2026 йилга келиб Латвияда рус тилидан иккинчи чет тили сифатида воз кечишмоқчи
Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Давлат асосий таълим стандарти тўғрисидаги қоидаларда назарда тутилган, деб ёзади Delfi. Ҳозирги кунда латвиялик мактаб ўқувчилари инглиз тилини биринчи чет тили сифатида ўрганмоқда. 4-синфда иккинчи чет тили қўшилади ва Таълим вазирлигининг маълумотларига кўра, мактабларнинг деярли ярмида бу рус тили ҳисобланади.
2025 йил 1 сентябргача ушбу тилни танлаган мактаб ўқувчиларигина 9-синфни тугагунга қадар уни ўрганишлари мумкин бўлади.
Кейин иккинчи чет тили фақат Европа Иттифоқи ёки Европа иқтисодий ҳудудининг расмий тилларидан бири ёки таълим бўйича ҳукуматлараро шартномаларда кўрсатилган тиллардан бири бўлиши мумкин. Рус тили уларнинг орасида йўқ.
Рус тилининг босқичма-босқич немис, француз ва бошқа тилларга алмаштирилиши Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ўқитувчилар тайёрлаш учун вақт зарурлиги – уларнинг етарли эмаслиги билан изоҳланди.
Халқ таълими вазирлиги режасини жамоатчилик муҳокамаси чоғида хусусий шахслардан кўплаб эътирозлар келиб тушди. Вазирлар улар билан танишди, бироқ эътирозларга қарши устунда улар «эътиборга олинмаган» деб кўрсатилди, дея аниқлик киритди Delfi.
Шарҳлар