Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли Чеченистон спорт вазири этиб тайинланди
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг 18 ёшли ўғли Аҳмад республиканинг жисмоний тарбия ва спорт вазири этиб тайинланди, деб ёзади “Коммерсантъ”. 2024 йил февралидан у ёшлар ишлари бўйича вазир бўлиб ишлаб келаётганди. Энди эса бу лавозимни 2022 йил февралидан буён “Аҳмад” спорт клубига раҳбарлик қилиб келган Рамзан Висмурадов эгаллайди.
Чеченистон жисмоний тарбия вазири лавозимида ишлаб келган Иса Ибрагимов республика раҳбари администрацияси раҳбари ўринбосари лавозимига ўтказилди. “Шунга мутлақо аминманки, юқори лавозимларга тайинланганларнинг барчаси уларга билдирилган ишончни тўлиқ оқлайди. Уларнинг ҳаммаси жамоанинг муносиб аъзоларидир”, — деб ёзди Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўз Телеграм-каналида.
18 ёшли Аҳмад 2022 йилдан бери Чеченистон раҳбари маслаҳатчиси, Россия болалар ва ёшлар ҳаракатининг ҳудудий раиси лавозимини эгаллаб келаётган эди. 2023 йил ноябрида у Чеченистон жисмоний тарбия вазири ўринбосари, шу йил февралида эса ёшлар ишлари бўйича вазир этиб тайинланган. У республика парламентининг олий ордени — “Ватан шарафи” ҳамда Қодиров ордени билан тақдирланган.
Шарҳлар