11 сентябрь терактларининг уч нафар ташкилотчиси ўз айбларини тан олишга рози бўлди

Foto: Getty Images

2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда содир этилган терактларни ташкиллаштиришда айбланаётган уч киши — Халид Шайх Муҳаммад, Валид бин Атташ ва Мустафо ал-Хавсавий ўлим жазосидан озод этилиши эвазига ўз айбларига иқрор бўлишга рози бўлди, деб ёзади “Коммерсантъ”. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳарбий комиссиялари бўйича бош прокурор бошқармаси хатида айтилади. Ушбу шахслар 2003 йилдан буён АҚШда ҳибс остида қолмоқда.

The New York Times газетаси эълон қилган, терактлар қурбонлари оилаларига йўлланган хатда айтилишича, ушбу уч нафар айбланувчи эҳтимолий жазо сифатида ўлим жазосининг бекор қилиниши эвазига, ўзлари айбланаётган барча жиноятларда, шу жумладан, 2976 кишининг ўлимида ўзларини айбдор деб тан олишга рози бўлган.

Айбланувчилар Гуантанамо қамоқхонасида сақланмоқда. Айбга иқрор бўлиш ҳақидаги музокаралар 27 ой давом этган. NYT ёзишича, Халид Шайх Муҳаммад 59 ёшда. АҚШ ҳукумати фикрича, у терактни амалга ошириш учун самолётларни олиб қочиш бўйича режа муаллифларидан бири бўлган. 1996 йилда у ўз ғоясини “Ал-Қоида” собиқ етакчиси Усама бин Ладенга тақдим этган. Шундан кейин Валид бин Атташ (45 ёш) ва Мустафо ал-Хавсавий (55 ёш) билан бирга террорчиларни машқ қилдиришда ёрдамлашган.

2001 йил 11 сентябрь куни “Ал-Қоида” жангарилари тўртта йўловчи самолётини эгаллаб олган эди. Иккита самолётни террорчилар эгизак биноларга йўналтирган, яна биттаси Пентагон биносига бориб урилган, тўртинчиси эса Пенсильванияга қулаган эди. Ҳужумлар оқибатида 19 нафар жангаридан ташқари, 2976 киши ҳалок бўлиб, яна 24 киши бедарак йўқолган. Теракт қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг йиригига айланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.