Ливанда Исроил зарбалари оқибатида бир кунда 105 киши ҳалок бўлди
Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, Исроил ҳарбийлари берган зарбалар оқибатида бир кеча-кундузда 105 киши ҳалок бўлиб, 359 киши яраланган, деб ёзади “Коммерсантъ”. Ливан жануби, Бекаа ва Баалбек-Хермелдаги шаҳар ва қишлоқлар ҳамда Байрутнинг жанубий чеккалари ҳужумларга учраган.
БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича агентлиги (UNHCR) маълумотларига кўра, 29 сентябрь ҳолатига, Ливанни 70 мингдан ортиқ одам тарк этган. Ўша куниёқ мамлакат бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати 1 миллионга яқин аҳоли мамлакат ичида бошқа жойга кўчирилганини маълум қилганди. Шунингдек, Микатининг сўзларига кўра, 118 минг киши айни пайтда 778 та бошпанада жон сақламоқда.
Исроил 23 сентябрь куни Ливанга ҳужум операцияси ҳақида эълон қилди. Бир неча кун ичида “Ҳизбуллоҳ”нинг 30 га яқин етакчиси, шу жумладан, унинг бош котиби Ҳасан Насрулло ўлдирилди. 12 кун ичида 1030 киши ҳалок бўлиб, яна 6,3 минг киши яраланган.
Шарҳлар