўл қўйилмаслик

– Ижтимоий ҳамкорлик.

Бундан ташқари, ушбу Қонуннинг 17-моддасида:

– Оммавий ахборот воситаларида одам савдосига қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, жумладан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда одам савдосига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тадбирларни ёритиши мумкин.

Журналист ва блогерларни “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонунга амал қилган ҳолда, одам савдосига қарши курашда бирлашишга чақирамиз. Профилактика дастурларини ишлаб чиқиш, хавф-хатарлар, ҳимоя ва жиноий жазо чораларини мониторинг қилиш ва хабардорликни оширишга алоҳида эътибор қаратиш керак.

Биргаликда ҳаракат қилиш орқалигина биз одам савдосидан жабр кўраётганларга овоз беришимиз ва улар дуч келган камситишларга қарши курашишимиз мумкин. Биргаликда биз саъй-ҳаракатларимизни ҳар бир инсон ҳурмат қилинадиган ва ҳеч қандай стереотипларсиз қабул қилинадиган жамият яратишга қаратишимиз керак.

2024 йил 10 январ

Нодира Каримова, “Истиқболи авлод” РИАМ раиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.