2024 йилги Тиббиёт бўйича Нобель мукофотини Массачусетслик олимлар олди
Физиология ва тиббиёт бўйича Нобель мукофоти микроРНК ва унинг генлар посттранскрипцион регуляциясидаги ролини кашф этгани учун олимлар Виктор Амброс ва Гэри Рувкунга топширилди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.
Қўмитада таъкидланишича, олимлар генлар регуляциясида ҳал қилувчи рол ўйнайдиган РНК нинг янги синфини кашф этишган.
«Уларнинг инновацион кашфиёти генлар регуляциясининг мутлақо янги тамойилини аниқлади, бу эса одамларни ҳам қўшганда, кўп ҳужайрали организмлар учун муҳим бўлиб чиқди. Ҳозирги кунда инсон геноми мингдан ортиқ микроРНК ни кодлаши маълум. Уларнинг ажойиб кашфиёти генлар регуляциясининг мутлақо янги қиррасини кўрсатди. МикроРНК организмларнинг ривожланиши ва фаолият юритиши учун фундаментал аҳамиятга эга бўлиб чиқди», – дейилади хабарда.
1980-йилларнинг охирида Виктор Амброс ва Гэри Рувкун 2002 йилда Сидней Бреннер ва Жон Салстон билан бирга Нобель мукофотини олган Роберт Хорвиц лабораториясида докторантлар эди.
Амброс ва Рувкун турли генетик дастурларнинг фаоллашув вақтини бошқарадиган, турли хил ҳужайра турларининг керакли вақтда ривожланишини таъминлайдиган генлар билан қизиқишарди. Улар ривожланиш давомида генетик дастурларнинг фаоллашув вақтида нуқсонларни намойиш этган чувалчангларнинг иккита мутант штаммини ўрганишди. Лауреатлар мутацияга учраган генларни аниқлаш ва уларнинг вазифаларини тушунишни исташди.
Амброс докторлик тадқиқотидан сўнг Гарвард университети лабораториясида ишини давом эттирди. Шу билан бир вақтда, Гэри Рувкун Массачусетс умумий касалхонаси ва Гарвард тиббиёт мактабидаги ўз лабораториясида тадқиқотлар олиб борди.
Олимлар ҳақида нима маълум?
Виктор Амброс 1953 йилда АҚШнинг Нью-Гэмпшир штатидаги Ганноверда туғилган. У Массачусетс технология институтида фалсафа доктори даражасини олган, 1979-1985 йилларда у ерда докторлик тадқиқотларини олиб борган. Кейинчалик у Гарвард университетининг бош тадқиқотчиси бўлди, Дартмут тиббиёт мактабининг профессори бўлди, ҳозир эса Массачусетс университети тиббиёт мактабида Силверман табиий фанлар профессори.
Гэри Рувкун 1952 йилда АҚШнинг Калифорния штатидаги Берклида туғилган. У 1982 йилда Гарвард университетида фалсафа доктори даражасини олган, Массачусетс технология институтининг доктори бўлган. Кейинчалик у Массачусетс умумий касалхонаси ва Гарвард тиббиёт мактабининг бош тадқиқотчиси бўлди, ҳозир у ерда генетика профессори.
Нобель ҳафтаси
Таъкидлаш керакки, 7 дан 14 октябргача анъанавий Нобель ҳафтаси давом этмоқда. 8 октябрда физика бўйича ғолиб эълон қилинади, 9 октябрда – кимё бўйича, 10 октябрда – адабиёт бўйича, 11 октябрда Нобель тинчлик мукофоти топширилади, 14-санада эса Альфред Нобель хотирасига иқтисодиёт фанлари бўйича Швеция марказий банки мукофоти топширилади.
Шарҳлар