Россияда Украина зарбасидан кейин кўп қаватли уй қулади, 15 киши ҳалок бўлди
Россиянинг Белгород шаҳрида кўп хонадонли уйнинг подъезди қулаб тушганидан кейин қидирув-қутқарув ишлари ва вайроналарни тартибга келтириш жараёни якунланди, деб ёзади “Коммерсантъ”. 17 киши қутқариб олинди, 15 киши ҳалок бўлди.
Ҳодиса 12 май, якшанба куни эрталаб юз берган. Россия Мудофаа вазирлиги шу куни Белгород осмонида ракеталар йўқ қилингани ҳақида хабар берганди. Снарядлардан бирининг парчалари турар жойга келиб тушган. Таъкидланишича, Украина “Точка-У” ракеталари, Vampire ҳамда “Ольха” баравар ўт очиш реактив тизимлари снарядлари билан зарба берган.
Саккизта подъезддан биттасидаги 10 қаватнинг барчаси қулаб тушган, у ерда 40 та хонадон жойлашган. Вайроналарни кўздан кечириш чоғида том қулаб тушган. Уч нафар қутқарувчи шикастланган. Ҳудудий маъмурлар 12 май куни кечқурун бино қулаши оқибатида 20 киши жабрланганини маълум қилганди.
Шарҳлар