100 ёшдан ошганда турмуш қурган жуфтлик Гиннеснинг рекордлар китобига кириши кутилмоқда
Америкалик нуроний жуфтлик 100 ёшида турмуш қурган ҳолда Гиннеснинг рекордлар китобига кириши кутилмоқда.
Филадельфияда яшовчи 100 ёшли Берни Литтман ва 102 ёшли Маржори Фитерман Гиннеснинг рекордлар китобига 100 ёшдан ошганда турмуш қурган жуфтлик сифатида кириш учун ариза берган. Уларнинг никоҳ маросими қариялар уйида бўлиб ўтган.
Литтманнинг набираси Сара Зичерман бобосининг касби мусиқачи бўлганини айтади. Унинг аввалги никоҳи 65 йил давом этган. Рафиқаси вафотидан сўнг бобоси қариялар уйига жойлашган ва у ерда Фитерман билан танишган. Фитерман ҳам 60 йил бирга яшаган турмуш ўртоғидан айрилган.
Шуниси эътиборга лойиқки, Берни Литтман ва Маржори Фитерман бир вақтлар битта университетда ўқиган, аммо ўша пайтда бир-бирини танимаган.
Айтишларича, ушбу жуфтлик ўртасидаги ишқий муносабатлар тўққиз йил олдин бошланган.
“Бобом уйланмоқчи эканини айтганида бизни жуда ҳайратда қолдирди. Улар расман никоҳдан ўтади, деб ўйламагандик. Лекин бобом шу фикрда туриб олди ва улар турмуш қуришди”, – дея қўшимча қилди Сара.
Шарҳлар