Пентагон 11 сентябрь терактлари ташкилотчилари билан келишувни бекор қилди
АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин 2001 йил 11 сентябрь терактларининг бош ташкилотчиси деб гумон қилинаётган Халид Шайх Муҳаммад ва яна икки айбланувчи тергов билан тузган судгача келишувни бекор қилди, деб ёзади DW.
Пентагон раҳбари теишли қарорни 2 август куни чиқарган. Тергов билан битим тузиш ҳақидаги қарорнинг аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, “бундай қарор учун жавобгарлик менинг зиммамда бўлиши керак”, дея аниқлик киритди Остин.
Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни 2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йоркда содир этилган терактларни ташкиллаштиришда айбланаётган уч киши — Халид Шайх Муҳаммад, Валид бин Атташ ва Мустафо ал-Хавсавий ўлим жазосидан озод этилиши эвазига ўз айбларига иқрор бўлишга рози бўлган эди.
Ушбу уч нафар айбланувчи эҳтимолий жазо сифатида ўлим жазосининг бекор қилиниши эвазига, ўзлари айбланаётган барча жиноятларда, шу жумладан, 2976 кишининг ўлимида ўзларини айбдор деб тан олишга рози бўлган.
Айбланувчилар Гуантанамо қамоқхонасида сақланмоқда. Айбга иқрор бўлиш ҳақидаги музокаралар 27 ой давом этган. NYT ёзишича, Халид Шайх Муҳаммад 59 ёшда. АҚШ ҳукумати фикрича, у терактни амалга ошириш учун самолётларни олиб қочиш бўйича режа муаллифларидан бири бўлган. 1996 йилда у ўз ғоясини “Ал-Қоида” собиқ етакчиси Усама бин Ладенга тақдим этган. Шундан кейин Валид бин Атташ (45 ёш) ва Мустафо ал-Хавсавий (55 ёш) билан бирга террорчиларни машқ қилдиришда ёрдамлашган.
Шарҳлар