2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсларнинг реестри юритилади
Ўзбекистон президенти “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Тазйиқдан жабрланган шахсларга руҳий инқироз ҳолатида бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида, шошилинч қабул бўлимларида туну кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади:
- 2024 йил 1 июндан Жиззах, Навоий ва Хоразм вилоятларида;
- 2024 йил 1 октябрдан республиканинг қолган барча ҳудудларида.
Бирламчи кўмак хоналарида:
- жисмоний ва руҳий ҳолатини яхшилаш учун тазйиқ ва зўравонликка учраган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ҳамда уларнинг вояга етмаган фарзандлари уч суткадан кўп бўлмаган муддатга жойлаштирилади;
- шошилинч биринчи ёрдам, шу жумладан руҳий, психотерапевтик ёрдам кўрсатилади, шунингдек, юқумли касалликлар мавжудлиги тўғрисида таҳлиллар ўтказилади.
2024 йил 1 октябрдан ҳимоя ордери берилган ҳар бир ҳолатда тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастури “Инсон” марказлари билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
2025 йил 1 январдан ички ишлар органлари томонидан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
2024 йил 1 декабрдан бир календарь йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилади.
Шарҳлар