Саудия Арабистонида ҳаж чоғида 1301 нафар зиёратчи ҳалок бўлган
Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазири Фаҳд бин Абдул Раҳмон ал-Жаложил маълум қилишича, ҳаж даврида 1301 нафар зиёратчи ҳалок бўлган. Уларнинг 83 фоизида тегишли виза бўлмаган, шу сабабли улар қуёшдан ҳимояланиш имкониятига эга бўлмаган ҳолда катта масофаларни босиб ўтишига тўғри келган. Вафот этганлар Маккага дафн қилинган, деб ёзади “Коммерсантъ”.
Вазир ушбу маълумотни “Ал-Ихбария” давлат телеканали эфирида эълон қилган. 95 нафар зиёратчи касалхоналарда даволанмоқда, уларнинг баъзилари Ар-Риёдга етказилган. Ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаш жараёни чўзилиб кетган, чунки кўпчилигининг ёнида ҳужжатлари бўлмаган.
Қурбонларнинг 660 нафари мисрликлар бўлиб, уларнинг бор-йўғи 31 нафари мамлакатда бўлиб туриш ҳуқуқига эга бўлган. Миср зиёратчиларга ноқонуний равишда Саудия Арабистонига жўнашда ёрдам берган 16 та сайёҳлик агентлигини лицензиядан маҳрум қилди.
Шунингдек, ҳалок бўлганлар орасида 165 нафар индонезиялик, 98 нафар ҳиндистонлик ва ўнлаб Иордания, Тунис, Марокаш, Жазоир ва Малайзия фуқаролари бор. Бундан ташқари, етти нафар россиялик ва икки америкалик ҳам вафот этган. Кўпчилик ҳолатларда ўлим кучли жазирама фонида жисмоний чарчоқ ва сувсизланиш оқибатида юз берган.
Бу йил ҳаж 14 июндан 19 июнгача давом этди. Унда 1,8 миллион киши қатнашди. Кундузи ҳаво ҳарорати 46—49 даража атрофида бўлди.
Шарҳлар